Путин, Мирзиёев ва Толибон: Россия ўз геосиёсий қудратини кучайтирмоқчи

Путин, Мирзиёев ва Толибон: Россия ўз геосиёсий қудратини кучайтирмоқчи, минтақанинг янада кўпроқ давлатларида ўзининг геосиёсий манфаатларини парваришламоқчи...

Расмий Москва кутилмаган баёнот билан чиқди, уларнинг бу баёнотини ҳатто сиёсий таҳлилчилар ҳам "қизиқ", дея қарши олишди.

Россия расмий Тошкент ҳам бефарқ бўлмаган ва аллақачон ўзининг ижобий фикрини билдирган жараёнга бош қўшиш ниятини эълон қилди.

Агар, АҚШ ва Толибон ҳайъати Қатар пойтахти Доҳада тинчлик битимига эришса, нафақат унинг имзоланиш жараёнида иштирок этиш, ҳатто, кафолатчи бўлиш истагини ошкора ва расман баён этди.

Ўзбекистон Толибон раҳбариятини илиқ қаршилашига Афғонистон ҳукумати норозилик билдирди

Ўзбекистон: Каримовни қўрқитган Толибон Мирзиёев билан қандай тил топишди?

Дунё, Ўзбекистон ва Афғонистон: Толибон билан музокаралар тинчлик келтирадими ё аксинча?

Ўзбекистон, Қатар, Россия: Толибон қудратга қайтса, ўзгармоқчими?

Худди шу манзарада Доҳанинг ўзида бу икки музокарачи томон ўртасида ўтган ҳафта бошланган тўққизинчи босқич музокаралар бугун ҳам давом этган.

Музокарачилар ҳали икки кун аввал тинчлик битими пишиб қолгани ҳақида баён қилишган, ҳатто, унинг қачон имзоланиши санаси ҳам шу якшанба куни, деб эълон қилинган.

Аммо кутилмаганда, яна музокаралар чўзилиб кетган, нега бундай бўлгани тафсилотлари эса, кенг матбуотга ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

Агар, шу пайтгача имконли бўлган хабарларга таянилса, АҚШ ва Толибон вакиллари икки масала хусусида келишиб олишган.

У ҳам бўлса, АҚШ қўшинларининг Афғонистондан буткул сафарбарлиги ва бунинг эвазига Толибоннинг бирор бир жангари гуруҳга Афғонистонни хавфсиз жаннатга айлантирмаслик ваъдаси.

Аммо Афғонистонда тинчликка замин яратиши мумкин бўлган доимий оташкесим ва толибларни ҳам ўз ичига олувчи янги афғон ҳукумати масаласи тақдири ҳануз ноаёнлигича қолмоқда.

Айрим хабарларга кўра, бу мавзу Толибон ҳайъати ва Афғонистон вакиллари иштирокидаги афғонлараро мулоқот чоғида ҳал қилинади.

Лекин бу мулоқот қачон ва қандай шаклда амалга ошиши, унда Афғонистон ҳукумати ҳам ҳозир бўлиши-бўлмаслиги саволи ҳали-ҳамон очиқлигича қолмоқда.

Афғонистон Толибон ҳаракати "қўғирчоқ ҳукумат" эканини айтиб, шу пайтгача расмий Кобул билан музокаралар олиб боришдан қатъий бош тортиб келган.

Бу каби воқеълик, бошқа томондан, имзоланиши кутилаётган тинчлик битими фақат икки музокарачи томон ўртасида бўлиб қолиши, толиблар бундан буёғига ҳам афғон ҳукумат кучларига қарши ҳужумларини давом этдириши мумкинлигига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP/GETTY IMAGES

Бошқа томондан, расмий Кремлнинг истаги билан боғлиқ янгилик ва Доҳадаги музокаралар Россиянинг Толибон ҳаракати билан "яқинлашиш" саъй-ҳаракатлари манзарасида кузатилган.

Россия томони буни фақатгина умумий хавф - ИШИД таҳдидига қарши иттифоқ мазмунида изоҳлаган.

Аммо экспертлар буни Россия ва президентининг янада узоқларни кўзлаган геосиёсий манфаатларига йўйишган.

Расмий Кремль худди Толибон каби Афғонистон, яъни ўзининг жанубий чегараларидан аксарияти америкалик бўлган хорижий иттифоқ қўшинларининг бутунлай чиқиб кетишига эришиш истаги билан талқин қилишган.

Уларга кўра, воқеаларнинг бу каби ривожи расмий Кремлга АҚШнинг зиддига Марказий Осиё дохил минтақада ўзининг таъсирини янада мустаҳкамлаш, геосиёсий манфаатларини янада парваришлаш ва ўзининг геосиёсий қудратини янада кучайтириш имконини беради.

Россия томонининг сўнгги баёнотига ҳозирча расмий Тошкентнинг муносабати маълум эмас.

Расмий Москваники билан қиёсланганда, АҚШ томони шу пайтгача Ўзбекистон ҳукуматининг афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган сўнгги дипломатик саъй-ҳаракатларини расман ва ошкора қўллашини баён этиб келган.

Бу каби изҳоротлар Вашингтон қолиб, Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ҳам қайта-қайта такрорлаган.

Афғонистон Толибон ҳаракатининг Доҳадаги сиёсий идораси раҳбари бошчилигидаги ҳайъат яқинда Ўзбекистонда бўлиб қайтган.

Ҳар икки томоннинг Тошкентда кечган музокаралардан бирдек мамнун қолганликлари кўрилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Бу мулоқотлар чоғида ҳам умумиятла Афғонистондаги тинчлик жараёнлари масаласи муҳокама этилганини билдирган расмий Тошкент буни ўзбек дипломатиясининг ютуғи, деган фикрни бўлишган.

Толибон ҳайъати жума намозини Самарқанд, Қурбон Ҳайити намозини Тошкентда ўқиган, яна Бухорони кўриб қайтишга ҳам улгурган. Зарбоф тўнли, дўппию қийиқли бўлган.

Меҳмонлар шарафига базмлар ҳам уюштирилган.

Буларнинг барчаси ҳақида яна толибларнинг ўзлари хабар беришган.

Бу Толибон ҳайъатининг қарийб бир йилнинг ўзида Тошкентга амалга оширган иккинчи амалий ташрифи бўлган.

Мулоқотчи томонлар ўртасидаги бу каби илиқлик экспертлар қолиб, расмий Кобулни ҳам беэътибор қолдирмаган.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий қабул ва музокаралар динамикасидан мамнун эмасликларини расман изҳор этиб чиққан.

Ўзбекистон томони ҳалича уларнинг бу каби эътирозларига ошкора ўзининг муносабатини билдирмаган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати воқеаларнинг расмий Кремль билан боғлиқ сўнгги ривожи хусусида фикрини сўраб, Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовга мурожаат қилди.

Кўринг-чи, қани, сиз нима дейсиз? Ўз фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашишни ҳам унутманг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek