Дунё, янгиликлар: Ўзбекистон Хитойга визани бекор қилди, "Ўзбеккино"га янги раҳбар тайинланди

Комилов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Хитойликлар Ўзбекистонда бир ҳафта визасиз юриши мумкин. "Ўзбеккино" миллий агентлигига янги директор тайинланди. АҚШ Олий суди мигрантларнинг қочқинлик сўраш ҳуқуқини чеклади.

Президент Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикасига визани бекор қилувчи фармонга имзо чекди. Энди хитойликлар 2020 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистонда 7 кунгача визасиз қолиши мумкин.

Ушбу тартиб фақат аэропортлар орқали Ўзбекистонга кирмоқчи бўлган ва қўлида қайтиш чиптаси бўлган хитойликларга нисбатан қўлланилади.

"Ҳужжат мамлакатлар ўртасида маданий, илм-фан, таълим алмашинувига, инвестицион иқлимни яхшилашга ва мамлакат туристик салоҳиятини ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатадиган Ўзбекистон Республикаси ҳамда Хитой Халқ Республикаси ўртасида халқаро муносабатларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинди", дейилади хабарда.

Президент фармони билан Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан бир неча ой катта норозиликларга саҳна бўлган Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқароларига виза бекор қилинган.

"Ўзбеккино" миллий агентлигига янги директор тайинланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Фирдавс Абдухолиқов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қарори билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фирдавс Абдухолиқов "Ўзбеккино" Миллий агентлигининг директори этиб тайинланди.

У айни пайтга қадар бир қатор ҳужжали фильмларга продюсерлик қилган.

Абдухолиқов Би-би-си Ўзбек хизмати, Euronews, CNBC ва бошқа бир қатор хорижий компаниялар билан биргаликда кўплаб медиалойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати Фирдавс Абдухолиқов билан ҳамкорликда "Sevimli" канали учун "Катта Лангар Қуръони: сирлар ва ҳақиқатлар" ҳужжатли фильмини тайёрлаган.

Абдухолиқов раҳбарлигида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Россия телеканаллари билан ҳамкорликда "Ўзбекистон - қумликлар жавоҳири", "Қорақалпоғистон вақт қумликлари оралаб", "Ўзбекистон. Қўлга киритилган кашфиётлар", "Нукус. Номаълум коллекция" сингари ҳужжатли фильмлар суратга олинган.

Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, 2018 йилда Санкт-Петербургда "Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида" лойиҳаси доирасида ўтказилган II Халқаро конгрессда 300 дан ортиқ жаҳон олимлари ташаббуси билан тузилган Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг раиси ҳисобланади.

АҚШ Олий суди мигрантларнинг қочқинлик сўраш ҳуқуқини чеклади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Америка Олий суди ҳукуматга муҳожирларнинг қочқинлик сўраш имконияларини кескин чеклашга изн берди.

Янги сиёсатга кўра, АҚШнинг жанубий чегараларидан кириб келган ва йўлида учраган давлатлардан қочқинлик сўрамаган муҳожирларга қочқинлик мақомини сўраш тақиқланади.

Суд қарори савол остига олиш давом этиши мумкин, бироқ ҳукумат ушбу қоидани мамлакат бўйлаб қўллай олади.

Суд қарори Марказий Америкадан Мексика орқали пиёда АҚШга отланган ўн минглаб мигрантларга таъсир қилиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek