Прокуратура: ДХХ ва ИВВ бозорда этика ва эстетика билан шуғулланди

Жамолиддин Муҳаммаджон соқоли мажбуран олдирилган 138 фуқаронинг бири Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Жамолиддин Муҳаммаджон соқоли мажбуран олдирилган 138 фуқаронинг бири

Тошкент шаҳар прокуратурасининг айтишича, ДХХ ва ИИВнинг Терроризм ва Экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси 25-26 август кунлари бозорда гигиена, эстетика ва этика бўйича тадбир ўтказган. Инсон ҳуқлари ҳимоячилари фуқароларнинг соқолини мажбурлаб олиш билан тугаган бундай тадбирни ноқонуний ва бемаза демоқда.

Тошкент шаҳар прокуратураси бундан бир ой олдин Тошкентдаги "Малика" савдо мажмуасида ўнлаб шахсларнинг соқолини мажбурлаб олдириш бўйича фуқаро Жамолиддин Муҳаммаджон томонидан ёзилган аризага жавоб берди.

Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари Н. Ш. Наримов жавоб хатини расмий мактубларга хос бўлмаган тарзда "Ассалому алайкум", - деб бошлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Шаҳар прокуратураси ёзган жавобда қонун бузилмагани айтилади

У жорий йилнинг 25-26 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлик хизмати, ИИВ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси ва Тошкент шаҳар ИИББ пойтахтдаги "Малика" савдо мажмуасида профилактик ишлар ўтказгани ва 138 нафар фуқаро билан тезкор суҳбат ўтказганини тасдиқлаган.

Прокурор Ўзбекистоннинг хавфсизлиги учун масъул бўлган бу идоралар савдо мажмуасида этика, эстетика ва гигиена қоидалари билан шуғулланиб юрганини билдирган.

"Мазкур тадбир фуқароларнинг ташқи кўриниши уларнинг биометрик паспортида бўлган суратлари ўртасидаги тафовутни олдини олиш ҳамда иш жойларида этика, эстетика ва гигиена қоидаларига зид келганлиги учун ушбу савдо мажмуасига келган мижозлар ва шаҳримиз мехмонларига юртимизнинг маданиятини чиройли тарзда ифода этиш мақсадида ўтказилганлиги маълум бўлган", - дейилади мактубда.

Жавоб хатида 138 кишининг соқоли мажбуран олдирилгани тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

"Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида ички ишлар органлари ходимлари хатти-ҳаракатларида бирор-бир қонунбузилиш ҳолатлари аниқланмаган", - дейилади мактубда.

Бош Прокуратура мактуб ҳақиқий эканлигини тасдиқлади.

Бироқ Би-би-сининг ДХХ ҳамда ИИВнинг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси бозорда эстетика ва этика билан шуғулланиб юриши қанчалик қонунга мослиги ҳақидаги саволни очиқ қолдирди.

"Малика" савдо марказига иш билан бориб соқоли мажбуран олдирилган Жамолиддин Муҳаммаджон Ўзбекистондаги бир неча расмий идораларга шикоят ёзган.

Унинг айтишича, шаҳар прокуратураси ҳодисани суриштириб ҳам кўрмаган.

"Соқолимни олиш жараёни 23 август куни бўлган эди. Прокурорнинг хатида 25-26 август кунлари дейилган. Воқеани суриштириб ҳам ўтирмасдан жавоб беришган. Тошкент шаҳар ИИББ эса ариза ёзилганига бир ой бўлаётгани бўлса ҳам бирорта жавоб бергани йўқ. Икки ташкилот устидан судга мурожаат қилишни мақсад қиляпман", дейди Жамолиддин Муҳаммад.

Москвадан ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад прокуротура мактуби бир қанча савол ва эътирозлар пайдо қилганини айтади.

"Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги" Низомнинг 17-қисмида қандай ҳолларда фуқароларга паспорт расмийлаштирилиши ва берилиши кўрсатиб ўтилган бўлиб, у ерда фуқаронинг ташқи кўриниши ва паспортидаги сурати ўртасида тафовутнинг юзага келиши қайд этилмаган. Ундан ташқари, бошқа ҳужжатларда ҳам фуқароларнинг паспортларидаги суратга мос равишдаги ташқи кўринишда юриш талаби кўрсатилмаган. Яъни, ўша тафовутни олдини олиш мақсади ёки зарурати қандай қонуний асосга таяниши тушунтирилмаган", дейди юрист.

Ботиржон Шермуҳаммад, шунингдек, айнан нима этика, эстетика ва гигиена қоидаларига зид келиши келтирилмаганлигини айтади.

Прокурор жавоб хати билан танишиб чиққан Тошкентдан инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромовнинг айтишича, ДХХ ва ИИВ Терроризм ҳамда экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси қандай ҳужжатга асосланиб савдо марказида бу тадбирни ўтказгани кўрсатилмаганини айтади.

"Жавоб мактубида бу тадбир нимага асосланиб ўтказилгани кўрсатилмаган. Қайси буйруқ ёки топшириқ асосида бўлган бу ишлар? ДХХ ҳамда Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаларининг бозорда этика ва эстетика масалалари билан шуғлланиб юриши ноқонуний ва бемазагарчилик", дейди Сурат Икромов.

Москвадан юрист Ботиржон Шермуҳаммад этика ва эстетика қоидалари бирор қонуний ҳужжатда акс эттирилмаган бўлиб, нисбий тушунча ҳисобланишини таъкидлайди.

"Қайси гигиена қоидаларини айнан нима бузаётгани ҳақида ҳам маълумот берилмаган. Агар савдо марказига мижоз сифатида борган аризачининг соқоли қандайдир гигиена қоидаларига зид бўлса, бунга ҳам изоҳ берилса бўларди", дейди у.

У амалдаги қонунчиликка зид бўлмаган фуқаронинг ташқи кўриниши ва Ўзбекистон маданиятини чиройли ифода этиш ўртасидаги боғлиқликни ўрганиш прокуратура ёки бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлар вазифасига кирмаслигини айтади.

"Фуқароларнинг ташқи кўриниши ва қандайдир гигиена қоидалари билан боғлиқ профилактик тадбирда нима сабабадан ДХХ ва ИИВ нинг терроризм ва эсктремизмга қарши кураш бошқармаси қатнашгани тушунарсиз ҳолат. Соқол билан юрган ўша 138 фуқаронинг терроризм ва экстремизмга оид бирор жиноят содир қилгани ҳақида маълумот келтирилмаган", - дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

Юристнинг таъкидлашича, фуқаро Жамолиддин Муҳаммаджон мурожаатида келтирган ички ишлар ходимларининг ўзларини таништиришдан бош тортганликлари, у билан бўлган суҳбат расмийлаштирилмагани, тегишли баённома тузилмаганлиги, узоқ вақт асоссиз ушлаб турилгани ва унинг соқоли мажбурий олингани ҳақидаги хабарларга ҳуқуқий баҳо берилмаган.

"Аризада келтирилган сартарош, эксперт ва бошқа шахслар билан суриштирув ўтказилгани ҳақида маълумот берилмаган", дейди у.

"Прокуратура тўғрисида" ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 2-моддасига кўра, прокуратура асосий вазифалари қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишдан иборат.

"Шу боис, прокуратура органлари ўз вазифаларини амалга ошириш давомида қандайдир нисбий тушунчалар билан эмас, амалдаги қонунчилик нормалари асосида ишлашлари керак", дейди Ботиржон Шермуҳаммад.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek