Ўзбекистон, Ўш ва ўзбеклар: 30 йил деганда Андижонга бораяпман

Ўш Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Қирғизистон-Ўзбекистон: Ўш-Андижон автомобиль қатнови йўлга қўйилди:

Микроавтобуслар икки давлат вилоятлари орасидаги қарийб эллик чақирим йўлни тахминан бир соатда босиб ўтиб, йўловчиларни ўз манзилига етказади.

25 сентябрь куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрига микроавтобуслар қатнай бошлади.

Аввалига Ўш автобекатида мазкур йўналишнинг очилиши муносабати билан тадбир ўтказилиб, унда икки қўшни вилоят расмийлари қатнашди.

Тадбирда қирғиз ҳукуматининг Ўш вилоятидаги мухтор вакили муовини Аҳмаджон Маҳаммадов, мазкур микроавтобус қатнови икки давлат раҳбарларининг ташаббуслари асосида, қирғиз ва ўзбек дўстлигини янада мустаҳкамлаш ва уларнинг ўзаро қатновига қулайликлар яратиш мақсадида йўлга қўйилганини таъкидлади.

Ўзбекистон Қирғизистон билан 407 гектар ер алмашди, аҳоли нимадан норози?

Ўзбекистон ҳайъати Ўшга ташриф буюрди

Қирғизистон: Ўш-Эркеч-Том йўли тўсиқлигича қолмоқда

Қирғизистон: Ўш шаҳри "Турк дунёсининг маданий маркази" мақомини нишонламоқда

"СССР даврида Ўзбекистоннинг барча шаҳарларига автобуслар қатнарди. Кейинчалик, афсуски бу қатновлар тўхтаб қолган. 2016 йилнинг кузидан бошлаб қарийб уч йил давомида икки давлат раҳбарлари учрашувида, Қирғиз Республикасининг Президенти Сўўрўнбай Жээнбеков қўшни давлатга ташрифи чоғида ҳам халқнинг талаби қатори ҳар бир учрашувда айтиб келган. Шундан сўнг чегарадош уч вилоят раҳбарлари иштирокида кенгаш ташкил этилди ва Ўш шаҳридан Ўзбекистоннинг қўшни вилоятларига автомобиль қатновини очиш масаласи қўйилди", дейди Аҳмаджон Маҳамадов.

Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда Ўшдан Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига ҳам микроавтобуслар қатнови ва Ўш - Тошкент авиақатновини очиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, расмий йўловчилар учун чегара нуқталарида муаммолар бўлмаслигини, бу масалада икки давлат чегара ва божхона хизматлари билан келишилганини урғулади.

Янги қатнов

Ўшдан Андижонга "Дўстлик" чегараси яқинидаги автобекатдан замонавий, барча қулайликларга эга микроавтобуслар қатнайди.

Бугунги кунда айни йўналиш бўйича Қирғизистон томонидан 6 та, Ўзбекистон томонидан 6 та, жами 12 та микроавтобуслар йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Келажакда уларнинг сонини кўпайтириш режалаштирилган.

"Микроавтобуслар эрталабги соат 7дан кечки соат 7гача, ҳар 20 дақиқада қатнайди. Йўл кира ҳаққи қирғиз сўмига 110 сўм ёки 10 минг ўзбек сўмини ташкил этади.

Одатда "Дўстлик" чегара пунктидан Ўзбекистонга ўтиб, у ердан таксида Андижонга кетадиган ўшликлар бугун автобекатда "Икки халқнинг ҳамжиҳатлиги ва дўстлиги", дея ёзилган микроавтобусларни кўриб, унга чипта сотиб олиш истагини билдирдилар.

Ўзгандлик Одинахон опа Абдуғопирова сал кам ўттиз йилдан бери Ўзбекистонга бормаган. Касби ҳисобчи бўлган бу аёл Марҳаматдаги опасини кўргани Андижонга кетмоқда.

"Худо хоҳласа, Ўш-Андижон микроавтобус қатнови очилаяпти. Мендақаларга жуда яхши бўлибди. Андижонга бормаганимга 30 йил бўлди. Аҳолига йўл очиб берганларга катта раҳмат. Тинчлик, хотиржамликда барчамиз бирдамликда юришликка Оллоҳим насиб қилсин. Биз ўзбекистонликларни кўрайлик, улар бизни кўрсин", дейди Одинахон опа биз билан суҳбатда.

Ўшдан Андижон томон йўлга чиққан жамоат транспортининг биринчи рейсини "Дўстлик" чегарасида Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг бошқарма раҳбари Аброр Исаев бошчилигидаги оқсоқоллар кутиб олишди ва микроавтобус сафари бехатар бўлиб, йўловчиларни соғ-омон манзилларига етказишларини тиладилар.

Ўзбек расмийсининг сўзларига кўра, ҳар икки давлат чегара ва божхона постлари томонидан жамоат транспортининг тез фурсатларда ўтиши учун "яшил йўлак" ташкил этишга келишилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг бошқарма раҳбари Аброр Исаев

"Йўловчилар учун "яшил йўлак" жорий қилинади. Ҳозирги кунда чегара назорат пунктлари тор. Келажакда икки давлат орасидаги келишув асосида назорат пунктлари кенгайтирилади. Ўшанда йўловчи транспорт учун алоҳида "яшил йўлак" бўлади. Тошкентдан Қозоғистонга кетаверишдаги чегара пунктимизда худди шундай қилинган. Автобус келганда, алоҳида йўлакдан ўтади", дейди Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг бошқарма раҳбари Аброр Исаев.

Ўшлик Нурмуҳаммад ота бугун йўлга қўйилган микроавтобус қатновидан хурсанд экани, энг аввало тинчлик ва соғлик бўлса, қолган нарсалар топилишини айтади.

"Ўзбекистон-Қирғизистон йўли очилганига раҳмат. Айниқса қариларга қулай бўлди. Юкимиз ҳам йўқ, ҳозир Андижонга кетаяпмиз" - дейди 83 ёшли отахон.

Ўш-Андижон йўналишидаги микроавтобус йўловчилари "Дўстлик" чегара пунктида навбатсиз назоратдан ўтганларидан сўнг, Андижон тараф йўл олди.

Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу йўналишда кунига 2 минг нафар йўловчи ташилиши кутилаяпти.

Чегарадаги вазият

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Бугунги кунда Ўшдаги "Дўстлик" чегара пункти Ўзбекистон билан энг йирик ўтказиш маскани ҳисобланади.

Расмий маълумотларга кўра, бир куннинг ўзида ушбу пунктдан ўн мингдан ортиқ одам ўтади.

Чегараолди вилотяларида яшовчи ўзбекистонликлар Қирғизистонга асосан полиз экинликлари ва қурилиш моллари олиб келиб сотадилар ва Қорасув бозоридан маиший техника буюмлари, кийим-кечак харид қилиб, Ўзбекистонга кетадилар.

Аҳолиси 6 млндан сал кўпроқ Қирғизистонда, қарийб 1 млндан ортиқ ўзбек яшайди.

Улар Ўзбекистонга асосан меҳмондорчилик ва дам олишга борадилар.

Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи маҳсулотларнинг Қирғизистон ҳудудида расмий ваколатхоналарини ҳам очиб ишлатадилар.

Сўнгги йилларда икки давлат орасидаги қўшма корхоналар сони бир неча баробарга ошган.

Шунингдек, ўзаро товар алмашинув, савдо кўрсаткичлари ҳам юқорилаган.

Узоқ йиллар давомида бир тарафлама ёпиқ турган "Дўстлик" чегараси 2016 йилнинг сентябрида вафот этган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг иқтидорга келган Шавкат Мирзиеёвнинг Қирғизистон расмийлари билан ўрнатган яхши муносабатлари ортидан очилган.

Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан умумий чегараси 1170 километрни ташкил этади.

Ҳозирги кунда ушбу чегаранинг қарийб 90 фоизи аниқлангани, ўндан ортиқ чегара ҳудудларини делемитация ва демаркация қилиш ишлари олиб борилаётгани айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek