Россия - Ўзбекистон, ким айбдор: Россияликларми ёки ўзбекистонликлар?

Россия Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Россияда миграция қонунларини бузган муҳожирлар "спецприёмник" - "Мигрантлар қамоқхонаси"да сақланади. Ҳаммаси ҳам эмас. Рейдлар чоғида қўлга олиниб, суд орқали депортацияга ҳукм қилинганлари.

Қонунбузар муҳожирлар бу ерда Россия ҳукумати томонидан уларни ватанга қайтариб юбориш учун ажратиладиган маблағни кутишади.

Россия эса ҳар ойда ўз қонунларини менсимаган минглаб меҳнат муҳожирлари учун катта маблағ ажратишни истамайди.

Бунинг устига, бегона юртга ишлашга келган муҳожирларнинг кўпчилиги ҳатто паспортларига эътиборсиз бўлишган: амал қилиш муддати ўтиб кетган, сохта муҳрлар билан тўлдиришган ёки паспортнинг ўзи йўқ (йўқолган ва атай бекитилган).

Ўзбекистоннинг Россиядаги консулликларида муҳожирларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг берилиши ҳам бир муаммо.

Электрон хат-хабарлар оммалашган замонда фуқаронинг кимлигини ҳужжат билан исботлаш узоқ муддатларга чўзилади.

Асосан шу икки сабаб натижасида қонунбузар муҳожирлар бу ерда бир неча ойлаб қолиб кетишларига тўғри келади.

Ўзбекистон, Россия, миграция: Ўзбекнинг энг катта ташвиши четга чиқишми?

Россия, Ўзбекистон: Ўзбек мигрантлари Россияга вабо, ўлат ташияптими?

Ўзбекистон-Россия: Оёқсиз қонга беланган ўзбек муҳожири ким эди?

Россия, Ўзбекистон, миграция: "Ўликни ҳам ажратишадими?!"

Марказми, қамоқхона?

Би-би-си Ўзбек хизмати Москвадаги ҳуқуқ ҳимоячилари билан бирга бир неча "спецприёмник" - чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаб туриш марказларида бўлди.

Сақлаш марказларининг барчаси шаҳарлардан четда, кимсасиз ҳудудларда махсус қурилган, сим тўрлар билан ўралган, деразалари панжарали, полиция томонидан қўриқланадиган, кириш-чиқиш қаттиқ назорат қилинадиган биноларда жойлашган. Бир сўз билан айтганда, қамоқхона.

- Миграция қонунларини бузганлиги учун фуқароларни жиноятчилар сингари сақланиши қанчалик тўғри? Уларнинг жамият учун қандай хавфи бор?, - деб сўрадик ҳуқуқ ҳимоячиларидан.

- Бу жазонинг бир тури. Дейлик, алимент тўламаган оталарнинг ҳам жамиятга хавфи йўқ, аммо озодликдан маҳрум қилиниши мумкин, - изоҳлайди юрист Ботиржон Шерматов.

Россия неча йилларки ноқонуний миграцияга қарши курашмоқда. Аммо таҳлилчиларга кўра, бу борадаги қонунлар мукаммал эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

"Телефон берилмаслигига ўзлари айбдор"

"Мигрантлар қамоқхонаси"да аҳвол қанақа? Муҳожирларни сақлаш марказларида камида бир ойдан 7-8 ойгача тақдирини кутиб ётган муҳожирлар қандай "сақланаяпти"?

Барча ҳудудларда ўхшаш вазият: муҳбус муҳожирлар шароитдан нолишади.

- Овқатларини еб бўлмайди. Ҳожатхона камера ичида. Хоналар зах, одамлар касал - дейишади мигрантлар.

Уларнинг шикоятлари бўйича марказларнинг раҳбариятларига мурожаат қилдик, жавоблар ҳам ўхшаш: "бу ер санаторий эмас".

Москва вилоятининг Сахарова қишлоғида жойлашган марказ раҳбари ҳар бир маҳбуснинг кунлик эҳтиёжи учун маълум миқдор белгиланганини тушунтирди.

- Бир кунда бир кишининг овқати учун тегишли пул ажратилади. Сифат бўйича эътирозларга ўрин йўқ, ошхонамиз ҳамма вақт санэпидстанция назоратида, - деди Алексей Лагода,

Муҳожирлар телефонга рухсат берилмаслигини билдиришди.

- Умуман бермаймиз эмас, ҳафтада бир-икки кун бир неча соат фойдаланишларига рухсат берамиз. Бу тартибни жорий қилишимизга мигрантларнинг ўзлари сабабчи бўлишган, - тушунтирди раҳбар.

Раҳбарга кўра, муҳожирлар кун бўйи бекор ётганидан телефонлардан турли мақсадларда фойдаланишган.

- Тасаввур қиляпсизларми, ҳеч қандай ёнғин чиққани йўқ, марказга ўт ўчириш машинаси келди. Нима бўлди, деб суриштирсак, мигрантлар зерикканларидан шу томошани уюштиришибди. Бир кун "Тез ёрдам" чақиришади, бир кун ўт ўчириш машинасини, бир кун газ идорасини. 01, 02, 03, 04, шу кабиларга ёлғон қўнғироқлар билан ҳар хил ташкилотларни нечча марта овора қилишди. Бу битта мисол, бошқа вазиятлар ҳам кўп. Охири, телефондан фойдаланишга чегара қўйишга мажбур бўлдик, - гапириб берди марказ раҳбари Алексей Лагода.

"Калтакланаётганини исботлаш қийин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Ҳар учрашувда маҳбус муҳожирлар марказ ходимлари томонидан уларга нисбатан куч ишлатишлар бўлаётганини гапиришди. Гарчи раҳбарият буни қатъий рад этса-да, мигрантлар билан суҳбатлар асносида бу шикоятлар асоссиз эмаслигини билдик. Улар ҳатто камерага гапиришга қўрқишди.

- Овқатлар ёки шароитларни айтсак, бизни дўппослашади, - деди бир муҳожир. Яна бири эса, уларни кўргани келувчиларга ҳам шикоят қилингудек бўлса, "ўч"олинишини гапирди.

- Ўтган гал келганингизда шароитларни гапирган болани атай жўнатишмаяпти. У қатори тушганларнинг бари кетди, у бола қолиб кетаяпти, - дейди маҳбус мигрант.

Муҳожирлар бирин-кетин дардини айта бошлаганини кўрган полиция ходими бизга яқинлашиб "кўп гаплашманглар, юртдошларингизга қийин бўлади", деди ҳазил аралаш. Бу оҳангда таҳдидга ишора борлигини муҳожирлар ҳам сезди ва аста биздан узоқлашди. "Кўрдингизми?!", деди бир йигитча кетиши олдидан.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам марказда муҳожирларга нисбатан куч ишлатишлар қўлланилаётганидан хабардорлиги, аммо исботлаш мушкул бўлаётганини таъкидлашди.

"Уч ака-ука шу ердамиз"

Бу ерга ҳамманинг келтирилиш тарихи бир хил: рейдлар. Аммо ораларида ҳар хил тақдирли инсонлар. Масалан, Комилжон уч ака-ука Туладаги спецприёмникда ойлаб қолишаётганини айтади.

- Ижара уйимизда рейд ўтказилиб, ҳаммамизни шу ерга олиб келишди. Паспортимизда чегарага чиқиб-кириш учун урилган сохта муҳр бор эди. Ҳозир уч ака-ука шу ердамиз. Ҳар ой уйга 500 долларча пул юборардик, тўхтаб қолган. Қари ота-онамиз, ҳаммамизнинг бола-чақамиз, тирикчилигимиз бор. Менинг уйда ёш болам бор. Депортация қилсаям майли, кетишга билетни ҳам ўзимиз оламиз, фақат тезроқ бизни қўйиб юборишса, деймиз, - дейди Комилжон.

Баъзи тутқун муҳожирлар айбсиз келтирилганини айтади. Аммо суриштирувларимиз уларни миграция қонунларини яхши билмаслигидан ўзларини айбсиз ҳисоблаётгани маълум бўлади.

Тутқун муҳожирларнинг энг катта қисми ўзбекистонликлар. Улар орасида аёллар ҳам бор. Биз суҳбатлашган аёллар ҳужжатсиз ишлагани боис келтирилганини инкор қилишмади, уйга қайтариш жараёни жуда секин кечаётганидан нолишди.

"Йўқлаш фойда бераяпти"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Кейинги йилларда ҳуқуқшунослар, диаспоралар вакиллари, фаоллар, элчихона ва миграция агентлиги вакиллари марказларда сақланаётган муҳожирларнинг ҳолидан хабар олгани боришмоқда.

Бу ташрифларнинг қонунбузар муҳожирлар учун қандай фойдаси бор?

- Аввало, уларга зарур дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказилаяпти. Ҳатто уларнинг кун бўйи бекорлигини ҳисобга олиб, турли фойдали китоблар, шахмат-шашка каби ўйин жиҳозлари олиб бораяпмиз. Йўқлаб борганимизнинг ўзида марказ раҳбариятининг муҳожирларимизга бўлган муносабатини оз бўлса-да ўзгартираяпти. Ҳар ҳолда, бу фуқаролар ҳимоясиз ё назоратсиз эмас, деган маънодаги ижобий таъсири бор. Қолаверса, консуллик ва миграция агентлиги кўмагида бу ерда ойлаб қолаётган муҳожирларнинг ватанга қайтишлари тезлаштирилмоқда, - дейди юрист Ботиржон Шерматов.

Ҳуқуқшунос тутқун муҳожирларни йўқлаб туриш тадбирларида Тожикистон элчихонаси ёрдам бериб келаётганини таъкидлади.

"Билетга қарз беришса, ишлаб тўлардик"

"Мигрантлар қамоқхонаси"нинг тутқунлари асосан 18-40 ёшли эркаклар. Улар оғир шароитларда ойлаб кўра, қарзга бўлса ҳам билет олиб уйга қайтишга рози эканликларини айтишди.

- Ўзбекистон бизга билетга қарз бериб турса, бу ерда бекор ётгандан уйга бориб ишлаб тўлардик, - дейди бухороча шевада гапирган йигит.

Россия парламенти бу ишга лаёқатли тутқунлардан ҳам унумли фойдаланиш учун бир неча бор қонун лойиҳасини таклиф қилди, аммо ҳукумат ҳозирча бу вазиятга бирон бир ўзгартириш киритиш ниятида эмас.

Ўзбекистон томони эса ўтган йилдан бери шундай марказларда сақланаётган фуқароларини ватанга қайтаришни йўлга қўя бошлаган. Шу кунгача Миграция агентлигининг Москвадаги ваколатхонаси ва консулликлар кўмагида 2000 нафардан зиёд ўзбекистонлик оиласи бағрига қайтарилди.

Бироқ Россияда ноқонуний ишлашни танлаётган муҳожирлар бор экан, бу муаммо ҳали ўз ечимини топиши қийин. Миграция қонунлари қаттиқлашгани сари ўзбекистонликлар хужжатсиз ва ёки сохта хужжатлар билан юришни танлашмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳамкорлик келишувларида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларни иш билан таъминлаш, унинг ҳуқуқлари ҳимояси, уларни оғир вазиятларда ватанга қайтариш ва ёки жасадларини қайтариш бўйича сўз борган ва уларнинг амалий ишлари кўринаяпти.

Аммо меҳнат муҳожирлари ўзбек ҳукуматидан ўзлари учун энг катта муаммо бўлаётган "регистрация" ва "патент" борасида енгилликлар бўлишга эришилишни кутишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek