Ўзбекистон ва Британия: 1935 йил Лондонда Тамарахоним қандай кутиб олинган ёхуд Усто Олим салласи сири

Фото муаллифлик ҳуқуқи The Vaughan Williams Memorial Library
Image caption Тўхтасин Жалилов, Тамарахоним, Усто Олим Комилов ва Абдуқодир Исмоилов Лондонда, 1935 йил

Роза Верко Британияда яшовчи мустақил рақс тадқиқотчиси ва блогер. У Марказий Осиё санъати ва маданиятини Буюк Британияда тарғиб қилишга бел боғлаган. Унинг асосий қизиқишлари: ўзбек рақси, унинг тарихи ва келиб чиқиши. Мазкур мақола Лондон кутубхоналарида олиб борилган мустақил тадқиқотга асосланган. Тадқиқотнинг муҳим қисмлари бу йил сентябрида Хивада бўлиб ўтган "Рақс сеҳри" фестивалида тақдим қилинди.

Ўз мақоламда мен 1935 йилда ўзбек маданиятини илк марта британ жамоатчилигига тақдим қилган ажойиб раққоса ва атоқли санъаткор Тамарахоним, унинг устози Усто Олим Комилов, созандалар Тўхтасин Жалилов ва Абдуқодир Исмоиловлар ҳаёти ва ижодидаги жуда муҳим воқеани жонлантиришга уриндим.

Тамарахоним ижодини жонли тарзда кўрмаганман. Аммо, унинг ўзбек рақсини ва ўзбек маданиятини дунё бўйлаб тарғиб қилишдаги ҳиссасига ва ҳаётига муҳаббатим чексиз. Унинг рақслари ва раққоса касбига бўлган муносабати раққосалар, хонандалар ва маданият фаолларининг бугунги ва келгуси авлоди учун ҳали ҳам илҳом модели бўлиб хизмат қилади.

Ўз ижодининг илк кунларида у очиқ юз билан жамоатчилик олдида рақсга тушгани учун бир неча бор мутаассиблар томонидан дўппосланишига, ҳатто ўлдирилишига жуда оз қолган. Лекин, у ҳеч қачон таслим бўлмаган ва рақсга бўлган муҳаббатига содиқ қолган.

Тамарахонимнинг 1935 йилда Лондонда ўтган Халқаро фольклор рақслар фестивалида қилган чиқишлари ўзбек аёли ва профессионал ижодкорнинг янги сиймосини яратди - ўз ватанига чексиз ҳурмат ва ифтихори бўлган ва ўзига ишонган Тамарахоним айни дамда ўта жозибадор, ёқимли, гўзал ва лабларида ҳамиша сирли табассум ўйнаб турган илиқ шахс эди.

Мен учун жуда қизиқ бўлгани, Тамарахоним ва унга ҳамроҳ уч созанда Лондонда қандай кутиб олинган экан ва ўша даврнинг британ матбуоти британ саҳнасидаги илк ўзбек санъаткорларига қандай қарашган экан?

Тадқиқотимни Лондондаги Британия кутубхонасидан бошладим. Сўнг пойтахт шимолидаги дарахтлар ичра жойлашган сокин Камден мавзесида, Инглиз халқ рақси ва қўшиқлари жамиятининг қароргоҳи бўлмиш Сесил Шарп уйида якунладим.

1935 йилда фольклор рақсларни Лондон саҳнасида намойиш қилишдан мақсад ўша вақтда баъзи мамлакатлар ва ҳудудлар ўртасида мавжуд бўлган тангликни ортда қолдириб, қитъа сифатида бирлашишга чақириш эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images/Print Collector
Image caption Халқаро рақс фестивали Қирол Жорж V ва Қиролича Мерининг кумуш юбилейи тантаналари манзарасида ўтган

Тадбирга гувоҳ инглиз адиби Симона Пакенҳам ёзишича, фестивалга 17та мамлакатдан 500дан ортиқ раққос ва раққосалар ташриф буюрган.

Фестиваль дастурида "СССР раққосаларнинг катта гуруҳини йўллади ва улар рус халқ рақсларининг кўплаб турларини намойиш қиладилар" деб ёзилган.

Уч кун давом этган фестиваль 1935 йилнинг 17-19 июль кунлари нуфузли Роял Альберт Ҳолл саҳнасида бўлиб ўтган. Томошабинлар ичида Қирол Жорж V ва Қиролича Мери ҳам бор эди.

СССРнинг делегацияси Россия, Украина, Грузия ва Ўзбекистондан йиғилган 38 кишидан ташкил топганди. Тамарахоним ўз автобиографиясида ёзишича, фестиваль ташкилотчиларидан бўлган СССРнинг Лондондаги элчиси Иван Майский уларга кўп ёрдам берган: у ҳатто раққос ва раққосаларга репетициялар ва либосларини тикишлари учун элчилик уйини ажратиб берган. Элчи Майский ва унинг рафиқаси Усто Олим оғир касал бўлиб қолганида ҳам унга тинмай қарашган. Аммо, бу ҳақида батафсил бироз кейинроқ...

Тамарахоним ва унинг созандалари

Британия матбуоти Тамарахоним СССР делегациясининг аҳамиятли аъзоси эканини билишарди. Тамарахоним 1933 йилда Ўзбекистон Халқ артисти унвонини олган ва нафақат Ўзбекистон, балки бутун СССРда машҳур юлдуз эди.

Суратлардан бирининг остидаги изоҳда "Осиёлик рус халқ рақс гуруҳи аъзолари" дейилган. Ўзбек санъаткорларининг осиёлик рус гуруҳи дея қабул қилинишига ҳайрон қолмаса бўлади, ҳар қалай Тамарахоним ва созандалари Лондонга СССР номидан келишганди. Британлар ва матбуот у даврларда СССР ҳақида кўп билимга эга эмасдилар ва СССРдаги этник, тарихий ва маданий турфахилликни тўла англаб етмаганлар. Ғарб учун СССР асосан Россияни англатарди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи The Telegraph Historical Archive/British Library
Image caption The Daily Telegraph газетаси мақоласида Тамарахоним ва "уч профессионал баллет раққоси" тилга олинади

'The Daily Telegraph' газетаси чоп қилган ушбу кичик эълонда шундай дейилган: "Совет раҳбарияти Тошкентдаги давлат театрларидан уч профессионал балет раққосларини ўзбек, тожик ва бошқа Ўрта Осиё миллий рақсларини намойиш қилиш учун Лондондаги Фольклор рақс фестивалига юборишга қарор қилди. Улар орасида "шарафли халқ артисти Тамарахоним" ҳам бор".

Бу хато эди, албатта. Тошкентдан келаётган гуруҳ балет раққослари эмас, балки ўзбек миллий мусиқий театрининг кашшофлари эди. Усто Олим Комилов таниқли созанда, хореограф, маданий фаол ва устоз бўлса, Тўхтасин Жалилов ва Абдуқодир Исмоилов номи чиққан созанда ва актёрлар эдилар.

Газетадаги эълонда Тамарахоним "Тошкент яҳудий театрининг профессионал раққосаси ва у Туркистондаги ирқининг маҳаллий рақсларини ижро этади" дейилади.

Гап шундаки, у даврнинг британ журналистлари ўзбек маданияти, ёки ўзлари айтмоқчи, "ирқ"ини билмаганлар. Улар, шунингдек, Тамарахоним аслида арман қизи экани аммо Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрига яқин жойда туғилиб ўзбек маҳалласида улғайгани, ва шу сабаб, ўзбек мусиқаси, қўшиқлари ва рақслари, тили ва удумларидан ўта яхши хабардор эканини билишмасди.

Тўртовлон илк ўзбек сайёр этнографик ансамбли тузилишининг биринчи кунлариданоқ бирган ижод қилганлар. Ансамбль 1929 йилда Давлат ўзбек мусиқий театрига айлантирган ва у ҳозирги Алишер Навоий театрига пойдевор бўлган. Айтиш жоизки, созандаларнинг Лондондаги роли фақат ёш Тамарахонимга ҳамроҳлик билан чекланмаган: улар унинг устозлари, маслаҳатчилари ва рақс саҳналаштирувчилари ҳам эдилар. Тамарахонимнинг раққоса бўлиб шаклланишида ва унинг рақс репертуари ўзбек миллий рақсининг энг ажойиб мероси билан тўлдирилишида Усто Олим Комиловнинг роли жуда катта бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи The Vaughan Williams Memorial Library
Image caption Тўхтасин Жалилов

Мана бу суратни эса The Vaughan Williams Memorial Library кутубхонаси архивларидан топдим. Унга "ўзбек созандаси" дея изоҳ берилган, холос. Суратда Тўхтасин Жалилов ўзининг ранг-баранг тўнида гавдаланган.

Сесил Шарп уйи архивларида сақланаётган яна бир суратда эса ўзбек ансамбли ўз инглиз мезбонлари даврасида инглиз чойини ичаётганлари намоён бўлади. Унга "Чой бирлаштирди: Халқаро фольклор рақс фестивали раққослари, 1935" дея изоҳ берилган. Суратда анъанавий ўзбек пиёласидан чой ичишга ўрганган санъаткорлар инглизча русумда чой ичаётганлари намоён бўлади.

Ўз автобиографиясида Тамарахоним Лондонга сафари ва меҳмондўстликнинг турли маданий турлари ҳақида қуйидаги кулгули воқеани ёзиб қолдирган. Лондон сафари ортидан жамоа соғ-омон уйларига етиб олганлар. Андижонга келганларида, уларни катта тўй маросими билан кутиб олганлар. Тамарахоним уларнинг Лондондаги муваффақияти билан қутлаб ҳуш қарши олган ватандошлари хиссиётларини тасвирлайди - унинг ёзишича, Андижонда уларга шундай катта дастурхон ёзишганки, улар Лондондаги Қироллик тадбирида кичик-кичик овқатларни еб қоринлари оч қолганлари дарров эсдан чиқиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи The Vaughan Williams Memorial Library
Image caption Ўзбек санъаткорлари инглиз мезбонлари даврасида чой ичишмоқда

Усто Олимнинг салласи

Эътибор берган бўлсангиз, суратларда фақат Усто Олим Комилов ўзбек созандалари ичида салла ўраган ҳолда намоён бўлган. Тамарахоним ўзининг "Менинг ҳаётим. Ўзим ва Ўзбекистоннинг атоқли маданий фаоллари ҳақидаги хотираларим" китобида бу ҳолат ҳақида қизиқ ҳикояни сўзлаб беради. (Бу китоб Тамарахоним ҳаёти ва ижоди ҳақида катта материал йиққан Любовь Авдеева томонидан тайёрланган.)

Ҳикояда айтилишича, Усто Олим Лондонга сафар қилаётганида қаттиқ касал бўлиб қолган. Узоқ поезд сафари уни шундай толиқтирганки, ўзбек гуруҳи сафарни бўлиб Усто Олимга муолажа олиш учун Берлинда қолиб кетганлар. Режада бўлмаган Берлин танаффуси туфайли гуруҳ Лондонга шошиб, барча юкларини Берлин темир йўл бекатида қолдириб кетишган. Хайриятки, эртасига юклари Лондондаги элчихонага олиб келинган. Гуруҳ Голландиянинг Роттердам шаҳрига бориб ва у ердан кемада Ла-Маншни кесиб ўтиб Лондонга етиб келганларида Усто Олимнинг аҳволи янада оғирлашган. Унинг чап кўзи тепасида пайдо бўлган учта шиш қаттиқ оғриб бериб, уни ҳолдан қолдирган.

Тамарахонимнинг хотирлашича, элчи Иван Майский ва унинг рафиқаси Агния Александровна Усто Олимга яхши қараганлар. Элчи ва унинг аёли фестиваль ташкилотчилари бўлмиш The Kennedy's компанияси ёрдамида Усто Олимни, таъбир жоиз бўлса, ўлим ёқасидан олиб қолганлар: улар зудлик билан маҳаллий жарроҳни чорлаб уй шароитида унинг пешонасида мураккаб жарроҳлик амали қилинишига сабабчи бўлишган. Аммо, Усто Олимнинг ярасини энди қоплаш керак эди. Шунда Тамарахоним унинг бошини Бухороча салла билан ўрашга қарор қилади. Салла кийган Усто Олим соғайиб, фестиваль саҳналарида муваффақиятли чиқишлар қилди. Тамарахоним саллани британ жамоатчилиги қандай қабул қилишидан безовта бўлганди, аммо салла унга жуда ярашиб тушган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images/Picture Post
Image caption СССРнинг Британияда 1932-43 йилларда элчиси бўлган Иван Майский Британия Бош вазири Уинстон Черчил билан, 1941. Майскийни Черчил ёқтирган ва Сталинга мақтаган, аммо Сталин уни "оғзи бўш" дея таърифлаган. Тамарахоним унинг ўта очиқ ва дўстона бўлганини эслайди.

Тамарахоним ўз мемуарида Роял Альберт Ҳолл саҳнасидаги чиқишидан аввал Британия Қироли Жорж V ва Қиролича Мерига таъзим қилганини эслайди - бу Британия қироллиги этикети талаби эди. Унинг ёзишича, Усто Олим бу саҳнадаги ўзбек чиқиши аъло даражада амалга ошишини жуда истаган. Юқори ҳарорат билан томошабинлар қаршисига чиққан Усто Олим бутун куч-қувватини доирасига берган, Тамарахоним эса "Катта ўйин", "Гул ўйин", "Пилла" ва "Кари наво" рақсларини маромига етказиб ижро қилган.

Қирол ва Қиролича мезбонлик қилган маросимда фестивалнинг барча иштирокчиларига медаллар тақдим қилинган, аммо Тамарахонимнинг ёзишича, ўзбек гуруҳи алоҳида таклиф қилиниб Усто Олим Комиловга шахсан Қиролича номидан медаль берилган. Қиролича ва Қирол Усто Олимнинг қўлларини олиб, унинг бетакрор мусиқий бармоқларига ҳурмат тарзида юзларига теккизганлар.

Санъат танқидчиси Артур Бачелор Тамарахоним ва Усто Олим томошасини қуйидагича эслайди:

"Альберт Ҳоллда иккинчи кечада юзи яққол монгол қиёфали аёл пайдо бўлди ва қизиқ рақс ижро этди. У менга Наутч рақсини эслатди, ва Ғарб маданияти ўзбек маданиятини нақадар ўзгартирган экан дея ўйлашга ундади. Унинг доирачисининг маҳорати, пианиссимо ёки форте, ҳар бир зарбани нақ ҳақоратдек жаранглатди. Аёл лутф билан уни жойидан турғазиб томошабинлар ёғдираётган қарсакларни у билан бўлишишга чақирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rosa Vercoe
Image caption Муаллиф Роза Верко Хивада грузиялик санъаткорлар билан

Тамарахонимга "яққол монгол қиёфали" дея берилган таъриф ва унинг рақсининг Ҳиндистоннинг миллий Наутч рақсига қиёсланиши Британия матбуотида ўзбек маданияти ҳақида билим қанчалар кам бўлганидан дарак беради. Аммо, бу ҳам ўзбек санъаткорларининг Лондондаги ажойиб муваффақиятига соя солмади. Бачелор Усто Олимни фестивалдаги "энг зўр" саллали доирачи дея баҳолади. "Кекса осиёлик қўлида элакдек доира билан залда ўтирган ҳар бир созанда ва раққосаю раққосни иликларигача титратди. Сўнг залда ўзини устаси деб билган ҳар бир доирачи унинг атрофини ўраб олишга уринганини кузатиш қизиқ бўлди. Альберт Ҳоллни қарсаклар наъраси қоплади", деб ёзади у.

Тамарахонимни эса у сўнгра "ўзбеклик сирли энигма" дея таърифлайди. Бошқа бир мақолада Тамарахоним инглиз тилида "бриллиант аёл" номини олди.

Тамарахонимнинг ёзишича, британ жамоатчилиги Усто Олимнинг кўринишидан шундай оддий асбобдан у қадар турфахил садоларни чиқара олишдек техник қобилиятидан лол қолишгач, фестивал ташкилотчилари унинг қўлидан аниқ нусха қуйиб олишган ва бу нусха кўп йиллар Сесил Шарп уйида сақланган. Мен бу қўл нусхаси ҳақида сўраганимда, Сесил Шарп уйи кутубхонаси мудири айни уй Иккинчи жаҳон урушида бомбардимон остида қолгани ва қўл нусхаси бошқа кўплаб осори атиқалар билан бирга вайрон бўлган бўлиши мумкинлигини билдирди. Қандай бўлмасин, мен Лондон халқаро фольклор рақс фестивалидан кўплаб оригинал суратлар ва материаллар бу қадар бенуқсон сақланиб қолганига жуда хурсанд бўлдим. Айнан Сесил Шарп уйи кутубхонаси ходимларининг саъй ҳаракатлари туфайли мен бу воқеани жонлантиришга муваффақ бўлдим.

Ўйлайманки, ўзбек раққос ва раққосаларининг янги авлоди Тамарахоним ва унинг устозларидан ўрнак олиб, бутун жаҳонга ўзбек рақсининг барча жанрлари - миллий, мумтоз ва замонавий турлари нақадай бой эканини намойиш қилишлари керак. Яқинда Хивада бўлиб ўтган "Рақс сеҳри" каби фестиваллар ўзбек рақс маданиятининг жозибасини кўз-кўз қилади, аммо энди Тамарахоним ўз ҳаёти давомида қилганидек, миллий чегаралардан чиқиб ўзбек рақси ва маданиятини дунё бўйлаб тарғиб қилиш вақти келди. Рақс нафақат кўзни ва дилни яйратувчи санъат тури, балки халқларни ўзаро яқинлаштириб, маданий кўприклар қуриш учун ҳам хизмат қилиши мумкин.

АҚШда илк Ўзбек рақс дастасини тузган Лоурель Виктория Грей

Америка қизи ўзбек рақсини дунёга танитмоқда

Би-би-си меҳмони - таниқли раққоса Санъат Маҳмудова

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek