АҚШ Марказий Осиё давлатларига: Уйғурларни Хитойга топширманг

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Хитой бир миллиондан ортиқ мусулмонларни ҳибс қилишда айбланади

АҚШ: "Уйғурларни топширманг"

АҚШ Давлат Котиби Майк Помпео Марказий Осиё давлатларини Хитойнинг этник уйғурларни топшириш талабига қаршилик кўрсатишга чақирди.

Бу ҳақда Американинг юқори мартабали дипломати якшанба куни АҚШ ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирларининг Нью-Йоркдаги учрашуви чоғида гапирган.

"С5+1" форматидаги учрашув Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирларининг Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеяси йиллик анжуманидаги иштироки чоғида бўлиб ўтган.

Дунё: 22 давлат уйғурлар ҳимоясига чиқди, орасида биронта ҳам мусулмон давлати йўқ

Би-би-си мухбири Хитойдаги мусулмон уйғурлар жамлоғида нималарни кўрди?

Ўзбекистон: Депутат Мирзиёевни уйғурлар борасида Хитойга ён бермасликка чақирди

АҚШ Давлат Котибининг сўзларига кўра, уйғурларни тутиб бериш талабининг Хитой даъво қилаётгани каби терроризмга қарши курашга алоқаси йўқ.

Помпеонинг таъбирича, бу "озчилик маданияти ва динини буткул йўқ қилиб юбориш ҳаракатидир".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Помпеонинг таъбирича, Хитойнинг амаллари "озчилик маданияти ва динини буткул йўқ қилиб юбориш ҳаракатидир"

АҚШ Давлат Котибига кўра, Марказий Осиёдаги барча давлатларнинг Хитойнинг Шинжондаги зўравонликлардан қочган уйғурларни қайтариш талабига қаршилик кўрсатишлари муҳимдир.

Хитой бир миллионга яқин уйғурларни ўзи қайта тарбиялаш марказлари деб атайдиган қамоқхона-лагерларда сақламоқда.

Расмий Пекин ҳибсхоналар билан боғлиқ халқаро танқидларни қатъиян рад этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистонда Хитойга қарши намойишлар

Шанба куни Қозоғистоннинг икки йирик шаҳрида полиция "Хитой экспансияси"га қарши намойишга чиққан 60 га яқин одамни ҳибсга олган.

Намойишчилар Хитойнинг Қозоғистондаги "иқтисодий экспансияси"га барҳам беришни талаб қилганлар.

Қўшни Хитой Қозоғистоннинг энг йирик инвестор ва савдо шерикларидан ҳисобланади.

Хитойнинг бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарини Қозоғистонга кўчириш режаси Қозоғистон аҳолисининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Намойишчилардан бири Франс пресс агентлиги билан суҳбатда Қозоғистон ҳукумати маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаш ўрнига Хитой инвестицияларини афзал кўраётганини танқид қилган.

Рейтер мухбирининг гувоҳлик беришича, пойтахт Нур-Султонда полиция "Хитой экспансиясини тўхтатамиз" деган шиорни ёзиб олган намойишчини ҳибсга олган.

Аввалроқ Францияда яшаётган собиқ банкир ва мухолиф сиёсатчи Мухтор Аблязов намойишларга чақирганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Чернобил" энг яхши мини-сериал деб топилган

Эмма - "Чернобил" энг яхши мини-сериал деб топилди

Лос-Анжелесда йилнинг энг яхши телесериаллари учун 77-марта "Эмма" мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.

1986 йилда Чернобилда юз берган атом электр станцияси ҳалокатига бағишланган "Чернобил" сериали энг яхши мини-сериал деб топилган.

Унинг режиссёри Юхан Ренк энг яхши мини-сериал режиссёри, сценарий муаллифи Крейг Мейзин эса энг яхши мини-сериал сценаристи мукофотларига лойиқ қўрилган.

Бу йилги мукофот ғолибларидан бири британиялик киночилар суратга олган "Бузуқ" (Fleabag) сериали бўлди, у тўртта номинацияда ғолиб деб топилди.

Булар "Комедия жанридаги энг яхши сериал", "Комедия сериалидаги энг яхши актриса" (актриса Фиби Уоллер-Бридж), "Комедия сериали режиссураси" (Гарри Брэдбир) ҳамда "Комедия сериалининг сценарийси" (Фиби Уоллер-Бридж) номинациялари.

Кўпчиликни дунё бўйлаб миллионлаб томошабинлар қалбини забт этган "Тахтлар ўйини" сериали нечта ҳайкалча олиши қизиқтираётганди.

Унинг сўнгги, саккизинчи мавсуми шу йил баҳорида экранларга чиққан.

Пировардида "фэнтези" жанридаги сериал иккита номинация - "Драма жанридаги энг яхши сериал" ва "Драматик сериалда ўйнаган энг яхши иккинчи пландаги актёр" (Питер Динклэйж Тириона Ланнистера роли учун) номинациялари бўйича ғолиб деб топилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Арипов ва Медведев ўтган йил сентябрида АЭС қурилиши бўйича битимни имзолашган

Ўзбекистондаги АЭС энг хавфсизи - Арипов

Бош вазир Абдулла Арипов Ўзбекистон раҳбарияти мамлакатда қурилиши режаланган АЭСнинг юксак даражада хавфсизлигига ишончи комил эканини айтган.

Бу ҳақдаги баёнот жума куни Тошкентдаги минтақа энергетика вазирларининг биринчи анжуманида янграган.

"Замонавий фан ва технологиянинг ривожланиш тенденцияси, энергетика соҳасидаги тараққиётнинг турли йўналишларини ўрганган ҳолда биз ўз атом энергетикамизни яратишга қарор қилдик", дейилади Ариповнинг Энергетика вазири Алишер Султонов томонидан ўқиб эшиттирилган анжуман қатнашчиларига мурожаатида.

Унда таъкидланишича, танлов жараёнида ўзбек томони барча омиллар, жумладан, атроф-муҳит, иқтисодий рентабеллик ва рақобатбардошликни инобатга олган.

Шу йил майида "Ўзатом" агентлиги Марказий Осиёдаги илк атом электр станциясини қуриш учун Жиззах вилоятида жойлашган Айдар-Арнасой кўллар тизимига кирувчи Тузкон кўли яқинидаги майдон танланганини эълон қилган эди.

Тадқиқот ишларини ўтказаётган мутахассисларнинг изоҳ беришича, ерости платалари бир йилда 10 миллиметрга суриладиган ва 9 баллдан зиёд зилзила юз бериши эҳтимоли мавжуд ҳудудда АЭС қуриш мумкин эмас.

Бироқ мутахассисларга кўра, танланган майдонда бундай хавф йўқлиги тадқиқотлар давомида исботланган.

АЭС қурилиши Россия ҳукумати кредитини жалб этиш йўли билан 2022 йилда бошланиши режалаштирилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek