Ўзбекистон- Россия: Мигрантларга пул муҳимми, саломатликми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Шифокор Янглиш Алимова

"Ўзбекистонлик муҳожирлар уйга пул юборайлик дея ўз соғликлари ҳақида кам қайғуришади", - дейди шифокор Янглиш Алимова.

Асли жиззахлик шифокор 30 йилдан ошиқ вақтки, Москва шаҳридаги акушер-гинеколог бўлиб ишлайди.

Шифокорга кўра, ўзбек аёллари муҳожирликдаги оғир шарт-шароитларда саломатликларини йўқотишмоқда, даволанишга эса имкониятлари йўқ.

Би-би-си ўзбек хизмати билан суҳбатда тиббиёт фанлари номзоди, шифокор Янглиш Алимова муҳожирлар саломатлигидан ташвишда эканини билдирди.

-Бизнинг ўзбек аёллари гормонал дорилардан қўрқишади. Ҳузуримга келган аёлларга тушунтиришга ҳаракат қиламан: уларнинг ҳеч қандай зарари йўқ, семириб ҳам кетишмайди, акс таъсири ҳам бўлмайди. Айнан шу ҳақида етарли тасаввурга эга бўлишмагани учун ҳомиладорлик бўлиб қолаяпти. Мигрант аёллар асосан ишлашга келгани учун аборт қилишга мажбур бўлишаяпти, - дейди шифокор.

Меҳнат муҳожирлари учун меҳнат патенти олинадиган пайтда мажбурий сотилувчи тиббий суғурталар уларга деярли ёрдам бермайди. Шу боис муҳожирлар тоби қочса, шифокорга боришдан кўра, ўзи билганча даволанишни маъқул кўришларини айтади шифокор.

-Ҳам моддий томондан қийналишади, ҳам вақт масаласида. Аёллар 10-12 соатлаб ишлашаяпти. Оилали муҳожираларнинг айримлари ҳомиладор бўлгач, ватанга қайтиб кетишади. Оиласи йўқ ҳомиладорлар эса аборт бўйича мурожаат қилиш ҳоллари бор.

Бола олдириш сўнгги чора бўлиши керак

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Янглиш Алимова мигрант аёлларга ҳомилани олдиришнинг зарарларини тушунтириш лозимлигини билдирди.

-"Тушунтириш ишлари олиб борилса, дорилар ичиб турилса, бу вазият абортгача бормайди. Ҳомила олдиришга йўл қўйилмаслиги керак. Чунки унинг оқибатлари жуда кўп касалликларга олиб келади".

Россиядаги муҳожирларнинг иш шароитлари саломатликларига салбий таъсир қилмай қолмаяпти. Совуқ иқлим, оғир шарт-шароитлар, ташқарида ва зах жойларда ишлаш сабаб мигрантлар орасида касалликларни орттираяпти.

-Баъзи пайтларда касалликни анча ўтказиб, "охирига тақаб" келишади. Кўпчилиги пул ишлаб кетай, бола-чақамга пул орттирай деган мақсадда келишган. Шунинг учун бор кучи, бутун вужуди билан ишлашади, ўзларига унчалик эътибор беришмайди, - дейди Янглиш Алимова.

Эркак муҳожирлар орасида ҳам бетоблари кўп

Шифокорга кўра, аёллар билан бир қаторда эркаклар орасида ҳам касалликлар жуда кўп. Бунга уларнинг оғир шароитларда жисмоний ишлар билан шуғулланиши, иш вақтининг кўплиги, яхши ухламаслик сабаб бўлади.

-Масалан, такси ҳайдовчилари бўлиб ишлаётган йигитлар бола-чақа боқиш учун кечаю кундуз ишлашларини айтишади. Шунинг оқибатида ҳам иммунитетни тушириб, танани касалликка бардошлилигини пасайтириб юборади.

Меҳнат муҳожирлари орасида тиббиёт ходимларига мурожаат қилувчилар - кўпроқ ёшлар эканлиги Россияга ишлашга келувчи муҳожирларнинг ўртача ёши билан боғлиқ.

Шофокор Алимова "Ёш хотин-қизлар кўп келишади, улар орасида турмушга чиқмаганлар ҳам бор. Катта ёшли аёллар деярли йўқ" дейди. Шу билан бирга ўз саломатликларига эътиборсиз эканлиги ҳақида гапирди.

Ўзбекистон - Россия: Ўзбек аёллари нега Тошкентда эмас, Москвада туғишмоқда?

Россия-Ўзбекистон: Қизига даво излаб мигрант бўлган она ва умидвор фарзанд ҳикояси (видео)

Россиядаги ўзбек аёллар нега ҳомила олдирмоқдалар?

Россия, Ўзбекистон: Ўзбек мигрантлари Россияга вабо, ўлат ташияптими?

-Ҳомиладорликни рўйхатга қўйиш учун келган ўзбек, тожик, қирғиз аёллари моддий масалада жуда қийналишади. Генетик касалликлар ёки ҳар 2-3 ойда топшириш лозим бўлган бошқа таҳлиллар учун келмай қўйишади. Аёлларимизда кўпроқ камқонлик учрайди, текширтириб туринг, даволанинг, деймиз. Лекин кўпчилиги моддий муаммолар сабаб тиббий кўрикларни охирига етказмайди, - дейди Янглиш Алимова.

Россия матбуотида Россияда туғруқхоналарида муҳожирларнинг кўплиги ёзилади. Асли ўзбекистонлик шифокор марказий осиёлик муҳожир аёллар ҳомила олдириш учун шифокорга кўп мурожаат қилувчилар эканлигини билдирди.

-Мен ачинаман, иложи борича ҳомиладорларга аборт қилиш керакмаслигини тушунтираман. Болани олдирмай қолдиришга ҳаракат қиламан. Жарроҳлик операциялари ва касбим билан боғлиқ барча ишлар қўлимдан келади, аммо ҳомила олишни рад қиламан.

Бу бир жиҳатдан эътиқодим билан боғлиқ, динимда бу нарса гуноҳ ҳисобланади. Ишга киришда бу шартни қўйганман. Акушер-гинеколог бўлиб ишлаётганимга бу йил 34 йил бўлади. Ўзимга етарлича иш тажрибасига эгаман, шу сабаб бўлса керак, раҳбарият рози бўлган. Ҳозирда фақат ташҳис, текширув ва даволаш билан шуғулланаман, - дейди акушер-гинеколог Янглиш Алимова.

Расмий рақамларига кўра, айни пайтда Россияда қарийб ярим миллионга яқин ўзбекистонлик хотин-қизлар меҳнат муҳожирлигида. Уларнинг аксари хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлашади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek