Мирзиёев: Ўзбекистон сувсиз қолмаслиги учун $4.5 миллиард доллар керак

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда халқни тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммолари долзарблигини тан олган.

Тоза сув билан таъминлаш 33 миллионли бу мамлакатда атиги 68% фоизни ташкил этади.

Яъни ҳар учинчи ўзбекистонлик ифлос сув ичиб яшамоқда.

Алоқадор мавзулар:

Ўзбекистон 20 йил ичида сувсиз қолиши мумкин

Минтақада сув уруши эҳтимоли қанчалик?

Ўзбекистон Орол ўрнида ўрмон яратмоқчи

Орол қуришида Ўзбекистон айбдорми?

Совет даврида ҳам мамлакатда тоза ичимлик суви таъминоти тўлиқ бўлмаган.

Лекин бугун ўша бори ҳам эскириб, яроқсиз аҳволга келиб қолган.

Тоза сув таъминоти тизимининг 38% авария ҳолатида.

Ҳатто мамлакат йирик транспорт хаби қилаётган ва вилоят маркази бўлган Қарши каби катта шаҳарларда ҳам одамлар ҳовлисидаги жўмракдан баъзида 20 кунлаб сув келмайди.

Айни пайтда, мамлакатда катта миқдорда сув исроф бўлмоқда.

Маблағ керак, катта маблағ

Президент Мирзиёев қудратга келиши билан сув таъминотини яхшилаш учун охирги 2 йилда ажратилган маблағ марҳум Президент Каримов даврида ажратилган 10 йиллик маблағдан 2 баравар кўп.

Лекин бу ҳам етмайди.

Ўзбекистонни тўлиқ тоза сув билан таъминлаш учун 4.5 миллиард АҚШ доллари зарур.

Ҳозирча бу пулни қаердан топишади - маълум эмас.

Image caption Қишлоқларда ичишга сув йўқ, шаҳарларда на соя, на кислород берадиган ўтлоқ тоза сув билан суғорилади.

Аммо сув тўловларини эркин бозор талаблари асосида белгилаш ва бу соҳага хусусий сармояларни жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон сувталаб пахтани кескин камайтирмоқчи.

Аммо ўрнига қандай кам сувталаб экинлар экилмоқда ёки шўрланаётган тупроқ учун мос навлар яратилмоқда - кенг жамоатчилик билмайди.

Шунингдек, жадал кечаётган саҳролашиш ва иқлим исиши даражаси ҳамда унга қарши кураш борасида ҳам маълумотлар оз.

Қишлоқларда одамлар ичиш учун сув тополмаётган бир пайтда, Тошкент ва Самарқанд каби йирик шаҳарларда дарахтлар кесилиб, ўрнига на кислород, на соя берадиган газон ўтлар экилмоқда ва улар мунтазам тоза сув билан суғорилмоқда.

Дарвоқе, бу газон ўтлоқ устида шаҳарликлар пикник қилиши мумкин эмас.

Шунингдек, Қишлоқ хўжалиги ҳам деярли ислоҳ қилинмаган, янги технологиялар деярли йўқ ва қўл меҳнатидан фойдаланилади.

Ўзбекистонга керакли чучук сувнинг тахминан 80-85 фоизи қўшни Қирғизистон ва Тожикистондан келади.

Помир ва Тияншандаги музликлар эса иқлим исиб, тез эриб кичраймоқда. Бу дегани - ҳозир сув тошқинлари ёки селлар кўпайса ҳам келажакда дарёлар қуриб, сув тортилади.

Ўзбекистон келаси 20 йил ичида дунёнинг энг сувсиз давлатларидан бирига айланади.

Бироқ шундай ҳолатда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, соҳага йирик сармояларни жалб этиш, қайта ишлаш технологияларини ҳамда сувни тежаб ишлатиш усулларини жорий этиш жараёни Ўзбекистонда қанчалик жадал кечаётгани савол остида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek