Ўзбеклар ва дунё: Истанбулда ойига $500 долларча топасиз, шу пулга тўй ҳам қила оласиз

Туркия Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency

Ўзбеклар ва дунё: Истанбулда $400 долларга ҳам тўй қилиш мумкин. Йиғиниб ётишингизга ҳам ҳожат йўқ. Ўзбек оилалари кўпроқ турклар билан қуда бўлишади. Ортиқча харажатдан тийилишади.

Аммо серхаржроқ тўй қиламан десангиз, ҳатто, шунда ҳам, банкдан кредит оласизу муаммо ҳал, ойма ой тўлаб бораверасиз.

Бу Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатлашган қатор ўзбекистонликларнинг ўз иқрорлари.

Бугун Туркияда турли юмуш, иш ёки таҳсилда банд ўзбекистонликларнинг сони бир неча ўн мингларга етади.

Уларнинг орасида оилавий бўлиб меҳнат муҳожирлигига юз тутганлари ҳам оз эмас.

Бундан ташқари, диний, сиёсий таъқиблардан қочиб, Туркияни ватан билган ўзбекистонликлар ҳам анча-мунчани ташкил этади.

Каримов дангасалар, Мирзиёев фарзандларим, деди, нима ўзгарди? - Ўзбекистон, дунё ва миграция

Туркия, Истанбулда рейдлар: Қочиб юрган ўзбекистонликлар бор

Туркия, ўзбеклар: Биз ватанни қидириб юрдик

Дунё ва ўзбеклар: Ҳар Рамазон Тошкент ёпган нонини эслайман

Суҳбатдошларимизнинг сўзларидан маълум бўлишича, Туркиядаги ана шундай ўзбек оилалари кўпроқ турклар билан қуда бўлишни афзал билишади.

Асосан уларга қиз бериб, куёв олишади.

Қизларининг тўй ортидан, уй-жойли бўлиши, ўзидан тиниб-тинчиб кетишини ўйлашади.

Кўпроқ турк - маҳаллий тамойиллар бўйича тўй қилишни афзал билишади.

Хина кечаси (қизлар базми - таҳр.) уюштиришади, нон синдиришади, фотиҳа ва никоҳ тўйи қилишади.

Асосан шу билан кифояланишади, куёв навкар, юз очди, чарлар, наҳорги ош, қуда чақирди, деб бош қотириб ўтиришмайди.

Аммо тўйларига ўзбекона руҳ беришга барибир ҳаракат қилишади.

Куёвга ўзбекча тўн, дўппи кийдиришади.

Дастурхонга ҳам албатта ўзбекча палов тортишади.

Дейлик, Туркиянинг энг йирик иккита шаҳридан биттаси бўлган Истанбулда энг арзон тўй - кема тўйлари бўлади.

Бу каби тўй учун харажатингиз $500 долларга ҳам бормайди, дейди ҳозир Истанбулда бўлган суҳбатдошларимиздан бири, асли ўзбекистонлик влогер Феруза Шокирова.

Яъни, икки юзта меҳмонга мўлжаллаб битта кемани тўрт соатга ижарага оласиз.

Истанг палов, истанг, манти пиширтириб келтирасиз, хоҳланг, фақат ширинлик ва ичимлик билан кифояланасиз.

Фақат мазза қилиб ўйин-кулгуга зўр берасиз.

Якунида эса, ижара ҳақига $350 доллар тўлайсизу, кетаверасиз.

Кўча ёки маҳаллангизда қилинган тўй ҳам сизга у қадар қимматга тушмайди, дейди влогер.

Бошқа бир суҳбатдошимизга кўра, аммо тўйхонада қиламан, десангиз, тўй харжингиз беш-олти минг долларнинг тагига бориб қолади.

Маълум бўлишича, тўйлар Туркияда ҳар кимнинг имкониятидан келиб чиқиб, ўзи томонидан берилган танлов асосида қилинади.

Орзу ҳавас, мен сендан камми, деган гаплар бўлмайди.

Давлат ҳам бу ишга аралашмайди, одамларнинг шахсий танловини ҳурмат қилади.

Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.

Туркиядаги энг катта сондаги ўзбекистонликлар эса, айнан Истанбул шаҳрига тўғри келади.

Истанбулда турли юмуш ва ишда банд бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сони минглаб экани айтилади.

Улар асосан дўкон, бозор, турли хил емакхоналар ва карго хизматларида ишлашади.

Истанбулда бўлган ўзбекистонлик бир меҳнат муҳожири эса, ойига ўртача $300-$500 АҚШ долларигача даромад қилади.

Яшайди, еяди, ичади, орттириб, яна ортга - Ўзбекистондаги яқинларига ҳам пул жўнатади.

Яқинда Истанбулда синглисини узатган суҳбатдошимиз сўзларидан ҳам тўй сарф-харажатларидан оғринганликлари сезилмайди.

Бошқа бирининг айтишича, "ўзбеклар ўзбеклигини йўқотмайди. Аммо иложи борича камчиқим бўлишга ҳаракат қилишади".

"Туркиядаги ўзбек тўйлари жуда чиройли ўтади...".

Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам саёҳат ва ҳам тижорат мақсадида йўл солаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek