Ўзбекистон: Мирзиёев парламент сайловларида ёшларга имконият берилишига ишоняпти

Smartgov Consulting маслаҳат фирмаси ижрочи директори Азиза Умарова Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.ru
Image caption Smartgov Consulting маслаҳат фирмаси ижрочи директори Азиза Умарова депутатликка номзодини қўйишни билдирган

Президент Шавкат Мирзиёев Мустақилликнинг 28 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида мамлакат сиёсий ҳаётида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин бўлган ишоралар берди. Президент декабрда парламентга бўлиб ўтадиган сайловда ёшлар учун янги имконият очиб беришига ишонишини айтди.

Давлат раҳбари, шунингдек, демократик жараёнлар энди ортга қайтмаслигини таъкидлади.

31 август куни "Ўзбекистон" халқаро анжуманлар саройида сўзлаган Шавкат Мирзиёев декабрда ўтиши керак бўлган парламент сайловини катта сиёсий воқеа дея баҳолаган.

"Бу сайловлар бутун халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг орзу-интилишларини ифода этиб, улар учун янги имкониятлар очиб беради, деб ишонаман. Бугунги кунда қанча-қанча билимли, нуфузли хорижий университетларда таҳсил олган, чет тилларни, замонавий бошқарув усулларини яхши биладиган навқирон ёшлар ҳаётимизга кириб келмоқда", деган Президент.

Мирзиёев хорижда ўқиб келган ёшларга ишонишини ва уларга масъул лавозимга тайинлашда давом этишини билдирган.

"Улар бизнинг умидимиз, эртанги кунимиз. Шунинг учун ёшларга кенг йўл очиб бериш, эҳтиёж ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариш, ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам бериш, уларга масъул лавозимларни ишониб топшириш бундан буён ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади".

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Бўлажак сайловдан умидлар

Декабрда мўлжалланган парламент сайловларида иштирок этишини ижтимоий тармоқларда анча таниқли бўлган бир неча ёш билдирган эди.

Smartgov Consulting маслаҳат фирмаси ижрочи директори Азиза Умарова шу йилнинг июн ойида ЎзЛиДеПга аъзо бўлганини ва декабрдаги сайловларга номзодини қўйишни маълум қилди.

37 ёшли Умарова жамиятдаги ўзгариш ва муаммоларга ўзининг фикрларини мунтазам билдириб бориш билан танилган.

Шунингдек, Facebookда Дима Қаюм профили билан таниқли бўлган Дилшод Болтабоев ҳам парламенти сайловларида иштирок этишини маълум қилган.

2014 йилнинг декабр ойида парламентга бўлиб ўтган сайловда ижтимоий тармоқларда фаол ва илғор ёшлардан Хушнудбек Худайбердиев Чироқчи туман округидан номзодини қўйган эди.

Худайбердиев дастлабки натижаларга кўра, ғолиб бўлганини ёзган. Аммо кейинчалик постни ўчириб ташлаганди.

"Озодлик" радиосининг ёзишича, сайловда ғалаба қозонган 25 ёшли Худайбердиевнинг овозлари ўғирланган.

"Қишлоғимиз оқсоқоллари билан Президент девонига шикоят ёзмоқчимиз. Қўлимиздаги сайлов баённомаларини хам такдим киламиз. Буни шундай қўймаслик керак. Агар натижа шундайлигича қолса, қишлоғимиз кейинчалик сайлов-пайловда қатнашмаймиз деяпти, одамлар", деб ёзилган нашрга юборилган мактубда.

Худайбердиев ўша вақти бўлиб ўтган ҳолатларга изоҳ бермаган.

Телеграмда 166 мингдан зиёд ўқувчиси бор Хушнудбек Худайбердиев ўтган ҳафта Самарқандда "Шарқ тароналари" фестивалини очишга борган Шавкат Мирзиёевга миннатдорчилик билдирди.

Президент мустақиллик байрамига бағишлаган нутқида, шунингдек, Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди, деди.

Мирзиёев ошкоралик шароитида ишлашга ўрганиш лозимлигини таъкидлаган.

"Ҳар бир масалани маърифат асосида чуқур ўйлаб, халққа ҳурмат билан, такрор ва такрор айтаман, одамлар фикрини инобатга олиб, фақат қонун ва адолат мезонига таянган ҳолда ҳал этсак, эл-юртимиз биздан албатта рози бўлади.

Бугун замон ўзгарди. Энди ҳаммамиз эркинлик, очиқлик, ошкоралик шароитида ишлашга ўрганишимиз лозим. Барча ривожланган давлатлар, дунё ҳамжамияти шундай яшамоқда".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek