Ўзбекистон, Рустам Карим ва Тўлқин Астанов: Диний блогерлар устидан бошланган биринчи суд мажлиси қандай якунланди?

Блогерлар Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

6 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида диний айбловлар билан маҳкамага тортилган блогерлар Рустам Карим ва Тўлқин Астановлар иши юзасидан биринчи очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Би-би-си Ўзбек Хизмати мухбири ҳам иштирок этди.

Жорий йилнинг 8 апрель куни Facebook орқали Тўлқин Астанов билан бирга жонли эфирга чиққан Рустам Карим айрим диний масалалар бўйича шикоят қилиб Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига боргани ва у ерда идора раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур билан ҳалол сертификати, ўқув юртларида ҳижоб ўраш мавзуларида самимий суҳбат қургани ҳамда Абдулазиз Мансур унга китоб ҳадя этганини билдирган эди.

Ўша куннинг ўзида блогерлар ички ишлар ходимлари томонидан олиб кетилгани тўғрисида хабарлар тарқалган.

Орадан бироз вақт ўтиб, Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ушбу икки блогер иши бўйича қуйидагича баёнот эълон қилган эди: «...раис ўринбосари берган жавоблардан қониқмасдан, идора ходимларига қаратилган турли хил ҳақоратомуз ўхшатишлар билан ўз талабларини изҳор этишда давом этишган. Ўзларининг ҳар бир ҳаракатларини улар мобил телефонга ижтимоий тармоқларга тўғридан-тўғри узатиб видеога олишган. Ички ишлар ходимларининг жамоат тартибини бузишни тўхтатиш ва Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ходимлари билан конструктив суҳбатга ўтиш тўғрисидаги қонуний талабларига икки нафар эркаклар қатъий рад жавобини беришган...»

Баёнотда, шунингдек, "43 ёшли муқаддам бир неча бор судланган (шулар қаторида фирибгарлик учун ҳам) Р.К. ва 47 ёшли А.Т.ларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- ("Майда безорилик") ва 194-моддаларида ("Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик") кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топди», дея қайд этилган.

2019 йил 24 апрель куни икковлоннинг иши ДХХ (Давлат хавфсизлик хизмати) ихтиёрига ўтказилгани аён бўлган. Рустам Карим ҳозирга қадар ДХХ ҳибсхонасида сақлаб келинган.

Ўзбекистон Тошкент Ислом Ҳижоб: Икки блогерга янги жиноий иш очилган ва улар ДХХга топширилган

Ўзбекистон: Тошкентда икки блогер нима учун ҳибсга олинди?

Ўзбекистон: Фейк аккаунт ва троллар учун блогерлар жавоб беради

Биринчи суд мажлиси

6 сентябрь куни очилган биринчи суд мажлисида 2019 йил 20 апрель куни ДХХ Тергов бошқармаси катта терговчиси, адлия майори Б.Х. Бахридинов томонидан "Каримов Рустамбек Абдурашидович ва Астанов Тулкун Ташмурадовичларга нисбатан" Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 2441-моддаси («Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш»)нинг 1-қисми («Диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш») бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан судланувчиларнинг кўрсатмаси тингланди.

Икки блогер иши юзасидан тайёрланган айблов хулосасида уларнинг «телефон аппаратлари хотирасида мавжуд бўлган ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳамда аҳоли орасида ваҳима чиқаришга хизмат қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида сақлаб келган»и таъкидланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Айбномада 2019 йил 8 апрель куни соат 11.00 да Ўзбекистон Мусулмонлари идорасида «майда безорилик содир этган» ва ички ишлар ходимларининг «қонуний талабларини бажармасликда ифодаланган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган» Рустам Каримга нисбатан «қонуний чора кўриш жараёнида» унинг ёнидан телефон аппарати олиб қўйилгани ва кўздан кечирилгани баён этилади.

Хусусан, Рустам Каримга тегишли "Huawei P8 русумли телефон аппарати хотирасида фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тақиқланган Ироқ ва Шом ислом давлати террорчи ташкилотига тегишли рамзий белги - байроқ аниқланган"и айтилади.

Суд мажлисида сўз олган Рустам Каримнинг таъкидлашича, байроқ суратини телефонини тортиб олиб қўйган ходимлар ташлаб қўйган бўлиши мумкин.

«Ҳақиқатни очиқ айтганим, блогерлик фаолиятимни давом эттиришимни истамаганликлари учун ҳам мени шундай туҳматлар билан қаматиб юборишмоқчи,» дейди у.

Рустам Карим тергов давомида ўзига нисбатан жисмоний қийноқ қўлланмаган бўлсада, 20 нафар ходим бирин-кетин сўроққа тутгани, сўроқлар давомида ходимлар томонидан турли руҳий босимларга учраганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Тўлқин Астановга қарши илгари сурилган айбловда эса унинг Facebook тармоғидаги "Astanov Tulkun" профили орқали «жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминловчи ижтимоий муносабатларга путур етказиш мақсадида» Сурияга тааллуқли Пайғамбар ҳадислари, Ҳизб ут-Таҳрир диний-экстремистик ташкилоти атрибути туширилган материал, Наврўз ва Янги Йил байрамларини нишонлаш мусулмонлар учун ҳаромлиги ҳамда ҳижобга тўсқинлик қилувчи шахслар тўғрисидаги фикрлар, видеоларни тарқатганлиги айтилади.

Маҳкамада президент, Бош прокурор, ДХХ раиси, Олий суд раиси, Олий Мажлис Сенати раиси номига йўллаган шикоят хатидан парчалар ўқиб берган Астановнинг иддаосига кўра, унга нисбатан қўйилаётган айбловлар асоссиздир ва Конституция ҳар кимнинг фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга эканини кафолатлаб қўйган.

«Қуръон асосида тузилган ҳадислар, маърузалар ва чоп этилган адабиётларни тақиқлаш - Қуръонни тақиқлаш демакдир… Ҳозирча Қуръонни тақиқлаш ваколати ҳеч кимга берилмаган,» дейди судьянинг саволларига жавоб берган Астанов.

Шунингдек,Тўлқин Астанов ўзига нисбатан босимлар 2018 йилнинг август ойида бошлангани ва ўшанда унга нисбатан «Жамоат жойида диний либосда юриш» айби қўйилганини билдиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Диний ҳуқуқлар ва, хусусан, ҳижоб ўраш эркинлиги тўғрисида фикрларини ижтимоий тармоқда ёзиб келган Тўлқин Астанов ўтган йилнинг август ойида диний мавзуда ёзувчи бир неча блогерлар қаторида қўлга олинган эди.

«Ўшанда, мени кечки пайт уйимдан олиб кетишган. Уйимда бўлсам, қандай жамоат жойида диний либосда юрган бўламан?» деган саволни илгари суради суд мажлисида кўрсатма берган блогер.

Би-би-си Ўзбек Хизмати мухбири ва яна бир блогер ҳамда судланувчиларнинг яқинлари иштирокида ўтган очиқ суд мажлиси давомида, асосан, Рустам Карим ва Тўлқин Астановларнинг юқоридаги кўрсатмалари тингланди.

Судья О. Қиличев жума намозини ўқиб олишга имкон бериш мақсадида навбатдаги суд мажлиси жума куни эмас, балки душанба - 9 сентябрь 14.30 да бўлиб ўтишини маълум қилди.

Бундан ташқари судья О. Қиличев маҳкамада Би-би-си Ўзбек Хизматининг иштирок этишига қаршилик қилинмагани ишнинг қонуний тарзда ва шаффоф кўриб чиқилажагидан дарак эканини ҳам эслатиб ўтди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek