Ўзбекистон, мардикор аёл: ғишт қуяман, кўчада ётаман

Тошкентдаги мардикор бозори Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакатда 2019 йилнинг биринчи чорагида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этган. Бироқ аксар ўзбекистонликлар иш излаб хорижга кетишга мажбур. Мамлакатда қолган одамларнинг бир қисми мардикор бозорларида вақтинчалик ишларга ёлланиб, тирикчилик ўтказишга уринади. Би-би-си Ўзбек Хизмати мухбири Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган ана шундай бозорга бориб, одамлар дардига қулоқ тутди.

Биргина Юнусобод туманининг 16-мавзесида жойлашган Тошкентга мавсумий иш излаб келган ёки вақтинчалик ишсиз фуқароларни иш билан таъминлайдиган меҳнат бюросида - халқ тили билан айтганда, «мардикор бозори»да эрта тонгдан ўнлаб, ҳатто, юзлаб одам йиғилади.

Улар бу ерда бир кунлик ёки қисқа муддатли иш таклифларини кутиш билан вақт ўтказади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатлашган одамларнинг катта қисми ўз яшаш жойида шароит оғирлиги ва ишсизлик юқори даражада экани туфайли Тошкентга келишдан бошқа илож тополмаганини айтади.

Одамларнинг сўзлашича, ҳатто, олий маълумотли ва бир вақтлар доимий ишга эга бўлганлар ҳам маошларнинг камлигидан бу бозорга чиқишга мажбур бўлган.

Жиззахнинг Фориш туманидан эканини билдирган Дилрабо исмли аёл бундан тўққиз йил аввал турмуши бузилгандан сўнг молиявий аҳволи кескин оғирлашгани ва мардикорлик қилишга мажбур бўлгани ҳақида ҳикоя қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

"Асли касбим тикувчи, лекин шароитим оғирлигидан ҳар қандай ишни қилиш билан тирикчилигимни ўтказишга ҳаракат қиламан. Аёл бошим билан қурилишларда ҳам ишладим, ғишт ҳам ташидим", дейди у.

Камера қаршисида ва микрофон ҳозирлигида гапиришни истамаган одамларнинг аксарияти доимий иш топишнинг қийинлиги, иш топилган тақдирда ҳам, маошларнинг озлигидан нолийди.

"Меҳнат биржалари, биринчидан, бизни тингламайди. Арзимизни эшитган тақдирда ҳам, 400-500 минг сўмлик ишларни таклиф қилади. Ўзингиз ўйланг, шу пулга бир ой қозон қайнатиб бўладими? Шунинг учун ҳам мардикорлик қиламиз. Доимий яхши иш бўлса, шунақа сарсон бўлиб юриш бизга ҳавасми? Бизга имкон берилса, ҳамма ишни қиламиз. Ҳалол меҳнат билан кун ўтказишни хоҳлаймиз", сўзлайди мақолада исмининг тилга олинишини истамаган бир эркак.

Кунлик меҳнат ҳаққи, ўртача, 70-80 минг сўм эканини маълум қилган одамлар ҳар куни ҳам иш топилавермаслигини эслатиб ўтади.

Тошкентда нон топиш осон эмас

"Яхши иш чиқса, бир кунда 100 минг, 150 минг сўм ҳам топамиз. Бироқ кейин 3-4 кунлаб иш бўлмай қолади. Энди ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг бир ойда қанча пул топишимизни," ёзғиради бошқа бир эркак.

Асли қўқонлик Дилдод исмли ёш йигит доимий иш тополмагандан сўнг қорамолчилик билан шуғулланиш бўйича ёрдам сўраб, ҳукумат порталига мурожаат қилгани, аммо илтимосининг ижобий қондирилиши пайсалга солингани, бунинг ортидан ёлланиб ишлай бошлашига тўғри келганини айтади.

"Баҳордан бери мардикорчилик қиламан. Уйланганман, бир болам бор. Болам касал. Боламни даволатиш учун тўғри келган ишни қилиб юрибман. Бир кунда топган пулимдан 10 минг сўмини овқатланишимга сарфлайман, холос. Қолгани боламнинг дориларига кетади", сўзлайди у.

Мардикорчиликка чиқишга мажбур бу одамлар агар ўз яшаш ҳудудида иш жойлари яратилса, она юртига қайтиб кетишга тайёр эканини билдиради.

"Қашқадарёдан келганман. Ёшим элликка яқинлашиб қолди. Болаларимни келажагини таъминлаш, уларнинг қийналиб қолмаслиги учун ҳам шу ерларда юрибман", дейди исмини ошкор этишни истамаган бир аёл.

Юнусобод мардикор бозорига чиқувчилар, шунингдек, меҳнат ҳақини вақтида ва тўкис олиши кафолатланмаганидан ҳам шикоят қилади.

Улар ўзлари ва иш берувчи ўртасида воситачилик қилувчилар кўпайиб кетгани ҳамда бундай ўртакашлар келишилган ҳақни айрим ҳолларда бермаслиги ёки қисман беришини таъкидлайди.

17 ёш ўсмир … мактабда эмас, мардикор бозорида

Одамлар меҳнат шартномаси йўқлиги сабабли бундай ҳолатлар юзасидан бирор ерга арз қилишдан наф чиқмаслигини ҳам айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

"Яқинда уч кунлик иш бор, деб бир ўртакаш бизни стройкага олиб борди. У ерда уч кун эмас, нақ саккиз кун ишладик. Аввалига, кунлик иш борлигидан хурсанд бўлдик, аммо пулни оладиган вақт келганда, ўртакаш йўқолиб қолди. Стройка эгасининг олдига борсак, пулингизни сизни олиб келган одамга берганман, деди. Энди шахсан ўзим 750 минг сўмдан айрилиб ўтирибман," дейди ҳали 17 ёшда эканини айтган ёш йигит.

Шунингдек, ёлланма ишчилар вазият 2 йил олдингидан анча яхшиланганига қарамай, ҳали ҳам ички ишлар ходимларининг таъқибига учраётганини маълум қилади.

«Олдин паспортимизни киссамизга солиб юрардик. Ҳар эҳтимолга қарши. Милицияни кўрсак, дуч келган томонга қочардик. Ҳозир анча тинч бўлиб қолди, лекин ҳар 3-4 кунда барибир милиция келиб, бизни тергаб туради,» сўзлайди ўрта ёшли бир эркак.

Бироқ Би-би-си Ўзбек Хизмати суҳбатга тортган ички ишлар ходимлари назорат сусайса, ишчиларнинг «талтайиб кетиши»ни таъкидлайди.

"Ҳозир бизда ишчиларга тегинилмасин, деган кўрсатма бор. Аммо кўп одамлар тартибга риоя қилмайди. Ана алоҳида махсус майдонча бор - ўша ерда иш кутса, бизнинг қаршилигимиз йўқ, лекин улар катта йўлга чиқиб кетади. Битта машина тўхтаса, ёпирилиб бориб, авария ҳолатини юзага келтиради. Кеч тушиши билан шовқин солишни бошлашади, бир-бирига сўкинади, ўтган-кетган аёлларга гап отади. Кейин атрофдаги домлардан бизга шикоят тушади. Шундан кейин келишга мажбурмизда. Ҳаммаси ҳам ёмон одаммас, лекин барибир ичида оласи бор," дейди ходимлардан бири.

Ички ишлар ходимлари мардикор бозорини аҳоли яшайдиган жойдан четга кўчирмагунча, жамоат тартибини сақлаш деярли имконсиз эканини ҳам тилга олади.

Ишчилар билан беш соатга чўзилган ўнлаб суҳбатлардан аён бўлишича, уларнинг катта қисми кўпроқ иш ўринлари яратилишидан умидвор. Бироқ улар ҳукуматнинг ишсизлик муаммосига эътибор қаратиши ва матбуотнинг мавжуд вазиятни кенг ёрита олишига у қадар ишонмаслигини ҳам қўшимча қилади.

Аммо айрим одамларда умид ҳали ҳам сўнмагани, уларда ҳукумат тез орада вақтинчалик ишсиз фуқаролар фойдасига чора-тадбирлар ишлаб чиқишига бўлган ишонч юқори эканини кўриш мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ