Ўзбекистон Тошкент: АЭС қурилади, атомчиларни Россия тайёрлайди

Президентлар Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

Ўзбекистон Россия ёрдамида қурадиган Атом Электр Станцияси учун мутахассисларни тайёрлашни бошламоқда.

Тошкентда яна Россия билим даргоҳи филиали очилди ва унда "атомчилар" тайёрланади.

Бу борада очилиш маросимида иштирок этган Бош вазир Абдулла Арипов маълум қилди.

Ўзбекистон раҳбарияти кенг жамоатчилик билан маслаҳатлашмасдан, АЭС қуриш режасини бошлаган.

Шунингдек, бу АЭСни Россия қуради.

Танқидчиларга кўра, бу каби хатарли қурилишлар учун обдон текширув ҳамда халқаро тендерлар ўтказилиши керак эди.

Ўзбекистон-Россия: АЭС "сиёсат"ми ва ёки "иқтисод"?

Ўзбекистон-Россия: "АЭС - бу сиёсат, Россия Ўзбекистонга таъсир ўтказмоқчи"

Ўзбекистон Россия АЭСини қурмаса нима бўлади?

2019 йил 3 сентябрь куни пойтахт яқинида жойлашган Улуғбек қўрғонида Москва муҳандислик-физика институти Миллий тадқиқот ядро университетининг биринчи хорижий филиали очилди. Расмийларнинг таъбирича, мазкур илм масканида ўзбекистонлик бўлажак «атомчилар» тайёрланади. Очилиш маросимида Би-би-си Ўзбек Хизмати мухбири ҳам қатнашди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Орипов, "Росатом" атом энергияси бўйича давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв, Ўзбекистон Ресубликаси Энергетика вазири, Бош вазирнинг маслаҳатчиси Алишер Султонов, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг олий раҳбарият вакиллари, "Ўзатом" агентлиги, "Росатом" давлат корпорацияси вакиллари ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг расман баён этишича, Тошкентда ушбу олий таълим муассасасининг очилиши «Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётганининг ёрқин тасдиғидир.»

Матбуотга берилган маълумотларга кўра, бу ерда талабалар энг замонавий дастурлар асосида таълим олади. Филиалнинг барча битирувчилари Ўзбекистонда ва хорижда тан олинадиган Россия намунасидаги дипломлар олади ва атом соҳасидаги маҳаллий корхоналарда иш ўринлари билан таъминланади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг июль ойида Улуғбек қўрғонида жойлашган Фанлар Академиясининг Ядро физикаси институти ҳудудида Москва муҳандислик-физика институти Миллий тадқиқот ядро университетининг филиалини очиш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан эди.

Фармонда олийгоҳ талабалари атом энергетикаси ва ядро технологиялари соҳаси бўйича Россия таълим стандартларига мувофиқ билим олиши кўрсатиб ўтилган.

Энергетика вазирлиги тарқатган баёнотда янги олий таълим муассасаси фаолиятининг асосий йўналишларига ядро энергетикаси, иссиқлик физикаси соҳасида юқори малакали муҳандис-техник кадрларни тайёрлаш, ядро физикаси соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни олиб бориш кириши таъкидланади.

Жорий йилнинг ёзида имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган талаба яқин кунларда ўқишни бошлаши ва уларнинг таълими бюджет асосида бўлиши хабар қилинмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Маросим давомида сўзлаган нутқида Бош вазир Абдулла Орипов «бу ерда олий таълим олган минглаб ўзбекистонлик ёшлар бўлажак атом электр станцияси ва унинг ядровий инфратузилмаларида фаолият юритиши»ни таъкидлаб ўтди.

«Ушбу ўқув марказининг ташкил этилиши мамлакатимизда қурилажак Марказий Осиёдаги энг биринчи юқори қувватли атом электр станциясининг барпо этилиши билан боғлиқ. Ўз-ўзидан, бу соҳа бўйича юқори малакали кадрларга талаб юзага келади,» дейди Бош вазир.

Ўтган йилнинг сентябрь ойи бошида Ўзбекистон ва Россия ўртасида АЭС қурилиши юзасидан ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги келишувга эришган эди. Ҳозирча, Жиззах вилоятидаги Тузкон кўлига яқин майдон икки энергоблокдан иборат атом электр станцияси комплексини барпо этиш учун биринчи даражали ҳудуд ўлароқ танланган.

РИА Новости нашрининг ёзишича, "Ўзатом" агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов, бундан аввалроқ, Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари АЭС қурилиши бўйича шартномани 2019 йилнинг охирига қадар имзолаши мумкинлигини маълум қилган.

АЭС қурилиши Россия ҳукумати кредитини жалб этиш йўли билан 2022 йилда бошланиши режалаштирилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek