Россия, Ўзбекистон: Ўзбек мигрантлари Россияга вабо, ўлат ташияптими?

Россияда мардикорликка чиққан мигрантлар Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўтган ҳафтада Россия матбуоти ўзбекистонликлар тўғрисида эълон қилган асосий мавзуларнинг қисқа тафсилотларини Би-би-cи Ўзбек хизматининг Москвадаги мухбири Соҳиба Ҳаёт шарҳлайди.

  • Ўзбек мигрантлари Россияга вабо, ўлат ташияптими?
  • Сохта хужжат учун қамоқ жазоси берилиши мумкин
  • Ўзбекистонни меҳнат муҳожирлари боқаяптими?
  • Митишида муҳожир педофилликда айбланмоқда
  • Тирикчилик деб жонидан айрилаётганлар

Ўзбек мигрантлари Россияга вабо, ўлат ташияптими?

«Мигрантларни назорат қилишни кучайтириш вақти келди» номли сарлавҳа билан каттагина таҳлилий мақола эълон қилди «Мир новостей» сайти.

РАНХиГС ва Гайдар тадқиқот институтлари мутахассислари Россияга келаётган Марказий осиёлик мигрантлар оқимини сўнгги 10 йилга таққослаганда 2019 йилда аномал даражадаги кўрсатгич бўлиб кўринмоқда, дея баҳолашди. Тадқиқотда жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра Россияда меҳнат муҳожирларининг 4 млн 400 мингдан зиёдлиги таъкидланган.

Мухбир Игорь Вересков бу маълумотлар асосида Россия учун Марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳаддан ташқари кўп, деган хулосага келган ва улардан Россияга етиши мумкин бўлган зарарлар ҳақида тўхталиб ўтган.

«Кўпчилик ноқонуний равишда ишлайди - камида 2 млн киши. Кам иш ҳақи талаб қилишлари эвазига меҳнат бозорида носоғлом рақобат яратишмоқда. Бунинг натижасида улар маҳаллий аҳолининг даромадларини камайтириб, соя секторини кўпайтирмоқдалар. Давлатга тўланмаган солиқлар миллиардлаб рубллар келиб тушмайди. Бу масаланинг иқтисодий томони. Аммо миллионлаб мамлакат фуқароларининг соғлиги ва ҳаёти учун хавф туғдирадиган яна бир масала бор», - деб ёзади «Мир новостей» сайти.

Нашрга кўра, мигрантларнинг тиббий кўрик борасидаги ҳужжатлари шубҳали.

«Марказий Осиё мамлакатларининг бир қанча ҳудудлари ҳанузгача геморрагик иситма, вабо, ўлатларнинг ўчоқлари бор. Россияда эса бу касалликлар аллақачонлар йўқотилган.

Ким кафолот берадики, ўз юртида маълумотнома сотиб олиб келган гастарбайтер бирон бир юқумли касалликни олиб келмайди, деб?»

Мухбир ўз мақоласи сўнггида Россияга кириб келаётган ҳар бир Марказий осиёлик меҳнат муҳожирини мажбурий тиббий кўрикдан ўтказишни таклиф қилади.

Мигрант қаерда яшасин?

Меҳнат муҳожирлари Россия учун муаммо деб қарайдиганлар оз эмас. Яна бир мисол: «РИА Новости» да эълон қилинган «Бир хонадонга минглаб» мақоласида Москвада ИИБ томонидан ноқонуний меҳнат муҳожирларига қарши ўтказилаётган рейдлар хусусида сўз боради. Москва нолегал гастарбайтерлар билан қандай курашмоқда?

Москва муаммоларидан бири — ноқонуний меҳнат муҳожирлиги. Бу билан чет элликларни сохта қайд («регистрация»)га қўйиш билан шуғулланиш ортиб кетди. Москва шаҳар Думаси сохта ҳужжатлар билан савдо қилувчи ташкилотларга қарши чоралар кўрмоқда, дейилади мақолада.

ИИВ маълумотлари асосида Москва шаҳри ва вилотидаги бир хонадонга қўйилган ўнлаб миграция қайдларининг бекор қилингани ҳақида фактлар келтирилган.

«Иш фаол олиб борилмоқда. Масалан, 2018 йилда 68 мингдан ортиқ киши ноқонуний қўйилгани учун миграция қайдидан чиқариб юборилган. Бу олдинги йилга қараганда уч баробар кўпдир, - дейди РИА Новостига ИИВ миграция бошқармаси вакили Юрий Конобеевский.

Мақоладаги қиссадан ҳисса шуки, эндиликда сохта регистрациялар учун қамалиш мумкин, Шаҳар Думаси бу борадаги маъмурий жавобгарликни 3 йилгача қамоқ жазоси берилишига айлантириш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлашган.

Ўзбекистон: ҳар бешинчи киши пул ўтказмалари ҳисобига яшамоқда

Ўзбекистондаги «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган мамлакатдаги миграция билан боғлиқ жараён тўғрисидаги сўровнома русийзабонлар орасида шундай янгради.

Миграция бўйича асосий йўналиш - Россия. Ҳар уч респондентнинг бири муносиб иш ҳақи эвазига ватанида қолишга рози. Ҳар беш кишидан бири хориждаги яқинидан мунтазам равишда моддий кўмак олади каби мисолларни келтиради манба.

Сайтга кўра, меҳнат муҳожирлиги - дангасалар танлови. Улар ўзбекистонлик социологлар меҳнат муҳожирларининг ижтимоий қиёфасини чизганлигини ҳам билдиришди.

«Ўрта ёшлардаги ўрта маълумотли, ўзига паст социал қатлам деб қаровчи эркак ва аёл» дея далил келтирилади мақолада. Шунингдек, ўзбекистонлик муҳожирлар «алоҳида куч ва маълумот талаб қилмайдиган, тез пул ишлаш»га интилишади, деган хулосага келган социологлар.

Митишида муҳожир педофилликда айбланмоқда

Юқоридагилар миграция борасидаги таҳлилий мақолалар эди. Меҳнат муҳожирларининг ўзлари-чи, улар ҳақида бир хафтада қандай хабарлар эълон қилинди.

Афсуски, ҳозирча салбий хабарлар кетма-кетлиги. Биргина мисол, Митишида Ўзбекистон фуқароси педофилликда айбланмоқда.

Россия оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, Россияга ишлашга келган ўзбек йигит ҳовлини айланиб, у ерда ўйнаётган 8-10 ёшли қизчаларни телефонига тасвирга олган. Кейин эса қизчаларни музқаймоқ билан меҳмон қилишни таклиф қилган. Рози бўлган қизчаларни уйига таклиф қилган.

Айни пайтда маҳкамада сўроқ бераётган муҳожир "оила қуриш" истагида бўлганини айтган, деб ёзмоқда рус нашрлари.

2000 рубль учун жонидан айрилди

Ҳар ҳафтада Россияда қурбон бўлаётган ўнлаб меҳнат муҳожирларининг ўлимлари ҳақида хабарлар ёритилмоқда.

Уларнинг аксари йўл-транспорт ҳодисалари ва қурилишларда содир бўлмоқда.

Қуйидаги фожеа эса одатдагидан фарқлироқ содир бўлди.

Раменский туманида дарахт арралаётган ўзбекистонлик ишчининг устига қарағай қулаб, муҳожир воқеа жойида ҳалок бўлди.

30 ёшли Самад Исломов бу ерга 1 йил олдин ишлашга келган эди. У амакиси ва укаси билан бирга яшаб ишлаган. Иш муаммо бўлганидан, улар турли юмушлари бажариб юришган. Шу куни дарахт арралашга Самаднинг бир ўзи борган. Бу иш учун унга 2000 рубль тўлаш ваъда қилинган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ