Ўзбекистон: Даниядан келган янги Солиқ расмийси пахта даласида нима қиляпти?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Abdulla Azizov
Image caption Абдулла Азизов ўз ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилинганига муносабат билдирмади

Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинланган Абдулла Азизов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида "биринчи марта пахта даласига тушиб, бироз пахта териб, терим жараёнини" кўрганини ёзди.

Шу пайтгача Данияда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ишлаб келган Азизовни Ўзбекистон президенти сентябрь охирида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимига тайинлаганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил июнида имзолаган "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида"ги фармонига биноан, 2018 йил 1 декабрида Солиқ кодекси тайёр бўлиши керак эди. Кодекснинг 2019 йил 1 январидан ишга тушиши кутилган, аммо кодекс ишлаб чиқилмаган.

Уч ҳафта аввал эса Молия вазирлиги томонидан тайёрланган Солиқ кодексининг янги таҳрирининг муҳокамаси ниҳоясига етди. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган кодекс ўтган йили қизғин норозиликларга сабаб бўлиши ортидан фақат бир қисми қабул қилиниб, қолгани яна қайта кўриб чиқилиши учун қайтарилганди.

Айни дамда Солиқ кодекси қабул қилинмай қолар экан, Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари пахта теримида иштирок этдилар.

Расмий хабарга кўра, Давлат солиқ қўмитасининг 250 нафардан зиёд ходимлари шанба куни ўз ташаббуслари билан Ўрта Чирчиқ туманидаги "Воҳиджон агро" фермер хўжалиги майдонидаги пахта теримида иштирок этди. Бир кунда 9,3 тоннадан ортиқ пахта терилиб, фаол теримчиларга Қўмитанинг эсдалик совғалари топширилди.

Янги тайинланган раис ўринбосари Абдулла Азизов ўз саҳифасида ёзишича, пахтага чиқишдан мақсад солиқ ходимларини қўллаб-қувватлаш, ҳамда теримни оптилмаллаштириш ва автоматизациялаштириш эди. Шунингдек, у теримда инсон иштирокини камайтиришга информацион технологиялар ёрдамида ечим топиш учун конкурс эълон қилиш ғояси ва конкурс ютуғи 50 000 - 200 000 доллар бўлиши мумкинлигини эълон қилди.

Солиқчиларга пахта даласида нима бор?

Азизовнинг Фейсбукдаги саҳифасида изоҳ қолдирганларнинг баъзилари Солиқ қўмитасининг ходимлари нега пахта тераётгани билан қизиққанлар.

Ruzibay Azimiy: Ҳа, ҳаммаси тушунарли. Қизиқиш айб эмас. Аммо ходимларингиз пахтакор бўлмаган ҳолда пахта далаларида нима бор? Солиқ соҳаси оёғи осмондан бӯлиб ётган бир пайтда".

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосарининг жавоби эса қуйидагича:

Abdulla Azizov: Шанба куни дам олиш бўлса, одамлар қўшимча маблағ топса, давлатнинг ривожига ҳисса қўшса, ҳаво ёмон бўлишни бошлаяпти, шунга тезроқ териб олишга ҳисса қўшса, бунинг нимаси ёмон?

Nargiza Nargis Mukhtarova: Дам олиш куни дам олиши керак. "Давлат ривожи"да пахтанинг ҳиссаси бўлганида 27 йилда + 50 йил СССРда ривожланган бўларди. Қайси ходим хоҳлаяпти буни? Қўллаб-қувватламасдан, "боришмайди, буларнинг ишимас пахта териш ёки кўча супуриш" деганингизда ва бунақа инсонлар кўпайганида нимадир ҳам ўзгаради системада. Халқнинг ёнида бўлинг, ака, бюрократларнинг, ҳокимларнинг оғзидаги гапларни гапирманг".

Anvarjon Musaev: Бизга четда ишлаб тажриба орттирган ёш кадрларни олиб келиб, эски тизимни ўзгартиришга ҳаракат қилишяптию лекин ўша кадрлар эски тизим таъсирига тушиб қоляптими дейман. Пахта ва давлат солиқ политикасини умуман бир-бирига алоқадор жойини кўрмаяпман. Ва албатта охирги танқидий фикрим солиқ тизимиям ҳудди шу пахта териш тизимидан баттар бўп ётипти, сизни солиқчи сифатида таништиришдими, демак ўша соҳадаги инновацион, ижобий ўзгариш қила оладиган фикрларингизни кутяпмиз. Пахта теришни, қишлоқ хўжалиги вазирлигига қўйиб бераверинг, ўзлари амаллашади. Ҳар ким ўз ишини қилгани маъқул.

Баъзи изоҳ муаллифлари эса мажбурий меҳнат ва фермерларнинг эркин эмасли масалаларини эслатдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Abdulla Azizov
Image caption Абдулла Азизов баъзи таклифларга киноя билан жавоб қайтарди

Дехконбой Аликулов: Қишлоқ хўжалигини тўлиқ эркинлаштириш лозим,бу энг биринчи шарти. Мажбурийлик бу қуллик кўринишидир. Бу соҳада янгилик ўйлаш шарт эмас, чет давлатлар қишлоқ хўжалиги тизимини ўрганиш керак, уларда ҳаммаси йўлга қўйилган. Сув таъминоти, ўғит таъминоти, техника таъминотида кўплаб тўсиқлар, мажбурийликлар бор, ҳаммаси фермерга қарши, уларнинг шартлари синдиради фермерларни.

Абдулла Азизов баъзи изоҳлар муаллифларини масала ечими учун ўз таклифлари билан чиқишга ва "диванда ўтириб" фикр билдирмасликка чақиради.

"Ман истаган ечим, бу ҳар тарафлама бўлиши керак. Бир нарсадан бошламасак, қилиш керак, юриш керак, туриш керак, давлат ҳаммасига айбдор, ман сериал кўришим керак, американи эҳтиро қилмайлик, сув йўқ, у ёмон, бу ёмон, ман яхши, ҳамма ёмон деб ўтиришдан бош чиқмай қолаяпти. Мақсадим одамларни уйғотиш, позитивний бўлиш ва олдинга қадам ташлаш", - деб ёзади янги тайинланган давлат расмийси.

Ўзбекистон пахта мавсумидаги мажбурий меҳнат, хусусан бюджет идоралари ходимларининг мажбуран пахта теримига олиб чиқилиши, ёки ўзи чиқмаган ҳолда ишчи ёллаб унга иш ҳақини ўз ёнидан тўлаши халқаро ташкилотлар томонидан йиллар оша танқид қилиб келинади.

Пахтадан тушадиган даромаднинг шаффоф эмаслиги, фермерларда уни экиш ёки экмаслик борасида танловнинг йўқлиги, пахта етиштиришнинг табиатга салбий таъсири ҳам қатор халқаро ҳисоботларда кенг ёритилган.

Мирзиёев: Менга пахта керак эмас!

Президент Мирзиёев давлат тепасига келгач, пахта етиштириш кўламини камайтириб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари турфахиллигини таъминлашини айтганди.

Ўтган йил Қашқадарёдаги чиқишида у пахта режаси тўлиши учун учун муҳим эмаслигини урғулаганди.

"Пахта менга керакмас. Менга пахтани бажарганларинг керак эмас. Одамларни рози қилиш керак. Кеча борганим пахта қабул қилиш пунктиниям сотамиз, пахтаниям ўзлари қилишади. Пахтани калава қилиб сотиш керакмас, бунақа раҳбар бўлманг. Бунга рухсат бермайман. Калава қилиш энг оғир иш. Биз шунга ўрганиб олгандик. Қўшимча қиймат қилиб Хитойга сотардик", - деди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook/Abdulla Azizov
Image caption Солиқ қўмитаси ходимлари далада

Мирзиёев Қашқадарёнининг қатор туманларида деҳқон хўжаликлари ва томорқаларга узум, тарвуз, нўхат, мош, ловия, кунжут каби бозорбоп маҳсулотлар экиш одамларга иш, қўшимча даромад бўлишини таъкидлади.

"Мана Бангладешни қаранглар. Бу давлат бир гектар ҳам пахта экмайди. Лекин пахта маҳсулотидан 37 миллиард долларлик экспорт қилади. Ҳиндистондан сифатсиз пахтани олиб, Ўзбекистон пахтаси билан аралаштириб, 37 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда", - деди президент.

Меритократия?

Айни дамда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Унга кўра, қуйидагилар давлат хизматини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари деб ҳисобланади:

энг муносиб ва қобилиятли шахсларни уларнинг касбий фазилатлари ва алоҳида хизматларига адолатли ҳамда объектив баҳо бериш асосида давлат хизматига қабул қилишни назарда тутадиган меритократия принципини қўллаш;

давлат хизматида «мансаб модели»ни жорий этиш, бунда мансаб даражаларидан босқичма-босқич ўтиш, кадрлар малакасини мунтазам ошириб бориш, шунингдек, давлат хизматчиларининг тоифалари ва уларга малака даражалари бериш назарда тутилади;

давлат хизматига очиқ мустақил танлов асосида қабул қилиш, бу номзоднинг барча устунликлари ва афзалликларини, шу жумладан унинг ахлоқий ва ватанпарварлик фазилатларини холисона баҳолаш имконини беради;

Президент фармонида давлат мансабларига номзодларнинг "ватанпарварлик фазилатлари" урғуланса-да, уларнинг эркин фикр юритиш қобилияти ёки мажбурий меҳнат каби мавжуд муаммоларни бартараф қилишга иштиёқи тилга олинмайди.

Ўзбекистон ва дунё: Пахта мавсуми ва халқаро имидж

Ўзбек милиционерлари нега "намойиш"га чиқди ва Фарғона ҳокими жазоланиши керакми? Кун тренди - bbcuzbek.com

Ўзбекистон: бу йил пахтани мажбурий меҳнатсиз териб бўладими?

Ўзбекистон: "Олтин қўллар" бунёд қилган "оқ олтин" ўзбекнинг шўрими ё...?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02