Ўзбекистон: Шабнам Оллошкурова иши - жазолаш психиатрияси қайтмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Ўтган ҳафта Урганчдаги Руҳий хасталиклар диспансерига ётқизилган блогер ва ҳуқуқ фаоли Шабнам (Нафосат) Оллошкурованинг тақдиридан хавотирлар кучайиб бормоқда.

Ўзбекистон расмийлари Оллошкурованинг мажбуран руҳий шифохонага ётқизилганини тасдиқлаган, аммо унинг қандай аҳволда сақланаётгани ва нима муолажа қилинаётгани ҳақида расмий маълумот берилмаяпти.

Яқинлари ва адвокати Оллошкурованинг руҳий шифохонага ётқизилганини Бош прокуратура хабаридан тасдиқлашган, 4 октябр куни уни кўриш учун борган акасига, яқинларининг айтишича, фақат "30 секунд" давомида мулоқот қилишга рухсат берилган.

У кучли психотроп дори қабул қилгандек таассурот қолдирган.

Учрашув Боғот туман ИИБ бошлиғи ва фуқаро кийимидаги хоразмлик бўлмаган шахс назорати остида ўтгани айтилади.

Отаси Болтабой Оллошкуровнинг Би-би-сига айтишича, 8 октябр куни Тошкентдаги Президент халқ қабулхонаси расмийси Шабнам Оллошкурованинг руҳий шифохонадан чиқарилишида "кўмак кўрсатиш"га ваъда берган.

Блогер Шабнам Оллошкурова мажбуран руҳий шифохонага ётқизилди

Блогер Шабнам Оллошкурованинг отаси қизининг тақдиридан хавотир билдирди

Хоразм милицияси журналист Давлатназар Рўзметовни нега ушлади?

Унинг сўзларига кўра, мулозим Шабнам Олошкурованинг ишидан интернет орқали хабардор бўлган ва блогернинг ота-онаси ҳамда фарзандлари учун уни чиқаришда" кўмаклашишни ваъда қилган.

Айни пайтда Хоразм вилоят ИИБ ва прокуратураси блогернинг тақдири ва аҳволи борасида сукут сақламоқда.

Яқинлари Шабнам (Нафосат) нинг мутлақо соғлом экани ва ижтимоий тармоқлардаги фаолияти учун жазоланаётганини айтишмоқда.

'Жазолаш психиатрияси'

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда Шабнам Оллошкуровани озод қилишга чақириқлар кучайган.

Сешанба куни Smartgov Consulting бюроси ижрочи директори ва таниқли блогер Азиза Умарова ушбу чақириқларга қўшилган

"Нафосатни озод қилинг: Озод давлатда жазолаш психиатрияси нима учун керак?" деб ёзган Азиза Умарова Фэйсбукдаги постида.

"ОАВнинг ёзишича, Хоразмдаги юришни ёритган блогер ва инглиз тили ўқитувчиси Нафосат Оллшкуровани руҳий шифохонага тиқишибди. Юришдан мақсад ИИВ вазири билан учрашиш ва милициянинг ўзбошимчалигидан шикоят қилиш эди. Кекса отасининг айтишича, қизи мутлақ соғлом, муолажага муҳтож эмас, уйида уни 3 яшар эгизак қизлари кутишмоқда".

Азиза Умарованинг қайд этишича, Нафосат Оллошкурова билан бўлган ҳодиса "жазолаш психиатрияси деб номланади вал СССРда жуда кенг тарқалганди".

Муаллиф ўз постига ушбу усул собиқ шўролар мамлакатида сиёсий мухолифлар ва ўзгача фикрловчиларга қарши ишлатилгани таъкидланган маълумотни илова қилган.

Мирзиёев даврида биринчи

Шабнам Оллошкурова номи билан ёзадиган Нафосат асли ўқитувчи ва у ўзининг Facebook даги саҳифасида Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларга фаол фикр билдириши билан машҳур бўлган.

Оллошкурова Facebookдаги саҳифаси орқали 23 сентябр куни адолат излаб Тошкентга, ИИВ вазири билан учрашиши учун яқинлари билан Хоразмдан пиёда йўлга чиқган шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг ҳаракатларини ёритган эди.

Жонли тарзда эфирга узатилган видеоларда у номаълум аёллар томонидан ҳужум бўлганини айтган.

Шундан сўнг Хоразмда «Эрк» партияси фаоли, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб ва асосан унинг қариндошларидан иборат экани айтилган 20 кишидан ортиқ намойишчилар куч билан автобусга ўтқазилиб, номаълум томонга олиб кетилгани хабар қилинган.

Кейинчалик Маҳмуд Ражаб ва Нафосат Оллошкуроваларнинг 10 суткага қамалгани маълум бўлди.

3 октябр куни Маҳмуд Ражаб жазосини ўтаб бўлганидан сўнг очиқликка чиқарилган.

5 октябрь куни хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметов Оллошкурованинг яқинларидан бири билан учрашаётган вақти ички ишлар ходимлари томонидан ушланган.

Рўзметовга номаълум аёллар ҳужум қилгани айтилади.

ИИВ таянч пунктида 5 соат ушлаб турилганидан сўнг озод этилган журналист ўзига қарши ҳужумни "провакация" деб атаган.

Унинг сўзларига кўра, мақсад унинг касбий фаолиятига тўсқинлик қилиш бўлган.

Фэйсбукда Шабнам номи билан танилган хоразмлик Нафосат Оллошкурова Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён мажбуран руҳий шифохонага ётқизилган биринчи фаол ва умуман, Ўзбекистоннинг янги тарихида руҳий диспансерга жойлаштирилган биринчи блогер бўлган.

Бунга қадар таниқли ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева, марҳум Ислом Каримов даврида бир неча марта руҳий шифохонага мажбуран ётқизилганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek