Ўзбекистон: Президент Мирзиёевнинг қайси кўрсатмасини банклар менсимаяпти?

Ўзбекистон Фото муаллифлик ҳуқуқи Valery Sharifulin Getty Images
Image caption Тадбиркорлар банкдан кредит олиш ҳамон қийинлигини айтишади.

«Ўзбекистон Овози» газетасида чоп этилган иқтисод фанлари доктори Ашур Қодиров қаламига мансуб мақолада мамлакатда кредит олиш билан мавжуд қийин вазият мушоҳада қилинади.

Муаллифнинг изоҳлашича, кредит олишнинг қийинлиги тижорат банкларининг амалда Марказий Банкка тобелиги, ўз навбатида, тижорат банклари филиалларининг республика банкидан мустақил эмаслиги билан боғлиқ.

Ашур Қодиров яқин вақтга қадар кредит бериш амалиёти тўрт босқичда олиб борилганини эслатиб ўтади ва амалиёт жараённинг секин боришига сабаб бўлгани таъкидлайди.

"Юртбошимиз «тижорат банклари кредитни расмийлаштиришни ҳеч бўлмаса икки босқичга туширсин», деб таъкидлади. Чунки кредит бериш амалиётида туман филиали вилоятга, вилоят республикага ва республика банки Марказий банкка мурожаат этар эди. Демак, кредит чиқарилишига рухсат бериш тўрт босқичда олиб бориларди" - ёзади муаллиф.

Бироқ профессор Қодиров кредит бериш амалиётида икки босқичли усулга ўтилаётган бўлсада, амалда ушбу ўзгаришнинг натижаси у қадар сезилмаётганини таъкидлайди.

"Республикамиз тижорат банклари кредит бериш амалиётини камида учта босқичда олиб боришади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, биринчи босқич бўлиб ҳисобланган банк филиали тўғридан-тўғри кредит чиқара олмайди. Сабаби, янги ссуда ҳисоб рақами очиш учун тижорат банки Марказий банкнинг тўлов тизими махсус бўлимига талабнома киритиши ва кредит таъминоти учун олинган объектни гаров реестрида қайд эттириши шарт. Демак, кредит чиқаришни расмийлаштириш жараёнида банк филиали ва Республика Марказий банкининг махсус бўлинмалари иштирок этмоқдалар. Лекин амалда Марказий банк республикадаги 852 та тижорат банки филиаллари ўрнида 30 та республика банки билан ишлашни афзал кўради. Натижада тижорат банкининг республика аппарати ҳам кредитни расмийлаштириш жараёнида қатнашмоқда" - маълум қилади у.

У илгари сурган таклифга кўра, жараённи автоматлаштириш муаммонинг ечими бўлиши мумкин.

«Шу ҳолда савол туғилиши мумкин: кредит бериш жараёнини автоматлаштирилган онлайн тартибда амалга оширса бўлмайдими? Бугун қайси банк раҳбаридан сўрасангиз, айнан шу жавобни оласиз ва ҳатто бу амаллар маълум бир дақиқаларда бажарилади, деб айтишади. Лекин нима учун мижоз ўз вақтида банкдан кредит ололмайди? Чунки мазкур жараёнларда субъективизм, яъни инсон омили аралашган, шунинг учун иш ҳафталарга чўзилади,» мулоҳаза қилади муаллиф.

Уй ҳайвонларига паспорт бериш кулгили эмас

Image caption Ўзбекистон ҳайвонлари паспорти одамларникидан фарқли бўлади.

Халқ Сўзи вебсайтида эълон қилинган «Уй ҳайвонларига паспорт нимага керак?» номли мақолада Вазирлар Маҳкамаси жорий этган ҳайвонларга индивидуал рақам бериш ва ветеринария паспорти расмийлаштириш тартиби ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кулгига олиниши ноўрин экани айтилади.

"Аслида ветеринария паспорти ижтимоий тармоқларда кулгига олинаётгандек, ҳайвоннинг шахсини, пропискасини ва фуқаролик ҳолатини тасдиқловчи ҳужжат эмас. Ветеринария паспорти - бу ҳайвоннинг идентификация рақами, унинг эгаси, ҳайвонларнинг касалликларга қарши эмланганлиги, даволаш ишлари тўғрисидаги маълумотлар қайд этиб бориладиган ҳужжат" - дея ёзилади мақолада.

Муаллифнинг иддаосига кўра, уй ҳайвонларига ветеринария паспорти берилишининг бир қатор асосли сабаблари мавжуд.

Ушбу асослар ўлароқ мақола муаллифи озиқ-овқат хавфсизлиги, чорва моллари ва чорва маҳсулотларини экспорт қилишда рўйхатга олинмаган ҳайвонларни қабул қилмаслик кўрсатилган халқаро стандартлар, идентификация қилинган ҳайвонларни турли касалликларга қарши эмлашда давлат томонидан берилаётган вакциналардан самарали фойдаланиш имкони юзага келиши ва уларнинг талон-тарож қилинишининг олди олиниши ҳамда чорва эгасига эгалик қилиш ҳуқуқини беришни тилга олади.

Бундан ташқари чорва моллари реал миқдорини аниқлаш ва ҳисобини юритиш бозорда гўшт-сут маҳсулотлари нархларининг асоссиз ошириб юборилиши олдини олиши ҳам эслатиб ўтилади.

"Бозорда гўшт-сут маҳсулотлари нархи реал талаб ва таклиф асосида шаклланиши лозим. Эндиликда спекулятив қора схемалар орқали талаб-таклиф мувозанатини издан чиқариш ва маҳсулот нархини сунъий ошириб юбориш ҳолатларининг олди олинади. Масалан, талаб кам, гўшт нархи шунинг учун баланд дейилса, буни реал рақамлар орқали аниқлаш, тасдиқлаш ё инкор этиш имкони мавжуд бўлади" - фикрини билдиради муаллиф.

21 аср: Депутатлар адолатни тан олишни талаб этмоқда

Image caption Депутатларга кўра, машина ён ва орқа ойнасини тўсиш қонунга зид эмас.

«21 аср» газетаси вебсайтида чоп этилган «ЎзЛиДеП депутатлари: Ички ишлар масъулларидан адолатни тан олишларини талаб қиламиз» мақоласида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Расул Кушербаев ва Абдурашид Абдуқодировнинг Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг автомобиллар орқа ён ойналарига парда ўрнатиш бўйича муносабатига жавоби эълон қилинди.

Мақолда "Судларнинг ҳайдовчилар фойдасига чиқарган қарори Йўл ҳаракати хавфсизлиги масъулларига «фара»лар можаросидан сўнг кутилмаган иккинчи зарба бўлди. Ва бу уларнинг шунча вақтдан буён ҳайдовчиларни автомобилларининг орқа ён ойналарига парда тақишларига таъқиқ қўйиб келгани ва жарима қўллагани нотўғри эканлигини исботлади" - деган фикрлар келтирилади.

Яқинда депутат Расул Кушербаев ўзининг Faebook саҳифасида Бухородаги маъмурий суд ҳайдовчилар орқа эшикка парда ўрнатганлиги учун ЙҲХ инспектори томонидан қўлланилган жаримани бекор қилиб, орқа эшикка парда ўрнатишни қонуний, деб топганини маълум қилган эди.

Бироқ мақолада таъкидланишича, ички ишлар масъуллари «мазкур ҳақиқатни ҳануз тан олмай келмоқда».

"Бундай зиддиятли ҳолатларни давлат органи сифатида асосан ўзларининг фойдасига ҳал этиб, фуқароларнинг ўз соғлиқларини сақламоқчи бўлгани учун қандай қийин вазиятда қолишидан қатъий назар «бир қолип»га ўрганган ҳурматли «ГАИ» масъуллари ушбу мағлубиятни шунчаки тан олмаслиги табиий ҳол. Бироқ унутмайлик: биз демократик, кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлидан бораётган давлатда яшаяпмизми, демак бунда суд ким бўлишидан қатъий назар фақат қонунларга, фактларга суяниб адолатли қарор қабул қилиши шарт. Бунга кўникиш керак" - дея ёзилади мақолада.

Шунингдек, депутатлар ўз автомашинаси орқа ён ойналарига парда таққан ҳайдовчиларнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс бўйича жазога тортилиши асоссиз эканини ҳам айтадилар.

"Йўл ҳаракати қоидаларига диққат билан разм солинса шу вақтга қадар автомобилларнинг орқа эшик ойналарига парда тақишга аниқ таъқиқ бўлмаган, аммо шунга қарамай йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторлари амалиётда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-моддасига асосан ҳайдовчиларга автомобилларнинг орқа ойналарига парда тақиб ҳаракатланганлиги учун жарима жазоси тайинлаш билан шуғулланиб келишган. Бироқ ушбу моддада аниқ-тиниқ қилиб қайси ҳолатда жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги келтирилган. Яъни оддий айтганда ҳайдовчи автомобиль ойналарини тонировка қилишга рухсат олмасдан тонировка қилса ва ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қўшимча нарсалар ўрнатса ёки қопламалар суртса жарима солишга сабаб бўлади".

Мақолада ёзилишича, автомашинанинг орқа ён ойналари «ҳайдовчи ўрнидан теварак-атроф» ҳудудига кирмайди. Улар «ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атроф» деганда айнан нима тушунилиши Ўзбекистон Републикасида амалда бўлган давлатлараро стандарт ГОСТ 33988-2016 «Автомобилные транспортные средства. Обзорность с места водителя. Технические требования и методы испытаний»нинг 2.12 бандида кўрсатиб ўтилганини эслатадилар:

«Унга кўра, ҳайдовчи кўзлари ва жами майдонининг остки чегарасини ташкил қиладиган, 180 градус секторда олд кўринишнинг шартли майдони ҳисобланади. Демак автомобилнинг орқа эшик қисмлари ҳайдовчининг ўрнидан теварак-атрофга кирмайди».

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek