Ўзбекистон: бу йил пахтани мажбурий меҳнатсиз териб бўладими?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов фикрича, пахтакор ва теримчи ўртасидаги муносабатни ўзаро манфаат ва ҳурматга барпо этадиган вақт келди.

Ўзбекистон далаларида пахта териш бошланди.

Олдинги йилларда Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари, давлат бюджетидан молияланадиган ташкилотларнинг ходимлари ўз ихтиёрларига қарши равишда пахта йиғим-теримига сафарбар этилгани халқаро миқёсда танқидларга сабаб бўлган, Ўзбек пахтасига бойкотлар эълон қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан буён Ўзбекистонда ҳукумат мажбурий меҳнатга барҳам беришга жиддий киришганини эълон қилган.

Бироқ ўтган 2018 йили кузда ҳам одамлар мажбурлаб пахта далаларига олиб чиқилган ҳолатлар кузатилди.

Бу йил мажбурий меҳнатсиз ҳосилни йиғиб териб олса бўладими?

Шу кунларда Президент Мирзиёев пахта теримига инсонларни мажбурлаб олиб чиқиш ўзининг сиёсатига хиёнат деб кўрилишини айтди.

Иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов фикрича, пахтакор ва теримчи ўртасидаги муносабатни ўзаро манфаат ва ҳурмат асосига барпо этадиган вақт келди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Yelena Urlayeva

"Кунига пахта териб 50000 сўм - 60000 сўм даромад топиш имкони бўлса, ҳозир ишсиз бўлган кўп инсонлар жон деб далага чиқадилар. Уларнинг кучи билан бемалол мажбурий меҳнатсиз Ўзбекистон далаларида етиштирилган ҳосилни йиғиб бериб олиш мумкин", дейди Анвар Ҳусаинов.

2018 йили Ўзбекистондаги 34 тумандаги пахтани ҳашарчиларсиз териб олишга қарор қилинган эди.

Ўтган йили 1 килограмм пахта хошмаёси учун биринчи босқичда контрактация шартномаси 60 фоизгача бажарилгунча 650 сўм, иккинчи босқичда - 60 фоиздан 80 фоизгача - 850 сўм, учинчи босқичда - 80 фоиздан ортганда - 1000 сўм меҳнат ҳақи тўланган эди.

Бу йил ҳукумат қарори лойиҳасида 1 килограмми учун биринчи теримда ўрта толали пахта навлари учун - 800 сўмдан, узун толали пахта навлари учун - 1000 сўмдан, иккинчи теримда ўрта толали пахта навлари учун - 1000 сўмдан, узун толали пахта навлари учун - 1400 сўмдан меҳнат ҳақи тўлаш, шунингдек, Сирдарё вилоятида махсус дала марказларини ташкил қилиш, бу марказга теримчи жалб қиладиганларга Бандлик вазирлигидан маош тўлаш таклифлари киритилган эди.

Бироқ ҳозирча 2019 йилги пахта харид нархлари матбуотда эълон қилинмади.

Адлия вазирлигининг Телеграмдаги "Ҳуқуқий ахборот" канали пахта йиғим-терими бўйича қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинадиган жисмоний шахсларнинг пахта териш орқали топган даромадига солиқ солинмаслигини эслатди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ