Ўзбекистон: Қўрқяпман, лекин қизимнинг рўмоли учун курашаман

Умар Аслан (асл исми Лазиз Асадов) рўмол ўраш ҳуқуқи учун курашдан тўхтамоқчи эмас Фото муаллифлик ҳуқуқи Umar Aslan/Facebook
Image caption Умар Аслан (асл исми Лазиз Асадов) рўмол ўраш ҳуқуқи учун курашдан тўхтамоқчи эмас

Блогер Умар Аслан (асл исми Лазиз Асадов) қарамоғидаги қизининг мактабга рўмол ўраб келишини муҳокама қилгани учун терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси томонидан ушлаб кетилганини айтмоқда. 5 соат ИИБда ушлаб турилган Асадов қизининг рўмолини ҳимоя қилиш учун курашдан тўхтамаслигини таъкидлади.

6 сентябр куни Лазиз Асадов Учтепа туманидаги 107-мактабнинг бешинчи синфида ўқийдиган қарамоғидаги қизи ҳуқуқларини ҳимоя қилиб Facebookда жонли видео қилди.

У ўқувчини бош кийимсиз келишини талаб қилувчи Вазирлар Mаҳкамасининг мактаб формаси ҳақидаги 666 чи қарори кечиктирилганини мактаб директорига тушунтираётган бўлган.

Воқеа жойига туман халқ таълим бошқармасидан вакиллар келган.

Кейинчалик қора кўзойнак тақиб олган, фуқаро кийимидаги 4 киши келган.

Би-би-си манбасининг айтишича, улар ўзларини таништирмаган ва жонли эфир қилаётган Асадовга куч ишлатиб, қўлини қайиришган.

Кейинчалик Лазиз Асадовни қаймоқранг Матиз машинасига солиб Учтепа туман ички ишлар бошқармасига олиб кетишган.

Улар кейинчалик ўзларини Учтепа туман ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ходимлари эканлигини айтган.

Асадов ички ишлар идорасида 6 соат ушлаб турилгач кечки соат 21:00 дан ўтганидан сўнг уйига қўйиб юборилган.

Унга нима учун ушлаб турилгани сабаблари тушунтирилмаган.

Асадовни ушлаб олиб кетган Ички ишлар ходимлари "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонуннинг 8 моддасига нима сабабдан амал қилмагани номаълум.

"Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш принципи", деб номланган модда бўйича улар Асадовга ўз лавозими, унвони, фамилияси, исми, отасининг исмини айтиши, фуқаронинг талабига кўра хизмат гувоҳномасини кўрсатиши ва шундан сўнг мурожаат қилишининг сабаби ва мақсадини маълум қилиши керак эди.

Бироқ ушбу ҳолатлар бўлмагани айтилмоқда. Блогер уни ИББда ушлаб турган орган ходимларининг лавозими ва исм-шарифини ҳамон билмайди.

Шунингдек, ўқувчи қизнинг рўмол ўраш масаласи бўйича нима сабабдан Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси шуғулланаётгани ҳам маълум эмас.

Би-би-си ушбу саволларга изоҳ олиш учун Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати билан боғланди.

Ахборот хизмати бу ҳақда душанба куни изоҳ олиб беришга ҳаракат қилишини маълум қилди.

Би-би-си манбасининг айтишича, Учтепа тумани ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси блогер соқолини қисқартириб, эртаси куни келишини айтиб қўйиб юборган.

У "формасиз шахслар ўзини таништирмагани учун буйруғига бўйсинмадим", деган мазмунда тушунтириш хати ёзиб берган.

Би-би-си Лазиз Асадов билан боғланди.

"Мактабда қизимга бу одам сенинг родной даданг эмас экан, деб руҳий босим ўтказишган, камситишган. Ўзини ёмон ҳис қилгани учун бугун қизим мактабга бормади. Қизим ўзининг хоҳиши билан рўмол ўраган. Шунинг учун ҳам унга психологик босим бўлиб қоляпти. Қўрқяпман, лекин бошқа иложим йўқ. Охиригача етишга ҳаракат қиламан", дейди у.

Лазиз Асадов ушбу ишни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш учун юрист ёллаганини ва душанба кунидан яна мактабга бориб курашни давом эттиришини билдирди.

Би-би-си Ўзбекистон Xалқ таълими вазирлиги матбуот хизмати билан боғлана олмади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek