Ўзбекистон: Сенатор Сафоев Каримовнинг "ўзбек модели"ни - нотўғри сиёсат деди

Сафоев Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

Олий Мажлис сенати раисининг биринчи ўринбосари Ўзбекистоннинг биринчи Президенти олиб борган 5 тамойилга асосланган ўзбек моделини "нотўғри сиёсат", деди. У шунингдек, ҳозирги ҳукуматнинг инвестиция жалб қилиш борасидаги ёндошувини ҳам танқид қилди.

Сафоев парламент юқори палатасининг 21-ялпи мажлисида ҳудудларга инвестицияларни жалб этиш мавзусида маърузасида ислоҳотлар осон бўлмаслигини айтган.

"Ислоҳотлар ҳеч қачон осон ўтмайди. Айниқса бошланғич босқичда доимо зиддиятларни кескинлаштиради. Бу, айниқса, ўзгаришларни кечиктирган, амалга ошириш вақти анча аввал ўтиб кетган чораларни эндигина рўёбга чиқара бошлаган жамиятларга хос. Шу жумладан, афсуски, Ўзбекистонга ҳам", дея Сафоевнинг сўзларидан иқтибос келтирган кун.уз сайти.

Сафоев Ўзбекистон киши бошига тушадиган ялпи маҳсулот улуши бўйича дунёнинг иккинчи юзталигидаги давлатлар орасига тушиб қолишида, вақтида ўтказилмаган ислоҳотларни сабаб қилган.

"Шунинг натижасида бизда ишчи кучимизнинг учдан бири - қишлоқ хўжалигида. Бу - қолоқликнинг биринчи кўрсаткичларидан бири. Миллионлаб ҳамюртларимиз четда иш қидириб юришга мажбур бўлди".

Сенатор Сафоев уч йил олдин Президент Шавкат Мирзиёев "жасорат билан мамлакат ривожида бурилиш ясамаганида, бизнинг жамиятимиз, иқтисодиётимиз ҳалокат ёқасига бориб қолган эди", деган.

Бугун иқтисодий сиёсатимизга чуқур ва пухта ўйланган довюраклик... Кўп йиллар биз аста-секин, ўзбек модели... деб юрдик. Бу - нотўғри бўлган сиёсат. Мана бугун бу тўғриланмоқда", - дея таъкидлаган Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

Инвесторларга ош бериб, тўн кийдиришимиз зое

Сенат раисининг биринчи ўринбосари, шунингдек, ҳозирги ҳукуматнинг инвесторларни жалб қилиш сиёсатини танқид қилган.

"Сармоядорларга биринчи навбатда қонуний кафолат керак. Биз уларга берган ошимиз, кийдирган тўнларимиз зое. Уларга бу нарса керак эмас. Уларга аниқ қонун ва имкониятлар керак. Шуни тушунишимиз керак", - деган у.

Содиқ Сафоев хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар билан учрашувларда қонун ҳужжатларининг барқарор эмаслиги, бир-бирига зид нормалар мавжудлиги уларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётгани ҳақид гапирган.

"Мамлакатимизнинг инвестициявий фаолиятини тартибга солувчи қонунларни такомиллаштириш тўғрисида давлат раҳбарининг қатор топшириқлари, шу жумладан «Инвестиция ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳақидаги топшириқлари бажарилмаяпти. Бир нечта концепциялар ва қонун лойиҳалари кўрсатилган муддатлари ўтиб кетди", - деди Сафоев.

Давлат бюджети фуқаролар учун ҳам очиқ бўлади

Ўзбекистон Олий мажлис сенатининг 21 - ялпи мажлиси иккинчи иш кунида бир неча муҳим қонунлар қабул қилинди.

Давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтирилади.

Давлат ва маҳаллий бюджетни шакллантириш ва унинг ижросини таъминлаш жараёнини фуқаролар бевосита назорат қилишлари, кузатиб боришлари ва унга аралашишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, бюджетни шаллантириш, уни қабул қилиш ва ижросини назорат қилишда шаффофлик таъминланади.

Олий Мажлис сенатининг 21 - ялпи мажлиси иккинчи иш кунида муҳим янгиликларни Би-би-си мухбири Аваз Тоҳиров Тошкентдан тайёрлаган лавҳада томоша қилишингиз мумкин.

Ўзбек модели

Ўзбекистоннинг "ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли - ўзбек модели" биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси бўлганлиги айтилади.

"Машҳур беш тамойилга - иқтисодиётнинг сиёсатдан устуворлиги, давлат - бош ислоҳотчи, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишга асосланган ана шу модель бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш стратегияси сифатида барча амалий ишларимизнинг мустаҳкам пойдевори, тараққиётимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди", деб ёзади биринчи президент сайти.

Бироқ мутахассилар ушбу моделни танқид қилиб келишган.

Ўзбек моделининг сенат трибунасидан танқид қилиниши илк маротаба кузатилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek