Ўзбекистон: Самарқандда итларга шафқатсиз муносабат сайёҳлар оқимига қандай таъсир қилади?

30 август куни заҳар бериб ўлдирилган уй итларидан бири Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Alika Abdullaeva
Image caption 30 август куни заҳар бериб ўлдирилган уй итларидан бири

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги "Шарқ тароналари" фестивали арафасида шаҳардаги итларни заҳарлаб ўлдиришга изоҳ берди. Ўнлаб итлар заҳарланган, бир жонивор кўчада машина билан қайта-қайта уриб кетилган. Ҳайвонларга шафқатсиз муносабат ортидан айрим хорижлик сайёҳлар шаҳарга сафарини бекор қилаётгани айтилмоқда.

Шаҳар ҳокимлиги берган баёнотда айтилишича, Самарқандда сўнгги вақтларда қаровсиз, дайди итлар кўпайиб кетган.

"Жорий йил давомида уч ҳолатда эгасиз дайди итлар томонидан фуқароларга гуруҳли тан жароҳати етказиш ҳолати кузатилди. Жумладан, 27-28 август кунлари Самарқанд шаҳрининг Рудакий, Гагарин, Навоийшоҳ ва Мирзо Улуғбек кўчалари ҳамда Темир йўл вокзалининг олд қисмида 16 нафар фуқарога номаълум ит жароҳат етказган", дейилади унда.

Хабарда айтилишича, Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳамда ободонлаштириш бошқармасининг ит тутиш бригадаси ҳамкорлигида ишчи гуруҳ тузилган.

Ишчи гуруҳ кўчада юрган дайди итларни хўрак бериб йўқотган.

Хабарда 4 кун давомида қанча итга заҳарланган хўрак бериб ўлдирилгани айтилмаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда ишчи гуруҳ фақат дайди итларни эмас, балки аҳолининг уйида сақланаётган итларга ҳам заҳарланган сосиска бериб ўлдирган.

"Гап шундаки, уларга ҳеч ким эшикни очгани йўқ. Эшикни тақиллатишади, ит вовуллайди. Улар бўлса девор оша заҳарланган сосискани отишади. Ит қисқа вақтнинг ичида уни ейди ва тамом. Ўлиши жуда оғриқли. Итим чийиллаб, чопиб юрди. Унинг ички органлари ёрилиб кетди. Шунинг учун тақиллатганини эшитсангиз, улар бирор нарса ташлаб қўйишга улгурмасидан дарвозага чопинг", деб ёзади ити ўлдирилган самарқандликлардан бири.

Уйдаги итга заҳарли сосиска бериш ҳолатларидан бири видео тасвирларга тушиб қолган.

Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ишчи гуруҳ аъзоларидан бири аҳоли хонадонидаги итга ҳам хўрак бераётгани аниқланди, деб ёзди.

"Аслида ишчи гуруҳга бундай топшириқ берилмаган. Шундай бўлса-да, ходим кўрсатмага амал қилмасдан, ўзбошимчалик билан ҳаракат қилган. Мазкур ҳолат учун унга қонун доирасида чора кўрилади", дейилади баёнотда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Ижтимоий тармоқларда тарқалган яна бир видеода икки машина гўёки милиция ходимлари қувиб келган итни атайин босиб кетганини кўриш мумкин. Икки машина бир неча маротаба итни босиб ўтишга ҳаракат қилган.

Бу ҳолатни ички ишлар ходимлари бефарқ кузатиб турганини кўриш мумкин.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги итларнинг ўлдирилиши ҳолати юзасидан ўрганиш ўтказган.

Минг афсуски, ушбу ҳодисани итларни ўлдириш билан эмас, аксинча, уларни даволаш, рўйхатга олиш ва ўз вақтида эмлаб бориш каби вазифалар билан шуғулланиши зарур бўлган Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими масъуллари амалга оширганлиги аниқланди.

Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб Самарқанд шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғи О.Алламуродов ҳамда Самарқанд шаҳар ветеринария бўлими Сиёб вет участкаси мудири У.Ражабов билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди. Улар эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик зарурлиги ҳақида Самарқанд вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ҳамда унинг қуйи бўлимлари раҳбарлари, вет участка мудирлари қатъий огоҳлантирилди», — дейилади вилоят ҳокимлиги баёнотида.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда ҳайвонларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга чақирувчи петиция ташкил қилинди.

Унда Ўзбекистонда ҳайвонлар учун бошпана ташкил қилиш, уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун қонун қабул қилишни талаб қилинмоқда.

Самарқанддаги итларнинг оммавий қирғини ижтимоий тармоқларда акс-садо бергач "Mehr va oqibat" ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти бу билан шуғуллана бошлади.

Жамиятнинг ҳисобот беришича, итни машинада босиб кетиш ва итларга шафқатсиз муносабат бўйича ариза топширган.

"400 дан ортиқ фуқаро ишни судгача олиб боришни сўраб мурожаат қилган. Улар ҳайдовчилар ва ички ишлар ходимларини жавобгарликка тортишни талаб қилишмоқда", дейилади хабарда.

"Mehr va oqibat" жамиятининг маълум қилишича, итларга шафқатсиз муносабатни кўрган хорижликлар жамиятга мактуб битишган.

"Мурожаат қилганларнинг орасида Самарқандга сафарини бекор қилганлар ҳам бор", дейилади хабарда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek