Ўзбекистон, Тошкент: Мирзиёев саъй-ҳаракатлари чиппакка чиқдими?

Толибон Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Ўзбекистон: Мирзиёев саъй-ҳаракатлари чиппакка чиқдими? - АҚШ Президенти Дональд Трампнинг якшанба кунги кутилмаган қарори худди шу каби саволларни пайдо қилган. Шундай экан, янги Ўзбекистоннинг янгича дипломатиясига нима бўлади?

АҚШ Президенти кутилмаганда Афғонистон Толибон ҳаракати билан Ўзбекистон ҳам бефарқ бўлмаган, бош қўшган, расман ва ошкора қўллаб-қувватлаган тинчлик жараёнига нуқта қўйди. Олиб бораётган музокараларини тўхтатиб қўйди.

Афғонистон Толибон ҳаракати ва АҚШ ўртасида Доҳада кечган тўққиз босқич музокаралар Трампнинг бу қарори ортидан, келишдик, деганда чиппакка, йўққа чиқди.

Унгача шу душанба куни расман имзоланиши кутилган сулҳ битими Ўзбекистоннинг жанубий қўшниси бўлган Афғонистондаги сўнгги - қарийб йигирма йиллик урушга ва ниҳоят якун ясаши умид қилинганди.

Бу хусусда расмий Тошкент ҳозирча жим, зудлик билан фавқулодда йиғин ўтказган Толибон томонига кўра, Трампнинг қароридан энг кўп ютқазадиган америкаликларнинг ўзлари бўлишади.

Афғон ҳукуматининг такроран баён этишича эса, музокаралар ўзлари билан олиб борилиши керак эди. Доимий оташкесин лозим эди. Бусиз Афғонистонда доимий тинчлик бўлмайди.

Ўзбекистон: Каримовни қўрқитган Толибон Мирзиёев билан қандай тил топишди?

Путин, Мирзиёев ва Толибон: Россия ўз геосиёсий қудратини кучайтирмоқчи

Дунё, Ўзбекистон ва Афғонистон: Толибон билан музокаралар тинчлик келтирадими ё аксинча?

Ўзбекистон, Қатар, Россия: Толибон қудратга қайтса, ўзгармоқчими?

Афғонистон ва афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш - Президент Шавкат Мирзиёев яхши қўшничилик сиёсати, янгича минтақавий дипломатиясининг диққат-марказида турган масалалардан бири бўлади.

Мирзиёев Афғонистонни ўзлари учун янги қўшни, янги бозор сифатида кўришларини ҳали Ўзбекистоннинг муваққат президенти экан расман ва ошкора баён қилган.

Марҳум Президент Ислом Каримовдан фарқли тарзда, жанубий қўшнилари билан ҳар томонлама алоқаларини кучайтириш ва мустаҳкамлаш нияти, режасини изҳор этган.

Икки давлат ўртасида олий даражадаги расмий ва амалий ташрифлар фаоллашган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Ўзи қудратга келган уч йилча вақт ичида Тошкентда Афғонистон масаласига бағишланган юқори даражадаги йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилган.

Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти раҳбарлиги остидаги ҳайъатнинг Тошкентга бир эмас, икки бор амалий ташриф билан келишига эришган. Бундан ташқари толиблар билан уларнинг сиёсий идораси жойлашган Доҳада ҳам музокаралар олиб боришга муваффақ бўлган.

Айниқса, ҳаракат юқори мартабали ҳайъатининг Ўзбекистонга ўтган ой қилган ташрифи жуда фаол ва қизғин кечгани кўрилган.

Ташриф расмий музокаралардан ташқари, қадим Самарқанд ва Бухоро зиёрати, жума ва Қурбон Ҳайити намозларининг ўзбек тупроғида ўқилиши, зиёфату ҳадябозликлар билан кечган.

Бир неча кунга чўзилган амалий ташриф якунида ҳар икки томоннинг бундан мамнун қолгани кўрилган.

Аҳолиси минтақада энг каттаси(33 миллиондан ортиқ - таҳр.) ва денгизга йўли икки бор бекиқ бўлган Ўзбекистон янгидан-янги сармоя ва жаҳон уммонларига чиқишга муҳтож.

Худди шу ниятда Афғонистонни ҳам ўз ичига олган йирик минтақавий лойиҳаларга ҳам бош қўшишдан умидвор.

Тошкентдаги сўнгги мулоқотлари манзарасида чоп этиб борган хабарларидан Толибон томонининг Ўзбекистонга бу хусусда берган ваъдалари озмунча эмасдек кўринган.

Алал-оқибат расмий Тошкент булар барчасини Ўзбекистон дипломатиясининг муваффақияти, деган фикрга қўшилган. Буни расман баён қилган.

Орада Доҳадаги музокаралар ва унда эришилган натижаларни ҳам назардан қочирмаган, олқишлаб, қўллаб чиққан.

Расмий Вашингтон ҳам бу вақт ичида Ўзбек томонининг Афғонистон масаласидаги дипломатик саъй-ҳаракатларини бефарқ қолдирмаган, такрор ва такрор бунга ўзининг ижобий муносабатини билдириб келган.

Айнан афғон можаросига тинч йўл билан ечим топиш йўлидаги бу каби уринишлари Ўзбекистоннинг ташқи имижи учун ҳам муҳим аҳамият касб этувчи фактор, воқеъликлардан бирига ҳам айланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Устига устак, дастлаб Ўзбекистонда асос солинган ва минтақада энг йириги саналувчи ўзбек жангари гуруҳлари ҳам сўнгги икки ўн йилликда айнан Афғонистон ва унга бевосита қўшни Покистондан бошпана топган. Ҳамда ҳануз фаолиятда.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати эса, орада ҳозир Афғонистонда Толибондан кейин иккинчи йирик таҳдид сифатида кўрилувчи ИШИД гуруҳига байъат келтириб ҳам улгурган.

Шундай экан, воқеаларнинг Ўзбекистон, расмий Тошкент билан боғлиқ бу каби ривожи манзарасида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг якшанба кунги кутилмаган қарори нимани англатади?

Президент Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатлари чиппакка чиқдими ва ёки?

Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги янгилик манзарасида худди шундай савол билан қатор минтақавий экспертларга мурожаат қилди:

Довуд Аъзамий, минтақавий эксперт, Афғонистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Довуд Аъзамий: Трампнинг қарори тинчлик жараёнини муаллақ бир аҳволда қолдирди. Аммо бу шу билан тинчлик жараёни ва қолган ўйинчи давлатларнинг ундаги иштироки буткул барҳам топди, дегани эмас. Менимча, таъбир жоиз, чанг босилганидан кейин, барча томонлар яна музокаралар столига қайтишади. Ўзбекистон, Россия, Хитой ва Қатарга ўхшаган минтақавий ўйинчилар афғон можаросига ечим топишда Афғонистон ва халқаро ҳамжамиятга барибир ёрдам беришади. Аммо томонлар музокаралар лозим эканини қайта англаб етгунларига қадар орада танаффус бўлади. Афғонистонда эса, ҳатто, зўравонликлар янада кучайиши ҳам мумкин. Устига устак, Ўзбекистон навбатдаги афғонлараро мулоқотга мезбонлик қилажак давлатлардан бири сифатида кўрилганди. АҚШ билан Доҳада бир тўхтамга келгандан кейин, Толибон афғонлар билан мулоқотга киришиши кутилган. Бу ҳақда келишиб ҳам олинганди. Норвегия, Индонезия қаторида бу мулоқотларга мезбонлик қилиши мумкин бўлган давлат сифатида Ўзбекистоннинг ҳам номи тилга олинганди.

Би-би-си: Трампнинг қарори юзасидан ҳозирча расмий Тошкент жим. Ўзининг муносабатини билдирганича йўқ. Сизнингча, бу Ўзбекистон учун қанчалик ҳафсалани пир қилувчи бир қарор бўлди? Энди Ўзбекистон қандай йўл тутади, сизнингча? Бу йўналишда ўзининг дипломатиясини давом этдирадими?

Довуд Аъзамий: Трампнинг мазкур баёноти ва сўнгги дақиқаларда тинчлик музокараларини бекор қилиш қарори минтақавий давлатлар учун кутилмаган бўлиши тайин. Аммо Ўзбекистон илова қолган минтақавий давлатлар бундан кейин ҳам ўз саъй-ҳаракатларини давом этдиришади. Ҳозир бу музокаралар тўхтаб қолган, ҳамма энди нима қилиш ҳақида ўйлаётган, маслаҳатлашаётган эса-да, улар бу тинчлик жараёнидан чиқиб кетишмайди. Турли ўйинчи томонлар билан ўзаро мулоқотда бўлишга ҳаракат қилишади. Жумладан, Ўзбекистон ҳам Доҳадаги Толибон вакиллари, Афғонистон ҳукумати ва АҚШ билан бу хусусда алоқаларини узмайди. Вашингтоннинг бундан кейинги қарори нима бўлишини кутади. Чунки бу музокараларда Вашингтон асосий ўйинчи давлат бўлади. Шу боис ҳам, ҳозир ҳамманинг нигоҳи Вашингтонга қаратилган. Шу жумладан, қолган минтақавий ўйинчилар қаторида Ўзбекистоннинг ҳам. Улар Трамп маъмуриятининг бу хусусдаги қатъий қарорига кўз тикишмоқда. Чунки ҳозир бу ҳақда Америка Қўшма Штатларининг ўзида ҳам баҳсу мунозаралар кечмоқда. Фикрлар бўлинган. Мулозимлар турлича қарашда. Ҳаттоки, Трампнинг тинчлик музокараларини бекор қилиш қарори ортидан, унинг маъмурияти ичида ҳам бу хусусдаги мубоҳасалар тинмаётир. Минтақавий ўйинчилар эртами-кечми бу музокараларнинг қайта жонланиши, яна ўйинга қайтишлари, ўзларининг ёрдам қўлларини чўзишга умидвор.

Би-би-си: Сизнингча, ҳали ҳам дипломатия, сулҳу мадора афғон можаросининг ягона ечими бўладими? Ёки асосий урғу фақат ҳарбий танловга бериладими?

Довуд Аъзамий: АҚШ бўладими, минтақавий ўйинчилар ёки халқаро ҳамжамият, уларнинг барчаси афғон можаросига ҳарбий йўл билан ечим топиб бўлмаслиги фикрида якдил. Чунки уларнинг барчаси буни исташади, хоҳлашади. Аммо бунинг шартлари борасида бир ёқадан бош чиқара олишмайди. Муаммо ана шунда. Шу боис ҳам улар ўзаро мулоқотда ва бундан кейин ҳам ўз музокараларини давом этдиришаверади. Яъни, тинчлик битимининг шартлари хусусида томонлар қатъий бир тўхтамга келишлари керак. Айни шу сабабдан ҳам, афғонларга Ўзбекистон, Эрон, Покистон, Россия, Хитой каби минтақавий давлатларнинг дастаклари лозим.

Раҳимуллоҳ Юсуфзай, минтақавий эксперт, Покистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Агар, яқин келажак назарда тутилса, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси тўхтайди. Барча томонлар Америка Қўшма Штатларининг бундан кейинги қадами нима бўлишини кутишади. Менимча, Трампнинг якшанба кунги қарори тинчлик музокаралари буткул барҳам топганини англатмайди. Улар яна қайта жонланиши мумкин. Чунки Трампнинг бу баёнотида Афғонистондаги ҳарбий иштирокларини кучайтириш ҳақида бирор бир сўз йўқ. Толибон ҳам музокаралар эҳтимолини буткул назардан соқит этмаётир. Аммо жиҳодга таёр эканликларини ҳам айтди. Менимча, ҳали ҳамма нарса йўқотилганича йўқ. АҚШ ва Толибон ўртасидаги музокараларни қайта йўлга қўйилиши эҳтимоли ҳануз мавжуд. Тинчлик битими ҳам деярли тайёр. Агар, Афғонистон Толибон ҳаракатининг баёноти ва воизининг сўзларига таянилса, навбатдаги афғонлараро мулоқот 23 сентябрга режаланган бўлган. Бу мулоқотларга Норвегия, Ўзбекистон дохил қатор давлатлар мезбонлик қилиш истагини билдиришган. Менимча, бу масала ҳануз кўриб чиқилмоқда. Чунки бу мулоқотларнинг тинчлик битими имзоланиши ортиданоқ бошланиши кўзда тутилган. Айниқса, Ўзбекистон бу истагини очиқ-ойдин ва такроран баён этган. Яқинда Афғонистон Толибон ҳаракати юқори мартабали ҳайъатини Ўзбекистонга таклиф қилган. Ўзбекистонлик мулозимлар Кобулга ҳам ташрифларини канда қилишаётгани йўқ. Афғон ҳукумати билан ҳам мулоқотда. Шуни ҳам айтишим керакки, Ўзбекистон ишончли ва бетараф воситачи сифатида кўрилмоқда. Шу боис ҳам, режадаги афғонлараро мулоқот келажакда айнан Ўзбекистонда бўлиб ўтиши мумкин.

Би-би-си: Сизнингча, тинчлик музокаралари, дипломатия ҳали-ҳануз афғон можаросининг ягона ечими бўлади? Шундайми?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Мен бунга қатъий ишонаман. Чунки томонлар 18 йилдан буён урушиб келишади. Урушаётган томонлар эса, фақат АҚШ ва Толибон эмас. Бу жангларга Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари ва Афғонистон ҳукумат кучлари ҳам бош қўшишган. Аммо ҳарбий йўл билан ҳали-ҳануз афғон можароси барҳам топмаган. АҚШнинг ҳам, Натонинг ҳам бу йўлдаги уринишлари самара бермаган. Ўз томонидан Толибон ҳам мутлақ ғалабага эриша олганича йўқ. Шундай экан, қандай танлов қолади? Толибонни енга олмаганингиздан кейин, у билан сўзлашасиз. Худди шу боис ҳам, Америка томони Толибоннинг Афғонистон ҳукуматининг иштирокисиз тинчлик музокараларига оид талабини қабул қилган. Толибон томонидан илгари сурилган бирор бир талабни рад қилмаган. Тинчлик музокаралари чиппакка чиқар ёки бекор қилинаркан, бу жараён қанчалик узоққа чўзилиши мумкин? Ёки яна қон тўкишлар давом этади ёки реал музокаралар эҳтиёжи ўртага чиқади. Ишончим қатъий комилки, аниқ муддатини айтиб бўлмаса-да, бу тинчлик музокаралари яна қайта бошланади.

Би-би-си: Нима дейсиз, нега АҚШ Президенти Дональд Трамп энг сўнгги дақиқаларда ўз фикридан қайтиб қолди? Тинчлик музокараларини бекор қилди?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Биринчидан, бу Трампга хос фаолият усули. У исталган пайтда ўз фикридан қайтиб қолиши, хаёлига келиб қолган бир чоғда қарорини бериши мумкин. Иккинчидан, Трампга бўлган кучли босим. Чунки Давлат департаменти ҳам, Пентагон ҳам, Истихборат Хизмати ҳам Толибон билан музокаралар, тинчлик битимига унчалик рағбат кўрсатишаётгани йўқ эди. Фақат Оқ Уй, Трамп маъмурияти бу битим ва Афғонистондан ўз кучларининг буткул сафарбарлигини истаганди. Бундан ташқари, Афғонистон ҳукумати ҳам норози эди. Чунки улар Доҳадаги музокаралардан бир четда тутилишганди. Тинчлик битимида ҳам бирор бир иштироклари йўқ эди. Улар ҳам Трампга босим ўтказган бўлишлари мумкин. Ҳаттоки, Натога аъзо айрим давлатлар ҳам АҚШ президентининг орқасида турмаган бўлишлари мумкин. Толибон ҳам ўз томонидан хатога йўл қўйди. Қундуз, Пули Хумри, Кобулда устма-уст ҳужумлар уюштирди. Бу ҳам Трампнинг Толибон тинчлик музокаралари аҳдида қатъий эмас, деган фикрга келишига бир имконият бўлди.

Камолиддин Раббимов, минтақавий эксперт, Ўзбекистон-Франция

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Камолиддин Раббимов: Бу келишувнинг имзоланиши ўзларининг стратегик манфаатларига мос келса-да, энди ҳам АҚШ ва ҳам Афғонистон Толибон ҳаракати танаффус қилишади. Унинг имзоланиши муддати камида икки-уч ойларга чўзилади. Чунки тарафлар ҳозирги муҳитда бу келишувнинг ниҳоясига етмаслигини тушунган кўринишади. Бу масалада расмий Тошкентнинг позициясига келсак, бир томондан эҳтиёткорлик, иккинчи тарафдан манфаатдорлик бўлади. Эҳтиёткорликнинг сабабига келсак, минтақа давлатларида толибларга нисбатан стратегик ишончсизлик сақланиб қолаверади. Лекин айни пайтда толибларни сиёсий нуқтаи назардан трансформация қилиш, уларни сиёсий жараёнларга интеграция қилишга муваффақ бўлармиканмиз, деган умид, сиёсий кутиш ҳам йўқ эмас. Бундай сиёсий кутиш аслида бор.

Би-би-си: Яъни, демоқчисизки, расмий Тошкент ҳам Вашингтонга ҳамоҳанг иш тутади? Таъбир жоиз, пауза сақлайди?

Камолиддин Раббимов: Худди шундай. Чунки бу масалада асосий ташаббус расмий Тошкентнинг қўлида эмас. Биринчи скрипкани албатта толиблар ва расмий Вашингтон ўйнайди. Демакки, бу ердаги асосий урғу, оҳангни расмий Тошкент бера олмайди. Биз бу ерда Ўзбекистонни иккинчи даражали иштирокчи, дейишимиз мумкин. Худди шунинг учун ҳам расмий Тошкент вазиятни кузатишда давом этади, холос.

Би-би-си: Сизнинг назарингизда, бу дипломатик саъй-ҳаракатлар, тинчлик музокаралари, Толибон билан мулоқотлар Ўзбекистон, расмий Тошкент учун нимаси билан муҳим?

Камолиддин Раббимов: Бунинг бир қанча фундаментал нуқталари бор. Биринчиси хавфсизлик. Чунки Ўзбекистон шу пайтгача ҳам ўзини фронтбўйи давлати, деб ҳис қилади. Совет даврида ҳам худди шундай бўлган. Чунки Афғонистондаги узоқ муддатли стратегик беқарорлик Ўзбекистоннинг хавфсизлиги ва барқарорлигига тўғридан-тўғри, бевосита таъсир қилади. Чунки ўз вақтида Ўзбекистон фуқаролари бўлган шахслар Афғонистондан қўним топиши ва у ерда маълум бир ҳаракатлар, гуруҳлар тузиш қобилиятига эришганлиги бунга сабаб. Яъни, Ўзбекистоннинг сиёсий тафаккури, Ўзбекистоннинг ўзини ҳис қилишига мана шу ҳолат жуда ҳам жиддий таъсир қилади. Иккинчиси эса, толиблар. Толиблар ҳам ҳокимиятга келган, дунё юзини кўрган пайтда уларнинг биринчи таҳдидларидан биттаси бу - Ўзбекистонга юриш қилиш баёнотлари бўлган эди, агар, эсингизда бўлса. Бунинг устига, Афғонистон минтақага хавфсизликдан ташқари, жуда ҳам катта иқтисодий, геосиёсий путур етказади. Сабаби - Афғонистонда барқарорлик бўлмаса, Марказий Осиёдаги жуда ҳам жиддий иқтисодий, геоиқтисодий, геосиёсий лойиҳалар амалга ошмайди. Яъни, Афғонистон минтақадаги катта давлатлардан биттаси. Аҳолиси сони бўйича Ўзбекистондан ҳам каттароқ. Бунинг устига, у ердаги демографик ўсиш жуда ҳам кучли. Афғонистондаги беқарорликнинг ҳаддан зиёд узоқ муддат давом этиши, албаттаки, минтақа давлатларини жиддий безовта қилмай қўймайди.

Би-би-си: Сизнингча, алал-оқибат афғон можаросининг ечими нима бўлади? Дипломатиями ёки ҳарбий танлов?

Камолиддин Раббимов: Афғонистон бу яқин беш-ўн йил ичида тинчиб кетишига мен ишонмайман. Афғонистон давлатчилиги қийинчилик билан бўлса-да, шаклланаяпти. Толиблар ҳам бундан хавотирлангани, ўзларига бўлган ишончнинг нисбатан камайгани учун ҳам мана шу музокаралар столига ўтиришга мажбур бўлди. Айни пайтда толиблар тўлақонли йўқолишдан ҳам узоқ. Чунки уларнинг Афғонистондаги ижтимоий базаси барибир кучли. Яъни, вазият ўта зиддиятли, деб айтишимиз мумкин ва яқин йиллар ичида Афғонистон, толиблар муаммоси ўзининг тўлақонли сиёсий ечимини топади, деб ўйламайман. 1979 йилда Совет Иттифоқи қўшинлари кирган бўлса, Афғонистонда ўшандан буён фуқаролик уруши давом этаяпти. Чунки Совет Иттифоқига қарши ҳам афғон жамияти иккига бўлинган эди. Ва, ўйламайманки, Афғонистондаги фуқаролик уруши, буни фуқаролик уруши дейиш керак, чунки Афғонистон жамиятининг маълум бир қисми каттароқ қисми билан конфликтга кирган ва у давом этаяпти. Дунёқараш тўқнашуви бор, геосиёсий тўқнашув бор, ташқи аралашувлар бор, демакки, ана шу фуқаролик уруши, менинг назаримда, давом этаверади. Ечими ҳали узоқ. Лекин айни пайтда олдинги даврдагига қараганда, ҳозирги келишувларни ечимга яқинлашув нуқтаси дейишимиз мумкин. Лекин ечим нуқтаси эмас ҳали.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek