Ўзбекистон: арзон нон муҳимми ё бозор иқтисодиёти?

Ўзбек нони

Ўзбекистоннинг ғаллакори ҳам ўзининг зарарига ишлайди, тегирмончиси ҳам. Аммо 2018 йили энг кўп қимматлаган ҳам нон бўлди. Бундай камбағалпарвар сиёсат керакми?

1991 йили Ўзбекистон омборларида бир неча кунга етадиган дон ва ун қолган, раҳбарият зудлик билан вазиятдан чиқиш йўлини излашга мажбур бўлган.

Шу сабаб, мамлакатнинг ўзида буғдой етиштиришни кўпайтиришга қарор қилинди, 1996 йили Ўзбекистон ғалла мустақиллигига эришганини эълон қилди.

Аммо ўзбекистонликлар Ўзбекистонда етиштирилган буғдой навлари Қозоғистонникидан ортда қолишини, Ўзбекистон унининг таркибида клейковина моддаси камлиги боис кўнгилдагидек нон ёпиб бўлмаслигини ўша вақтдаёқ англаган эдилар.

Шундай бўлса-да, Ўзбекистонда йиллик ғалла етиштириш давлат режаси сақланиб қолди, бу режани бажаришга фермерлар мажбурланди.

Ғалла планини бажармаслик фермердан ерини тортиб олишга сабаб бўлди.

1992 йилги Вузгородок ҳодисалари талабаларнинг нон нархи кўтарилишидан норозилиги туфайли келиб чиқди деб ишонган Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги нон нархини сунъий паст ушлаб туриш сиёсатини танлади.

Мана 20 йилдирки, ғаллакор буғдой экиб, сельхозтехника, сельхозхимия ва банкдан қарздор бўлиб қолади, боиси давлат дон харид нархи паст қилиб белгиланганидан бир неча ойлик меҳнати ҳақи у ёқда турсин, кетказган харажатларига ҳам етмайдиган пул олади.

Ҳар гектаридан 740000 сўм зарар

Ғалла харид нархларини оширишни сўраган Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари, ер томорқа эгалари кенгаши бу зарар 1 гектар майдон мисолида қанчани ташкил этишини ҳисоблаб чиққан.

Ўзбекистон фермерлари ташкилотининг 2019 йилги баҳоларга асосланган ҳисоб-китобича, уруғни экишдан тортиб донни йиғиб териб олишгача бўлган даврда ишлатилган техника хизмати, ерни тайёрлаш, экиш, суспензия ва заҳар сепиш, комбайнда ўриш ва ташиш харажатлари 1 миллион сўмни ташкил этади.

  • Ёнилғи мойлаш маҳсулотлари - 130 литр: 715 000 сўм.
  • Уруғлик 250 кг: 1 125 000 сўм.
  • Минерал ўғит ва маҳалий ўғит: 2 000 000 сўм.
  • Биостимулятор, ўтга ва зангга қарши заҳарли химикатлар: 500 000 сўм.
  • Суғориш, ўғит сепиш ва иш ҳақи: 1 500 000 сўм.
  • Ер солиғи - даромад: 500 000 сўм.

Фермерлар кенгашига кўра, 1 гектар майдондаги буғдойни етиштириш учун сарфланган жами харажатлар 7 миллион 340 минг сўмни ташкил этади.

Агар ҳосилдорлик 55 центнерни ташкил этди деб кўрилса ва Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил белгилаган килограммига 1200 сўмлик давлат харид нархида ҳақ тўланса, фермер 6600000 сўм олади.

1 гектардан фермернинг зарари 740 минг сўмни ташкил этади.

Донни 1430 сўмга сотиб олиб, унни 1400 сўмга сотаётган "Ўздонмаҳсулот"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Creative

Ўтган йили Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил ҳосили учун ҳосилдорлик 40 центнердан юқорини ташкил қилганда 10, 20 ва 25 фоизлик устама ҳақлари тартибини ҳам жорий этган, бу йил "Ўздонмаҳсулот"нинг донни қайта ишлаш корхоналари фермерларга буғдойнинг ҳар килосига 1430 сўмдан тўлашига тўғри келган.

Ўзбекистон фермерлари кенгаши ва "Ўздонмаҳсулот" корхоналари уннинг давлат нархи 1400 сўм қилиб белгилангани ўзларига зарар келтираётганларини айтмоқдалар.

Донни қайта ишлаш корхоналари 1200 сўмлик ғалла учун ҳисоб-китоб қилмоқдалар, бироқ устама ҳақлар ва режадан ортиқ топширилган дон пулларини тўлолмаяптилар.

Чунки 1 килограмм буғдой 1430 сўмдан сотиб олинмоқда, у унга айлантирилгунча кетадиган жами харажатлар 2000 сўмдан ошиб кетаяпти. Ун эса 1400 сўмдан сотилсин деб белгилаб қўйилган.

Донни қайта ишлаш тегирмонлари йирик миқдорда қарздор бўлиб қолганлар.

Ун нархини арзон ушлаб туриш истаги Ўзбекистонда айрим жойларда чорва еми ўрнига унни молга бериш ҳолларига олиб келгани хабар қилинди.

Арзон ун олибсотарлар қўлига ўтиб кетиб бозор нархида ҳам пулланди.

28 фоиз қимматлаган нон

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Нон сотиб олинг!

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси 2018 йили энг кўп нон маҳсулотлари қимматлашганини хабар қилди - уларнинг нархи йил давомида 28 фоиз ортган.

Аксар кузатувчилар фикрича, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимояси кўнгилдагидек таъминлангани йўқ - нархи пасайтирилган ун арзон озиқ-овқат масҳулотларига ҳақиқий муҳтож оилаларга ҳар доим ҳам етиб бормаяпти.

Шу сабаб мамлакат иқтисодиётидаги кўпгина соҳалардаги давлат иштирокини камайтириш йўлида қилинаётганидек ғаллакорлар, донни қайта ишловчилар, деҳқонларга кўмакдош бошқа тармоқларда ҳам тўла бозор иқтисодиёти, эркин нархларга ўтиш таклифи илгари сурилмоқда.

Деҳқонни эркини ўзига бериш чақириғи эса узоқ йиллардан буён айтиб келинади.

Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари, ер томорқа эгалари кенгашининг дон нархини ошириш ҳақидаги мурожаати ҳозир жиддий ўрганилаётгани хабар қилинди, парламент Қонунчилик Палатаси ушбу масала юзасидан ишчи гуруҳи ташкил қилгани, мурожаатдаги таклифлар ҳар тарафлама ўрганиб чиқилишини маълум қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ