Тўйга 2 хонанда, 3 та машина ва 200 одам, дафн маросимидан сўнг "етти" ва "қирқ"лар ўтказилмайди - Тўй ва маросимлар ҳақидаги низом эълон қилинди

тўйдар Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Янги йилдан бошлаб ўзбекистонликлар тўйига 250 дан ортиқ одам чақира олмайди. Келин-куёв кортежи 3 та машинадан ортмайди. Тўйга кўпи билан икки хонанда келиши мумкин. Мотам маросимлари билан боғлиқ "етти", "пайшанбалик", "йигирма", "қирқ", "йил оши" урф-одатларини ўтказиш тақиқланади. Ўзбекистонда тўй ва маросимлар ҳақидаги низом эълон қилинди.

Тақиқлар давлат олдидаги буюк хизматларига эга шахсларни хотирлаш ва юбилей тадбирларини ўтказишга тадбиқ қилинмайди.

Ўзбекистон Олий мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати тўй, маърака ва маросимларни тартибга солиш бўйича қўшма қарорининг низоми эълон қилинди.

Ўзбекистон ҳукумати шу йўл билан дабдабали тўй ўтказишга пул топиш учун чет элга ишлашга кетаётган мигрантлар оқимини камайтирмоқчи.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши қарорида айтилишича, Баъзи фуқаролар тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошларнинг танқидларидан, қоралашидан, умуман олганда, жамоатчилик босимидан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда.

Нималар тақиқланди ва нималарга рухсат берилди?

2020 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон тўй, оилавий тантана, маърака ва маросимларни ўтказишда қуйидаги чеклов ва тақиқлар киритилди:

  • Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.
  • Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади.
  • Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.
  • Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими бундан мустасно.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда:

  • тўй ўтказувчи шахслар тўйдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши;
  • никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;
  • тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно;

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотнинг ваколатли вакили томонидан ўқилади.

  • Оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни ("келин навкари", "чорлар", "ота кўрди", "сеп ёйди", "қуда чақирди", "куёв чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш", "пул сочиш" ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
  • Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни ("етти", "пайшанбалик", "йигирма", "қирқ", "йил оши", "пул тарқатиш", "мато улашиш" ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.
  • Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 ва ундан ортиқ шахс иштирокида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади.
  • Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади.
  • Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.
  • Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозим.

Қарорда ушбу тақиқларни бузганларга қандай жазо чоралари кўрилиши кўрсатилмаган.

Ўзбекистон ҳукумати тўй ва маъракаларни чеклашга олдин ҳам уринган.

Акс-садолар

Сенатнинг 14 сентябрь кунги Низоми ўзбекистонликлар томонидан бир хилда кутиб олинмаган, ўта кескин ва қарама-қарши муносабатларга сабаб бўлган.

Мазкур Низомга мувофиқ эса, тўйларни ўтказишда бундан буёғига "шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўйилмайди".

Тўйларда "чорлар", "ота кўрди", "сеп ёйди", "қуда чақирди", "куёв чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш" каби қўшимча расм-русмлар бекор қилинади.

Мазкур янгилик Би-би-си Ўзбек хизматининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги акаунтларида ҳам ойнинг энг кўп эътибор қаратилган, фолловерлари орасида қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлган мавзуларидан бири бўлади.

Акаунтларимиздаги ҳар бир пост ўнлаб коментларга сабаб бўлгани кўрилади.

Ўзбекистонликларнинг бу хусусдаги коментлари умумиятла уч нуқтада бирлашади, инсонларнинг шахсий ҳаётларига аралашув, чеклов, ўтопик ёндашув қабилида ўзининг талқинини топади.

"Давлат авваламбор ўзининг ишини уддаласин. Нарх-наво, коррупция, ишсизлик...", - деб ёзилади ана шундай коментларнинг бирида.

Бошқасида эса, "Чеклов билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Буни тарихда кўрганмиз", - дейиларкан, тўйларда ароқ қўймаслик тўғрисидаги фармойишлар эслатилади.

Яна бир ўзбекистонлик, "Давлатни аралашмаган иши шу қолувди, одамлар ўзи фаросатини озгина ишлатса, кўпгина чиқим қилмас эди", - деган.

Айрим ўзбекистонликлар наздларида эса, "Улар (Сенатдагилар - таҳр.) ҳам еган нонларини оқлаб егилари келаяпти-да. Хаёлларига келган нарсани қонун қилишмоқчи". "Уларга раҳмим келаяпти", - дея якун ясалган ана шундай коментларнинг бирига.

Худди шу фикрнинг узвий давомидек кўрилган бошқа бир коментда эса, "Олий мажлисдагиларнинг бошқа қиладиган иши қолмабди, шекилли. Шунча муаммо турибди, улар тўйларни қисқартиришни ўйлайди. Нарх-наво ошиб ётибдию. Ҳа, ўзбеклар кўп гўшт егани учун гўштнинг нархи ошди, энди катта тўй қилани учун қарзга ботиб, чет элга ишга кетишаяпти ўзбеклар🤣🤣🤣, бошқа нарса ўйлаб топишолмади шекилли, халқнинг ўзи ҳамма нарсада айдор, гўшт ема, тўй қилма🤣🤣🤣", дея ёзилган.

"Назорат қилиниши шарт", деган яна бир интернет фойдаланувчиси эса, "лекин фақат оддий халқ эмас. Балки шу қонунни қабул қилиб, тасдиқловчилар ҳам назорат қилиниши керак(ишониш қийин бўлса-да). Ўшанда адолатдан бўлади", - дея ўз фикрларини давом этдирган.

Бошқа бирига кўра, "Ленин ҳаммани тенглаштирмоқчи бўлди, халёпараст бўлиб чиқди".

Ўзбекистонликлар орасида Сенат Низомини муттасил ошиб бораётган нарх-наволар муаммосининг ечими сифатида кўрганлар ҳам бўлган.

Яна бир интернет фойдаланувчиси буни порахўрлик ҳолларига барҳам бериши мумкин бўлган чора сифатида ҳам талқин этган.

Бир сўз билан айтганда, қолдирилган кўпчилик коментлар, гўёки, Ўзбекистон бугун юз тутиб турган актуал муаммолар билан уйғунликда таҳлил, талқин этилган.

"Керак, сабаби нарх-наволарга кескин таъсир кўрсатади. Кўпгина оилалар шунинг учун бузилиб кетаяпти. Агар, халқ онгли равишда ўзи қилганида, давлат аралашмаган бўларди", - дейилади ана шундай коментларнинг бирида.

Бошқа бир ўзбекистонлик наздида эса, "мана шундай чекловлар эвазига тўйхоналар ўрнига завод-фабрикалар қурилади". Яъни, бу Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг асосларидан бири бўлиб хизмат қилади.

Коментлар орасида, "Аллоҳ бу ишларни бошлаганларга куч-қувват ва сабр берсин", деганлари ҳам кўрилган.

"Буни қонун билан тасдиқлаб, йўлга солиш керак. Тартибни бузганларга катта жарима солиш керак.", - деганлари ҳам анча-мунча учраган.

Қолдирилган фикрлар орасида кам бўлса-да, "Шунчаки ҳамма айб ўзимизда, ўзбекларда, ўзимизча ғурурлимиз, паст келгимиз келмайди, бировдан ортда қолиш биз учун, худдики, шармандалик ва шу нарсаларни тўғри қабул қилишни умуман билмаймиз", деганлари ҳам кўзга ташланган.

"Тўғри, айрим бачкана урф-одатларни йўқ қилиш керак, лекин дабдаба ва ҳашамат ҳақида гапирадиган бўлсам, ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатиши керак, деб ўйлайман. Керак бўлса, 40 кун тўй қилсин, қурби етса ТИТАНИК каби ҳашаматли кораблда ўтказсин тўйини.... Энг муҳими, инсон ўз даражасини билсин, айниқса, биз ўзбеклар. Ахир қишлоқда яшасангиз, "ФEРРАРИ" сотиб олиб, ҳайдай олмайсиз-ку, чунки қишлоқ йўлларида бу машинани хўрлайсиз, холос. Худди қурбингиз етмаган ҳашаматли тўйни қарз кўтариб қилиб, кейин ўзингиз хўрлангандай. Қисқаси, ўзбек ўз даражангни бил ва шунга яраша иш қил!!!", - дейилган.

Тўйлардаги сонлари чекланишини назарда тутаркан, Сенатнинг Низоми ҳатто ўзбекистонлик аксарият санъаткорларни нафақат беэътибор қолдирмагани, ҳатто, хавотирга солгани ҳам кўрилган.

Айни шу хабар манзарасида Ўзбекистондаги қатор номдор, эл таниган хонандалар ўзига хос флешмобга қўл уришган.

Ўзларининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги акаунтларида ўз даромадлари акс этган роликларни чоп этишга киришишган.

Асосий даромадлари тўй ва маросимлардан эса-да, топаётган пуллари сенаторлар хаёл қилган даражада кўп эмаслигини кўрсатмоқчи бўлишган.

Бунақаси ҳам Ўзбекистоннинг тўйларни ихчамлаштириш билан боғлиқ бу яқин тарихида кузатилмаган воқеъликка айланган.

Сиз-чи, юқоридаги қай бир фикрга қўшиласиз? Ёки бу масала борасида сиз қандай қараш ва муносабатдасиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek