Ўзбекистон: Хоразм милицияси журналист Давлатназар Рўзметовни нега ушлади?

Журналист Давлатназар Рўзметов бир йил олдин 7 суткага қамалганди Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Журналист Давлатназар Рўзметов бир йил олдин 7 суткага қамалганди

Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармаси "Жамият" ижтимоий-сиёсий газетаси мухбири Давлатназар Рўзметовни 5 соат таянч пунктида ушлаб ўтирди. Журналист унинг касбий фаолиятига доир босим ўтказишга ҳаракат бўлганини айтмоқда.

Давлатназар Рўзметов мажбуран руҳий шифохонага ётқизилган блогер Шабнам (Нафосат) Оллошкурованинг яқинларидан бири билан учрашаётган вақти ички ишлар органи ходимлари томонидан ушлаб кетилган.

Журналист ва блогернинг қариндоши учрашаётган маҳал Рўзметовга оғзидан ароқ ҳиди келиб турган аёл ҳужум қилгани айтилмоқда.

Ўша атрофда юрган ички ишлар органининг икки ходими, дарҳол журналистни ушлаб кетган.

"Менга нисбатан пора олди, деб ариза берган ва даъвоси қондирилмаган бир аёл келиб ҳужум қилди. Маст эди, оғзидан ароқнинг ҳиди гупиллаб уриб турганди. Гаплашаётган телефонимга ташланди. Шу вақти ёнимиздаги скамейкада фуқаро кийимида ўтирган шахс ва сал нарироқда юрган участка нозирлари етиб келишди. Кейин билсам ёнимизда ўтирган шахс ҳам ички ишларда ишларкан. Улар нимага аёлни урдингиз, деб мени Хоразм вилоят ИИБ жойлашган кўча бўйидаги милиция таняч пунктига олиб кетишди", дейди у.

Журналист аёлнинг ҳужуми провакация эканлигини, мақсад унинг касбий фаолиятига тўсқинлик эканини айтмоқда.

"Хоразмда Урганч шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими ходимининг ҳаракатсизлиги юзасидан бир ишни суриштираётган эдим. Милиция жиноятга уринишни далиллар бўлса ҳам ёпишга ҳаракат қилган. Мени таянч пунктига олиб кирганлар нимага бу иш билан шуғулланаётаним ва унга аралашмаслигимни айтишди".

Шунингдек, Рўзметовдан руҳий шифохонадаги блогер Шабнам (Нафосат) Оллошкуровани қачондан бери таниши, нега унинг қариндоши билан учрашаётгани ҳақидаги саволларни сўрашган.

Бундан ташқари Тошкентга Ички ишлар вазири билан учрашишга яқинлари билан Хоразмдан пиёда ёўлга чиққан ва оқибатда 10 суткага қамалиб чиққан журналист ва ёзувчи Маҳмуд Ражабни қаердан танишини ҳам сўрашган.

"Уч соатлардан сўнг, ўзини Урганч шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғиман, деб таништирган орган ходими келиб, ҳужжатларимни сўради. Газетада ишлашим тўғрисидаги гувоҳномамни кўрсатдим. Хоразмга командировакага келганимни айтдим. Шундан сўнг англашмовчилик бўлибди, сизни қўйиб юборишади, деб айтди", дейди у.

Шундан сўнг ҳам Давлатназар Рўзиметовни милиция таянч пунктида бир соат ушлаб ўтиришган. Тушлик қилишга изн беришмаган.

"Кейин видеога мени калтаклашгани йўқ, деб ёзиб олиб қўйиб юборишди", дейди у.

Журналист ички ишлар таянч пунктида 5 соат асоссиз ушлаб турилишини, ўзининг касбий фаолиятига тўғридан-тўғри аралашиш ва тўсқинлик дея баҳоламоқда.

"Менинг ушланганим ҳақида хабар интернетга чиқиб шов-шув бўлиб кетганидан сўнг уларнинг менга муомаласи ўзгарди, деб тахмин қиламан. Тепадан қандайдир кўрсатма келгани учун чиқаришди, деб ўйлайман", дейди Рўзметов.

Би-би-си журналист билан бўлган ҳодисаларга изоҳ олиш учун Хоразм вилоят ИИБ матбуот котиби Зокиржон Исмоилов билан боғланишга қилган ҳаракатлари самара бермади.

Хоразм вилоятида сўнгги икки ҳафтада журналист ва блогерларнинг ИИБ томонидан ушланиш ва қамоққа ташланишига доир учинчи ҳолат.

22 сентябр куни Ички ишлар вазири билан учрашиш учун Хоразмдан яқинлари билан пиёда йўлга чиққан журналист ва ёзувчи Маҳмуд Ражаб ҳамда ушбу жараённи Facebookда тўғридан-тўғри ёритиб борган блогер Шабнам (Нафосат) Оллошкуровалар қамоққа олиниб, 10 суткага қамалганди.

Давлатназар Рўзметов 2018 йилнинг октябр ойи сўнггида 7 суткага қамалганди.

Ўша вақти у пахтада мажбурий меҳнат мавзусини ёритаётган бўлган.

Рўзметов Қўшкўпир туман ҳокими ўтказаётган мажлисни ёритишга ҳаракат қилган.

Ўша вақти Ўзбекистон Бош прокуратураси берган хабарга кўра, Давлатназар Рўзметов 25 октябр куни Қўшкўпир туман ҳокимлиги биносида пахта йиғим терими юзасидан ўтаётган мажлисга маст ҳолатда кириб келиб, майда безорилик содир этган. Бироқ журналист безорилик қилганини рад қилган.

Turon24 нинг воқеа гувоҳларига таяниб маълум қилишича, Давлатназар Рўзметов 25 октябрь куни кечки пайт тўйда ўтирганда унга танишлари қўнғироқ қилишиб, Қўшкўпир тумани ҳокими мактаб директорлари, қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарлари ва мактабгача таълим муассасалари мудирларини йиғиб пахта терими бўйича селектор йиғилиши ўтказаётганини, ҳукумат таълим ва тиббиёт ходимларини пахта йиғим-теримига жалб этишни тақиқлаганига қарамай, уларни мажбуран пахта теримига жалб этмоқчи бўлаётгани ҳақида айтишади.

Шундан сўнг Давлатназар Рўзметов йиғилиш ўтказилаётган туман ҳокимлиги биносига кириб, мажлисда ўтирганларни қўл телефонида видеотасвирга ола бошлайди.

"Буни кўрган Қўшкўпир тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Раҳимов унинг кимлигини сўради. Журналист бунга жавобан: "Мажлис очиқми ёки ёпиқми? Очиқ бўлса ўтираман, ёпиқ бўлса чиқиб кетаман", деб жавоб берди. Шундан сўнг ҳоким "Йиғилиш тамом" деб ҳаммага рухсат бериб юборди".

Шундан сўнг Давлатназар Рўзметов туман ички ишлар бўлимига олиб борилиб, жамоат тартибини бузганлик, майда безориликда айбланади ва вилоят марказидаги ҳушёрхонада бир кун сақланади. Эртаси куни эрталаб эса қўйиб юборилган, деб ёзади нашр.

Журналистга нисбатан 29 октябр куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик)га асосан жазо тайинланган.

Бош прокуратура тақдим қилган хабарда айтилишича, Давлатназар Рўзметов судда тўйда икки пиёла ароқ ичганини тан олган ва ҳокимият биносига киришда таниши Дониёр Садуллаевга "ёраман", деб айтганинин билдирган. Бироқ у бошқаларни ҳақорат қилганлигини рад этган.

Шундай бўлса-да, суд гувоҳларнинг кўрсатмаларига таяниб унга 7 сутка маъмурий жазо қўллаган.

Давлатназар Рўзматов ҳибсга олинишидан олдин ноҳақ қамалганига ишора берган.

У танишларидан бирига 29 октябр куни шундай мазмунда мактуб ёзган.

"Сиздан бир илтимос, мани органдагилар олиб кетиб бораётир. Кечгача пост қўймасам мени қамаган бўладилар. Кетдим", деб ёзган журналист.

Судда иштирок этганлардан бири судяга Давлатназар Рўзметов журналист эканлигини ва уни ноҳақ қамаш бутун дунёга шов-шув бўлиб кетиши мумкинлигини тушунтирган.

Унинг айтишича, аввалига журналистни 15 суткага қамамоқчи бўлишган, бироқ ушбу гаплардан сўнг унга 7 сутка беришган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek