Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси: Ҳокимни танқид қилган блогер дарҳол озод қилинсин

Нодирбек Ҳожиматов эркин фикри учун бундан олдин ҳам қамалган Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Nodirbek Xojimatov
Image caption Нодирбек Ҳожиматов эркин фикри учун бундан олдин ҳам қамалган

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни Ҳимоя Қилиш Қўмитаси (CPJ) Андижон вилояти ва Шаҳрихон тумани ҳокимларини Facebookда танқид қилгани учун 10 суткага қамалган блогер Нодирбек Ҳожиматовни дарҳол озод қилишни сўрамоқда.

Нодирбек Ҳожиматов (Nodirbek Xojimatov) Facebook саҳифасида "сўконғичлиги ва қўли остидагиларга қўпол муомаласи ҳамда кўзбўямачилиги билан танилган ҳокимлар мукофотга лойиқ эмас"деган изоҳи учун 12 сентябр куни 10 суткага қамалган.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича раҳбари Гулноза Саиднинг Би-би-сига айтишича, ҳокимларга орден берилишини танқид учун қамаш эски даврнинг аломатларидан дарак беради.

"Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда матбуот эркинлигини ҳурмат қилишга қарата қўйилган қадамлар бизни қувонтирмоқда. Аммо блогер Нодирбек Хожиматовни ҳокимларга орден берилишини танқид қилгани учун қамаш эски даврнинг аломатлари ҳануз мавжудлигидан дарак беради.

Блогерни билдирган фикри учун қамаш сўз эркинлиги ва матбуот эркинлигининг поймол этилиши ҳисобланади. Блогерларнинг ҳам, оддий фуқароларнинг ҳам у ёки бу ҳоким ёки бошқа мансабдорни танқид қилиш - Конституцияда мухрланган ҳуқуқ эканини Ўзбекистон судяларига эслатиш лозим кўринади. Блогер Нодирбек Хожиматов дарҳол озод этилиши керак", - дейди Гулноза Саид.

29 ёшли доришунос Нодирбек Ҳожиматов Президент томонидан тақдирланган Андижон ва Шаҳрихон тумани ҳокимларини бунга нолойиқ, деб ёзиши ортидан 12 сентябр куни милиция ходимлари излаб келади.

Яқинларининг Би-би-сига айтишича, Шаҳрихон туман ички ишлар бошқармасидагилар Нодирбекдан тушунтириш хати олиб қўйиб юборишларини айтишади.

Бироқ тушунтириш хати олиб бўлингач уни олдиндан тайёрлаб қўйилган делога қўшишади ва ўзини қамаб қўйишади.

Ички ишлар идорасидагилар блогерга Президент фармони билан тақдирланган ҳокимларни танқид қилиш мумкин эмаслигини тушунтиришган.

12 сентябр куни Маъмурий ишлар бўйича Шаҳрихон туман судида Ҳожиматовнинг иши кўриб чиқилди.

Би-би-си манбасининг айтишича, судда блогер Нодирбек Ҳожиматовнинг ҳуқуқлари таъминланмаган.

Уни адвокат иштирокисиз судлашган.

Судда Шаҳрихон тумани ҳокимлигидан чамаси 10 киши қатнашганлиги айтилмоқда.

Судя улардан 3-4 нафарини тургизиб, даъвойингиз борми, деб сўраган.

Улар даъвойимиз бор, қонуний ҳал қилиб беринг дейишган.

"Айбловномада Ҳожиматовнинг ҳокимлик биносига келиб жанжал қилган, бақирган, деб ёзилган. Бундан ташқари вилоят ва туман ҳокимига орден берилганига рози эмасман деган сўзларни айтди, деб судлашди", дейди унинг яқинларидан бири.

Нодир Ҳожиматов эса, туман ҳокимлигига бормаганини ва жанжал қилмаганини айтган.

У ушбу судни Шаҳрихон туман ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар бошқармаси келишиб қилган иш эканлигини таъкидлаган.

Судя маҳкамада тасодифан иштирок этган Нодирбек Ҳожиматовнинг отаси Нурмуҳаммад Ҳожиматовнинг гапларини эшитишни истамаган.

У блогер қонунларни бузгани учун 4,5 миллион сўмдан 9 миллион сўмга жаримага тортилиши кераклигини, бироқ унга 10 сутка қамоқ жазоси беришини айтиб ҳукм чиқарган.

12 сентябр куни суд залидан қўлига кишан солиб олиб чиқиб кетилган Нодирбек Ҳожиматов 2 кундан бери яқинларига кўрсатилмаяпти.

Би-би-си манбасининг айтишича, Шаҳрихон туман ички ишлар бошқармаси раҳбарияти блогернинг яқинларига босим ўтказишга ҳаракат қилган.

Ички ишлар ходимлари Нодирбекни интернетда ҳимоя қилмасдан жим ўтиришни, акс ҳолда ёмон бўлишини айтган.

Ҳожиматовнинг ҳокимлар тўғрисида ёзган изоҳи ўчириб ташланган.

Яқинлари ушбу пост милиция босими остида ўчирилганига ишонишини айтмоқда.

Би-би-сининг расмийлардан изоҳ олишга қилган ҳаракатлари бесамар кетди.

Нодирбек Ҳожиматовнинг ахборот олиш ва уни тарқатиш тарқатиш ҳуқуқи бундан олдин ҳам бузилгани айтилади.

2018 йилнинг октябр ойида у пахта мавсумида ЙПХ ходимлари ҳайдовчини тўхтатиб дубинка билан калтаклаётганини тасвирга олиб "Озодлик" веб саҳифасига юборгани учун 10 суткага қамалган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek