Ўзбекистон: Расул Кушербаевнинг номзоди кўрсатилмаслиги ҳақидаги баёнот рад этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши декабр ойидаги сайловларда депутат Расул Кушербаевнинг номзоди кўрсатилмаслиги ҳақида Бўстонлиқ туман Кенгаши депутати Қобул Дўсовнинг баёнотини рад этиб чиққан.

Партиянинг расмий веб саҳифасида чоп этилган баёнотда O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси котибият мудири Нуриддин Муродов баёнотни "ҳеч бир асосга эга эмас" деб атаган.

Муродов "Расул Кушербаевни партия ва фракциянинг фаол ва жонкуяр аъзоларидан бири сифатида кўришлари"ни айтган.

Ўзбекистон: Депутат Мирзиёевни уйғурлар борасида Хитойга ён бермасликка чақирди

Унинг аниқлик киритишича, депутатликка номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади.

Либерал-демократик партия мулозими Қобул Дўсовга "O'zLiDeP партияси ва унинг аъзоси Расул Кушербаевга оид асоссиз хабар ва ахборотни тарқатмаслик"ни тавсия қилган.

Аввалроқ Хитойдаги мусулмон уйғурларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан депутат Қобул Дўсов пайшанба куни ўзининг Фэйсбук саҳифасида "ватан ва юрт келажаги учун шов - шувга сабаб мавзуларни кўтарганларидан кейин" ўзи ва Расул Кушербавнинг номзоди депутатликка кўрсатилмаслигини эшитгани ҳақида ёзганди.

Баёнотга муносабат билдирган Кушербаевнинг ўзи "подадан олдин чанг чиқармаслик"ка чақирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Қобул Дўсов аввалроқ Хитойдаги мусулмон уйғурларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққанди

"Ҳали партиялар томонидан депутатликка номзодларни кўрсатиш муддати етиб келгани йўқ. Шу боис, менинг номзодим қўйилди қўйилмади деган гап-сўзлар асоссиз ҳозирда. Бундан ўзимни ҳам хабарим йўқ. Подадан олдин чанг чиқариб, бундай гап сўзлар билан мени ноқулай аҳволга тушириб қўймоқдасизлар. Ҳамма ишнинг ўз муддати бор", деб ёзган у Фэйсбук саҳифасида. (Орфография сақланди-таҳр.)

Кушербаев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг энг фаол депутатларидан саналади.

Айни пайтда 20 сентябр куни парламент сайлови тарғиботларига старт берилиши кутилмоқда.

Пайшанба куни Марказий Сайлов Комиссияси сайловларнинг 22 декабр куни ўтказилишини эълон қилган.

Овоз бериш жараёнлари Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейинги илк парламент сайловлари бўлади.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти биринчи марта Ўзбекистондаги сайловларга тўлақонли кузатувчилар ҳайъатини юборишини маълум қилган.

Мухолифат гуруҳлари сайловларнинг Каримов давридаги "қўғирчоқ партиялар" иштирокида ўтишини танқид қилишмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek