Ўзбекистон, Тошкент: Яна қанча инсон ўлиши керак?

Тунги клуб Фото муаллифлик ҳуқуқи Uriel Sinai

Ўзбекистон, Тошкент: Яна қанча инсон ўлиши керак? Тунги клублар нега назоратга олинмайди? - ўзбекистонлик таниқли курашчи, профессионал жангчи Муслимбек Омоновнинг ўлими ижтимоий мулоқот тармоқларини том маънода ларзага келтирган Ўзбекистон билан боғлиқ яна бир хабарга айланган.

Муслимбек Омоновнинг ҳаётдан кўз юмиши билан якунланган можаро 11 сентябрга ўтар кечаси пойтахт Тошкентнинг Юнусобод туманидаги кафеларнинг бирида юз берган.

Бор-йўғи 23 ёшда бўлган ММА профессионал жангчиси худди ана шу муштлашувда олган жароҳати сабаб, дунёдан кўз юмган.

Муслимбек Омонов ўзбекистонлик энг номдор спортчилардан бири бўлган.

У -77 кг вазн тоифасида кикбоксинг (МС) бўйича етти карра Ўзбекистон чемпиони, жаҳон чемпиони(К1 МС) ва ММА бўйича Осиё чемпиони бўлган.

Номдор жангчининг тунги клубдаги можаро билан боғлиқ ўлимига оид хабар ўтган бир кеча-кундузда Ўзбекистондаги барча йирик интернет нашрларининг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Ўзбекзабон Ғарб нашрлари ҳам бу хабарни назардан четда қолдиришмаган.

Айни шу янгилик билан боғлиқ постлар ўтган бир кеча-кундузда ижтимоий-мулоқот тармоқларида энг кўп муҳокама этилган мавзулардан бирига айланган.

Ўзбекистон ва тунги клублар: "Маънавият" бизни барбод қиладими?

Ўзбекистон: Тошкентда тунги клублар ёпиляпти - Солиқ қўмитаси яна эски усулларига қайтдими?

Ўзбекистон клубларида стриптиз ўйнаш мумкинми ёҳуд фейк хабар таъсири

Депутат сайёҳларга тунги Тошкентни деразадан томоша қилишни маслаҳат берди

Акс-садолар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Uriel Sinai

Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари томонидан бу хусусда қолдирилган коментларнинг сони бир неча юзлабга етган.

Аксарият ўзининг нигоҳини яна Ўзбекистондаги тунги клублар мавзусига қаратган.

Ўз коментларида тунги клублар ва спортчилар масаласига алоҳида урғу берган.

Дейлик, улардан бири, "Тунги клублар нега назоратга олинмайди, яна қанча инсон ўлиши керак?", - деб ёзган.

Бошқа бири эса, "Вой спортсмен инсон, клубда нима бор", - дея хитоб қилган.

Яна бир коментда эса, "Бу тунги клублар дам олиш маскани ва туристларни жалб қилиш учун ишлаш вақтлари узайтирилган эди. Лекин туристлар унча кўп кўпаймади. Балки ҳар хил ишкаллар маконига айланиб бораяпти. Бундай жойларни қаттиқ назоратга олиш керак!", - дейилган.

Комент қолдирганлар орасида, "Кечки клубга кимлар ва кимларнинг фарзандлари боради, милиция билан биргаликда Ёшлар Иттифоки аъзолари пинҳона текшириб, анализ қилсалар бўлмайдими? Мана, энди иккинчи чемпиондан ажралдик, эртага битта ҳам чемпионларимиз қолмайди. Чемпионимизда ҳам айб бўлгандир, кечаси тунда нима қилиб юрибди клубда? Кафе бор, ресторан бор, борсинлар, мазза қилиб суҳбатлашсин, мана оқибати, ёш кетди, Худо раҳматига олсин. Омин!", - деганлар ҳам бўлган.

"Ҳа, чемпионлар ҳаммаси тунги клубда ўлиб кетишаркан-даа😢😢😢...", - деган фикрлар ҳам кўзга ташланган.

Орада буни ёшларнинг қанчалик Исломий тарбиядан узоқ тутилгани билан изоҳлаган, тушунтирган коментлар ҳам кўрилган.

Уларнинг бирида, "Чунки масжидларни, қизларнинг ҳижобини назоратга олиш керак, соқолга осилиш керак. Исломга қарши курашиши керак. Делать нечем! Дискотека Исломга кирмайди, шунга назоратга олмайди! Қўйиб қўйган!", - деб ёзилган.

Кимдир, "Бизга тунги клублар нега керак, ўйлаб кўринглар мутасаддилар!!!", - деган бўлса, бошқа яна бири "Гап тунги клубда эмас, ҳамманинг ўзига боғлиқ. Уйида тинч ўтирганлар кўпчиликни ташкил қилади. Вафот этганларни Аллоҳ раҳматига олсин", - дея комент қолдирган.

Худди шу манзарада яна бир ўзбекистонлик, "Эътиқодли, яхши йигит эди, Аллоҳ яхши амалларини ҳамроҳ қилсин!", - деб ёзган.

Расмий муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Сўнггида Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси ҳам бу хабарни расман тасдиқлаб чиққан.

Кафедаги муштлашув натижасида уч нафар шахс тан жароҳатлари билан касалхонага мурожаат қилгани маълум бўлган.

Англашилишича, улардан бири, яъни 23 ёшли Муслим Омонов шифокорлар ҳаракатларига қарамай вафот этган.

Бу ҳақдаги расмий хабарда жароҳат олгани айтилган қолган икки нафарнинг аҳволига оид бирор бир маълумот берилмаган.

Учовлон айнан ниманинг натижасида ва қай даражадаги тан жароҳати олишга тафсилотлари ҳам келтирилмаган.

Айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Бу "Қасддан баданга оғир шикаст етказиш" ҳолатини назарда тутади.

"Безорилик ҳаракати"нинг барча иштирокчилари аниқланди. Жорий пайтда тергов ишлари давом этмоқда", - дейилади расмий хабарда.

Биринчи ҳодиса эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCzubek

Ўтган йилнинг август ойида Тошкент шаҳрининг айнан Юнусобод туманида жойлашган тунги клубда ҳам худди шунга ўхшаш ҳодиса юз берган.

Бу можарода ўзбекистонлик эркин курашчи, халқаро тоифадаги спорт устаси Жамшид Кенжаев вафот этган.

Номдор курашчининг ўлими билан боғлиқ бу воқеа ҳам ўшанда озмунча баҳсу мунозарага сабаб бўлмаган.

Худди ўша йили июнь ойида ўзбекистонлик яна бир номдор ММА жангчиси, "Осиё айиғи" лақаби билан дунёга танилган Мурод Хонтўраев билан боғлиқ пичоқбозлик ҳодисаси ҳам юз берган.

Жамшид Кенжаев вафоти ортидан эса, Тошкентдан пойтахт тунги клубларига рейдлар ўтказилгани, бир қанчасининг солиқдан бўйин товлаш гумони билан ёпиб қўйилганига оид хабарлар олинган.

Мазкур ҳолат ўшанда ўзбекистонлик айрим мустақил журналистлар томонидан тунги клубларни ёпиш борасида берилган оғзаки кўрсатманинг аломати сифатида ҳам талқин этилган.

Шу воқеадан қисқа вақт ўтмай, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кечки соат 21:00 дан кейин спиртли ичимликлар сотилмаслигини буюрган.

Ҳокимларга мазкур буйруқ алкоголь истеъмоли туфайли келиб чиқаётган қотилликларнинг кўпайгани билан изоҳлангани айтилган.

Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларида "Бизга тунги клублар керакми?", деган мавзуга алоҳида эътибор қаратилган, сўровлар ўтказилган.

Буларнинг барчаси тунги клублар ёпилиши фуқаролар эркинлиги чекланишини англатишига оид чиқишларга ҳам сабаб бўлган.

Айни мазмундаги мақолаларнинг ўзи ҳам ижтимоий мулоқот тармоқларида озмунча баҳсу мунозараларга сабаб бўлмаган. Яна маънавият масаласи кўтарилган.

Одамларнинг тунда кўчага чиқишини оқламаётган муаллифлардан бири, пойтахт меҳмонхоналарининг деразаларидан Тошкентнинг тунги манзаралари яна-да чиройлироқ кўринишини айтган.

Худди шу манзарада тунги клублар хорижлик туристларни Ўзбекистонга жалб қилувчи муҳим бир омил эканига оид фикрлар ҳам бўй кўрсатган.

Ўзбекистон эса, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилиги, раҳбарлиги остида мамлакат иқтисоди асосларини турфалаштирмоқчи.

Ўзбекистон эга бўлган катта потенциалдан фойдаланиб, туризмни иқтисоди учун яна бир муҳим ва асосий даромад манбаларидан бирига айлантирмоқчи.

Муслимбек Омонов билан юз берган ҳодиса расмийлар ва масъулларни яна икки танлов олдида қолдириши мумкин, дейишади маҳаллий кузатувчилар.

Ўзбекистонлик айрим интернет фойдаланувчиларига кўра, масаланинг яна бир муҳим жиҳати ҳам борки, бу каби ҳолатлар "туристларни чўчитмай ҳам қолмайди".

"Туризмга катта минус"дир.

Сиз нима дейсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek