Ўзбекистон: Қадимий ипак йўлидан замонавий тамаддунга

Сиёб бозори

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон миллий тараққиётнинг янги босқичига кўтарилганини айтди. Президентнинг баёноти ўзбек расмийлари хорижий экспертлар билан бирга Ўзбекистоннинг халкаро имижи ва янги брендини яратиш мавзусини муҳокама қилаетган бир пайтда янгради.

Ўзбекистонга сафар қилган Би-би-си мухбири Паҳлавон Содиқ айни мавзудаги баҳсларни яқиндан кузатди.

Ўзбекистон жаҳон харитасида пайдо бўлганига 28 йил тўлмоқда.

Бу қарийб 2800 йиллик Самарқанд тарихининг юздан бири, дегани.

Қадимий Ипак йўли чорраҳасидаги Ўзбекистон жаҳон туризм харитасида ўз ўрнини эгаллаши учун, сайёҳлар сонини келаётган йилларда 10, келажакда эса, эҳтимол, 100 баробарга ошириши керак бўлади.

Ва гап фақат Самарқанд ва Бухоро сингари қадимий Ипак Йўли шаҳарлари ҳақида бораётгани йўқ.

Гап Ўзбекистон деган яхлит ва янги брендини яратиш ҳақида бормоқда.

Ўзбекистоннинг ташқи ишлар ва туризм расмийларига кўра, бу бренд фақат ўтмишдаги тарихий ва маданий меъросни эмас, балки мамлакатда бошланган ислоҳотлар, бозор иқтисодиёти ва демократик тенденцияларни ҳам ўз ичига олиши кутилади.

Ўзбекистон бугун нафақат қадимги Ипак йўли чорраҳаси, балки муҳим тарихий бурилиш нуқтасида ҳам турибди.

Мамлакат туризм саноатини жамиятнинг бошқа соҳаларида бошланган ислоҳотлардан айри тасаввур қилиш қийин.

Ғарблик дипломатлардан бирининг таъбирича, ҳозирда Ўзбекистон олдида турган савол - мамлакат "тарихий ёдгорликларга бой қадимий давлат бўладими ёки замонавий меъморчиликка эга илғор давлатга айланадими?"

Хорижликларнинг мамлакат бренди ҳақидаги тасаввурлари турлича.

Сайёҳлар учун бу хизмат кўрсатиш даражаси, тарих ва маданият, инвестор учун эса сармоя муҳити ва қонун устуворлиги муҳим.

Яқин ўтмишда Ўзбекистон ўз бренди ҳақида бугунгичалик қайғурмаган.

Аммо вазият ўзгармоқда. Бугун расмийлар халқаро имижга шунчалик аҳамият беришмоқдаки, хатто олий ўқув юртларида "имижмейкинг" бўйича махсус курслар ташкил этиш ҳақида ҳам гапирилмоқда.

Аммо ҳозирча имижмейкер мутахассислар кўп бўлмаган бир шароитда, мамлакатнинг имижини яратаётганлар асосан оддий ўзбекистонликлар.

Аслида 2750 йилдан буён ўзгармай келаётган нарса ҳам маҳаллий ҳалқнинг меҳмондўстлиги. Буни биз суҳбатлашган сайёҳлар ҳам эътироф этишади.

"Одамлар жуда ҳам катта ёрдам беришади. Сайёҳларни таниб олишади. Ҳол-аҳвол сўрашади, маълумот берадилар", дейди россиялик сайёҳ.

"Биз кўплаб самарқандликларни учратдик. Улар жуда самимий, меҳмондўст. Ўзимизни жуда хавфсиз ҳис қилдик. Тезроқ уйга қайтиб, олган видеоларимни тайёрлашга ошиқяпман. Масжидларни, минораларни тасвирга олганман. Бу тасвирлар ўзбекистонликларга ма'қул бўлади, деб ишонаман", дейди канадалик блогер Бонн Смит.

Ҳиндистонлик блогер Шенаҳ Трейжур эса сайёҳларни олиб келиш бурчи бўлиб қолганини эътироф этади.

"Одамларингиз ажойиб. Жуда ҳам самимий, жуда ҳам меҳмондўст. Мамлкатингизга кўпгина сайёҳларни олиб келиш бундан буён бизнинг бурчимиз, деб биламан".

Яқин ўтмишда Ўзбекистоннинг мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги имижи одамлардан алоҳида тушунилган ҳолатлар бўлган. Аммо бир мамлакатнинг имижи айнан унинг халқи, оддий одамлар атрофида қурилишини яхши биламиз

"Ўзбекистон расмийлари, хусусан, президент билан учрашувда шунга амин бўлдикки, улар Ўзбекистоннинг келажаги борасида аниқ стратегияга эгалар. Ва муҳими, бу стратегия ЮНЕСКОнинг ҳам мандати бўлган тамал принциплар асосига қурилган. Яьни таълим, маданият, мерос, илм-фан ва ахборот соҳалари. Айтишим мумкинки, биз муносабатларда янги саҳифа очяпмиз. Жумладан, матбуот соҳасида янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз. Бу соҳадаги қонунчилик жуда муҳим", - дейди ЮНEСКО Бош директори ўринбосари Николас Кассианидес.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek