Ўзбекистон: ДХХ ҳибсхонасидаги дипломат Юсупов ўғлига "қамаш билан таҳдид қилишди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bobur Yusupov
Image caption Темур Юсупов (чапда) ўзи ортидан ДХХ ходимлари кузатув ўтказаётгани борасида халқаро ташкилотларга шикоят қилган

Тошкентда ўзини ўлдириш ҳаракати ортидан ҳибсга олинган собиқ дипломат Қодиржон Юсуповнинг ўғли Темур Юсуповга "Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ) ходимлари қамаш билан таҳдид" қилганлар.

Бу ҳақида Би-би-сига Юсуповнинг Тошкентдаги оиласи хабар берди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида узоқ йиллар ишлаган дипломат 67 ёшли Қодиржон Юсуповнинг иши бўйича суд ҳукми ўтган жума куни, 4 октябрда ўқилиши керак эди.

Аммо, Юсуповнинг оиласи икки хорижлик кузатувчи - АҚШ элчихонасининг ходими ва Eurasianet хабар агентлиги журналисти билан суд биносига келганларида, уларга суд иши кечиктирилиши айтилган. Бу ҳақида Eurasianet журналисти Питер Леонард ўз Твиттер саҳифасида ёзди:

"Бу кечиктирилиш стратегик қадамдек кўринади. Балки ҳарбий судга хорижий кузатувчилар келгани учун кечиктирилаётгандир. Айни дамда Юсупов ДХХ ҳибсхонасида ушлаб турилибди ва оиласи билан кўришишига рухсат берилмаяпти" - деб ёзди журналист Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Республика Ҳарбий суди қаршисидан.

24 ёшли Темур Юсуповнинг Би-би-сига билдиришича, шу кун тунда фуқаролик кийимида бўлган уч киши унинг Тошкент вилояти Чиноз туманида яшовчи икки аммасининг уйларига борган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter/PeterLeonard
Image caption Eurasianet журналисти суд ишида қатнаша олмади

"Аввалига соат 21:15да аммам Қунушева Вазира Ибрагимовнанинг уйига келишган. Вазира аммам уйда йўқлигини билишгач, кичик аммам Ҳазратқулова Назиранинг адресини сўрашган. Сўнг Назира аммамнинг уйига келиб ўзларини ДХХ ходимлари дея таништиришган ва гувоҳномаларини кўрсатишган. Аммам қоронғи бўлгани учун у кишиларни аниқ кўра олмаганлар. Ёшлари 30 атрофида дедилар", - дейди дипломатнинг ўғли.

"Олдиларида Назира аммам тургани ва у Қодиржон Юсуповнинг синглиси эканини аниқлашгач, "Жиянингизни тинчлантириб қўйинг, бўлмаса қамаймиз. Судни тинч тугатиб олишга қўйсанглар-чи. Ҳеч кимни судга олиб келманглар", - дейишган дейди Темур.

Темурнинг айтишича, Назира аммаси шанба тонгида безовта бўлиб жиянига телефон қилган ва ДХХ буюргандек амал қилишни сўраган.

Мазкур маълумот бўйича ДХХдан мустақил тарзда маълумот олишнинг имкони йўқ. Би-би-си Қодиржон Юсупов иши бўйича Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновга мурожаат қилганида, саволлар жавобсиз қолди.

Темур Юсуповнинг даъво қилишича, унинг изидан бир неча бор ДХХ машиналари кузатув олиб борган. Бу борада Темур халқаро ташкилотларга ёрдам сўраб мурожаат қилганини билдирди.

"Руҳий касал"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Bobur Yusupov
Image caption Руҳий шифокор кўрсатмасидан парча

Қодиржон Юсупов 2018 йил 3 декабрда Тошкент метросининг Пушкин бекатида ўзини поезд остига ташлаган. Оғир жароҳатлар билан омон қолган ва касалхонага ётқизилган Юсуповнинг оиласига кўра, у охирги ойларда чуқур депрессия ва уйқусизликдан шикоят қилиб келган.

Дипломатнинг тўнғич ўғли Бобур Юсуповга кўра, отаси узоқ йиллар руҳий хасталик билан оғриган ва мунтазам руҳий шифокор назоратида турган. Би-би-си танишган тиббий ҳужжатларда, шифокор Юсуповнинг руҳий касал экани, унинг акаси шизофрения ташхиси билан вафот этгани ва Юсупов тиббий муолажа ўтаётгани тасдиқланган.

Руҳий шифокор Владимир Дьяковнинг тиббий хулосасига кўра Юсупов қабул қилган "Севпрам" дориси қабул қилиниши тўхтатилганда, беморда галлюцинация, алжираш, ваҳима, ўзини ўлдириш истаги каби асоратлар юзага келиши мумкин.

"Отам касалхонага ётқизилгач, унинг олдига келган милиционерларга ўзининг хорижий агент эканлигини айтиб алжираган. Кейин ДХХ ходимлари келиб уни олиб кетишган", - дейди Бобур Юсупов.

"Аммо, суд умуман унинг руҳий ҳолати ёки касаллигини ҳисобга олмаяпти. Тўрт марта суд мажлиси ўтказилган бўлса, бирон марта айбланувчи томонидан гувоҳлар чақирилмади. Ҳатто прокурор олиб келган гувоҳлар ҳам отамга яхши характеристика берганлар. Отамнинг жосус экани борасидаги айблов - бемаънилик. У 10 йилдирки нафақада эди, у жуда ватанпарвар одам", - дея қўшимча қилади у.

Халқаро муносабат

Қодир Юсуповнинг иши бўйича юз бераётган процессуал хатолар бўйича қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Human Right Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти танқидий ҳисобот чоп қилган.

Ташкилотга кўра, Юсуповнинг руҳий аҳволи ҳисобга олиниши ва у зудлик билан озод қилиниши керак.

Human Right Watch ташкилоти, шунингдек, Юсуповга нисбатан ҳибсхонада қилингани даъво қилинган руҳий қийноқлар, хусусан аёли ва қизини жинсий зўрлаш таҳдидлари билан иқрорномага имзо чекдириш ҳоллари тергов қилиниши лозим.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қийноқлар бўйича махсус маърузачилари Дайниюс Пурас ва Нильс Мельцер Юсупов ишида қонунга амал қилиш илтимоси билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаганлар.

БМТ маърузачилари ўз мактубларида Юсупов иши бўйича халқаро ҳисобот чоп қилиниши режаланаётганини билдирганлар.

Ўзбекистон: 67 ёшли руҳий хаста собиқ дипломат ноқонуний ҳибсда қолмоқдами?

Ўзбекистон: ДХХ 67 ёшли дипломатга дубинка билан зўрлаш билан таҳдид қилган - Human Rights Watch

Ўзбекистон: Дориси тўхтатилган дипломат Қодиржон Юсупов борасида халқаро хавотирлар ошган

Ўз жонига қасд қилган ўзбек дипломат нега ДХХ изоляторида ушлаб турилибди? (Видео)

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02