Ўзбекистон, расмий Тошкент ва Президент Мирзиёев эртасини ўйлаяптими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC WORLD SERVICE

Ўзбекистон, расмий Тошкент ва Президент Мирзиёев ниманинг ҳаракатида?:

Ўзбекистон Яқин Шарқдаги фуқаролари билан боғлиқ муаммони англаб етган. Давлат уларни қайтариш билан, ўзининг истиқболдаги, келажакдаги хавфсизлигини ўйлаб, жиддий иш қилаяпти. Бу таҳлилчи баҳоси.

Тошкент эса, кеча, пайшанба куни яна олтмишдан ортиқ ўзбекистонликни Ироқдан қайтарди.

Президент Мирзиёев ташаббускори бўлган навбатдаги "Меҳр" операцияси биринчисидан тўрт ярим ойча ўтиб амалга оширилди.

Шу йил май ойида Ўзбекистон Суриядан 160 га яқин фуқаросини олиб келган.

Операция мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойида амалга оширилган.

Ҳар икки инсонпарварлик амалиёти ортидан, қайтарилганлар деярли барчасининг хотин-қиз ва болалар экани кўрилган.

Ўзбекистон, Тошкент ва Мирзиёев: Ўзбек жангарилари ортга қайтишадими?

Суриядаги ўзбек жангарилари Афғонистонга қайтмоқдами?

Ўзбекистон ва Марказий Осиё: Яқин Шарқдаги жангарилар тақдири нима бўлади?

Ўзбекистон Россия таҳдидини яхши билади, Тошкент Москвадан масофа сақлайди

Ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ўзининг дин ва диндорларга нисбатан "тазйиқона" сиёсати туфайли узоқ йиллар давомида халқаро миқёсда танқидларга тутиб келинган.

Худди шу манзарада расмий Тошкент Афғонистон бўладими ёки Яқин Шарқ, Ўзбекистон ташқарисида фаолият юритиб келаётган ўзбек жангари гуруҳларининг фаолиятидан жиддий хавотирда экани ҳам кўрилган.

Шу боис ҳам, жангарилар оилаларининг янги Ўзбекистоннинг президенти томонидан ортга қайтарилгани хабари ҳам мамлакат ичкариси ва ҳам мамлакат ташқарисида озмунча диққат-эътиборга сабаб бўлмаган.

Мазкур хабар ўша пайтда ижтимоий мулоқот тармоқларини том маънода ларзага келтирган Ўзбекистон билан боғлиқ яна бир долзарб ва зиддиятли мавзуга айланган.

Берилган баҳо, билдирилган акс-садо ва муносабатлар тамом иккига бўлинган.

Айниқса, қораловчи томоннинг фикрлари ўзининг ўта кескинлиги билан ажралиб турган.

Бу каби қарашлар бир нуқтага жамланганда, уларни Ўзбекистонга қайтаришга ҳожат бўлмагани, бу иш хато эканига оид мазмун-моҳият англашилган.

Халқаро жамоатчиликда эса, ортга қайтарилганларнинг бирор бир босимга учраш-учрамасликлари билан боғлиқ безовталик сезилган.

Бу нима дегани?

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Аммо расмий Тошкентнинг бу каби кўпчилик учун кутилмаган қадами, қарорига баҳо берган Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Ўзбекистон Яқин Шарқдаги фуқаролари билан боғлиқ муаммони англаб етган.

Давлат уларни қайтариш билан, ўзининг истиқболдаги, келажакдаги хавфсизлигини ўйлаб, жиддий иш қилаяпти.

Таҳлилчига кўра, давлат бу иш билан ўзига бўлган ишончни кўрсатган, легитимлиги жиддий бир даражада ошган.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бунинг хавфсизлик билан боғлиқ ўлчами ҳам мавжуд.

"Бу оилаларнинг Яқин Шарқда қолиши кейинчалик давлатга жиддий бир муаммолар яратиши аниқ эди".

Шундай деяр экан, таҳлилчи аҳолиси 33 миллионли Ўзбекистон постсовет ҳудудидаги энг йирик мусулмон давлати экани омилига эътибор қаратади.

"Энди, мана, глобаллашган бир шароитда, ижтимоий, сиёсий, геосиёсий, дунёвийлик ва динийлик каби қарашлар тўқнашаётган бир даврда Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини Яқин Шарқда беэътибор қолдириши албатта бу муаммо бўлар эди".

"Ўзбекистон, Марказий Осиёдан ташқарида иккита асосий конфликт ҳудуди мавжуд - биринчиси, Яқин Шарқ: Сурия ва Ироқ бўладиган бўлса, иккинчиси узоқ муддатдан бери Афғонистон бўлиб қолаяпти. Афғонистонда ҳам озми-кўпчи ана шундай оилалар мавжуд", деркан, таҳлилчи, "давлат уларни қайтариш билан ўзининг истиқболдаги, келажакдаги хавфсизлигини ўйлаб, жиддий иш қилаяпти", дейди.

Янги Ўзбекистоннинг президенти

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

"Агарки, ҳокимиятда Ислом Каримов бўлганида, ўйлайманки, бу қочқинлар, биринчидан, Ўзбекистонга қайтишга рози бўлмас эди. Иккинчидан, Каримов маъмурияти ҳам уларни олиб келишга шошилмасди. Чунки Каримовнинг бу каби масалалардан жиддий дунёқараши шаклланган эди. Ишончсизлик ёки давлат тизимининг репрессив оҳанги ўзгаришига ҳеч қандай бир умид йўқ эди", - дейди таҳлилчи.

Унга кўра, "Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиб, Ўзбекистон ички сиёсатида ҳам, ташқи сиёсатида ҳам жиддий ўзгаришларга интилаяпти. Ўзбекистонда ҳозир ҳуқуқий давлат бўлишга интилиш бор".

Аммо, шунда ҳам, "ҳали қилинадиган ишлар кўп. Бу одамларни қайтаришнинг мантиқий давоми мавжуд. Мана шу давоми ҳам амалга оширилиши керак".

Таҳлилчи суҳбатдошимизнинг таъкидлашича, давлат, бунга қўшимча, диний эркинликларни таъминлаш ёки кенгайтиришда ҳам давом этиши керак.

"Ҳали бизда бу масалада жиддий муаммолар мавжуд", - дейди у.

"Агар, Ўзбекистон, бир томондан, бу каби одамларни Ўзбекистонга қайтариб, бошқа тарафдан, диний эркинликларни таъминламайдиган бўлса, улар бир томондан ортга қайтаверади, бошқа тарафдан Ўзбекистондан чиқиб кетаверади".

"Демак, Ўзбекистон давлатнинг дунёвийлик табиатини таъминлаган, ҳуқуқий давлат бўлишга интилган бир ҳол, ҳолатда, диний эркинликларни кафолатлаши керак".

Дастлабки "Меҳр" инсонпарварлик амалиёти ортидан, Ўзбекистон раҳбарининг шахсан ўзи бу инсонларни Сурияга нима етаклагани саволини кун тартибига ҳам олиб чиққан.

"Уят бўлса ҳам айтиш керак, 156 нафар Сурияга кетганлар нима учун кетган? Кимни излаб кетган?", - деяркан, "Тан олиш керак, биз уларга шароит яратиб бермаганимиз учун кетган!", - дея бунда, таъбир жоиз, "ўз айблари"ни ҳам ишкора эътироф этган.

"Биз ҳаммамиз бу ҳолатни чуқур ўйлашимиз керак", - деганди Ўзбекистон Президенти Мирзиёев.

Ўзбек жангари гуруҳлари ва ўзбекистонлик жангарилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Кенг матбуотга имконли бўлган энг сўнгги халқаро ҳисоботларда ҳам Яқин Шарқдаги Ўзбекистон фуқароларининг сони 1500 нафар экани айтилган.

Уларнинг Ироқ ва Сурияда ИШИД баробарида яна икки ўзбек жангари гуруҳи сафларида жанг қилишгани ишонилган.

Ўзбек жангарилиги ва жангарилари табиатини яқиндан тадқиқ этган халқаро экспертлар орада кечган вақт давомида улар аксариятининг Яқин Шарққа ўз оилалари билан бирга юз тутганликларини айтиб келишган.

Аммо улар - яъни, хотин-қиз ва болаларнинг аниқ сонларига оид рақамлар шу пайтгача очиқ манбаларда имконли бўлмаган.

Сурия, Ироқ ҳукуматлари ва халқаро коалицияларнинг Яқин Шарқда ИШИД гуруҳи деярли мавҳ этилгани ва исломий халифати ҳам таназзулга учраганига оид баёнотлари манзарасида ўзбекистонлик жангариларнинг сўнгги тақдирига оид батафсил маълумотлар ҳам имконли эмас.

Яқин-яқингача улар аксариятининг ўзлари Яқин Шарқда жанг қилиб келган "Имом Бухорий" катибаси ҳамда "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи таркибида асосан Суриянинг шимолий Идлиб шаҳридан бошпана топиб келганликлари ишонилган.

Сўнгги пайтларда у ердаги исёнчи гуруҳлар (сафларидаги хорижий жангарилар илова -таҳр.), оилалари ва маҳаллий аҳолиси билан бирга айнан Идлиб Суриянинг исёнчилар қўлида қолаётган энг сўнгги истеҳкоми, расмий Дамашқ, Россия, Эрон ва Туркия ҳукуматлари орасидаги давомий музокаралар диққат-марказидаги ҳудуд бўлиб келади.

Орада кечган вақт давомида Яқин Шарқда икки мингдан тўрт мингтагача Марказий осиёликнинг жанг қилгани ишонилса, улардан катта сондагиси ўзбекистонликлар ва ўзбекларга нисбат берилган.

Афғонистонда эса, чорак асрдирки, Ўзбекистонда асос солинган илк ўзбек жангари гуруҳи - Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва кейинчалик унинг сафларидан ажралиб чиққан "Исломий Жиҳод" иттифоқи фаолият юритиб келади.

Ҳаракатнинг ўз олдига қўйган бирламчи мақсади эса, Ўзбекистонда амалда бўлган дунёвий тузумни ағдариб, шаръий давлатчилик барпо этиш бўлган.

Бунгача Қозоғистон, Тожикистон ҳукуматлари аллақачон бу каби инсонпарварлик амалиётларига қўл уриб бўлишган. Расмий Бишкек эса, бунинг ҳаракатида эди.

Уч минтақа давлати раҳбариятининг айни саъй-ҳаракатлари сўнгги ойларда бу хусусда расмий Тошкент ва расмий Ашхободнинг нега жим эканига оид саволларни ҳам пайдо қилаётганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи PRESIDENT.UZ

Расмий Тошкент эса, нафақат кутилмаганда бу каби қарорга келган, ҳатто, президент Шавкат Мирзиёев "конституция кўзда тутса-да", уларга қарши бирор бир чора кўрилмаслигини баён қилган.

Ортга қайтарилганларнинг оддий ҳаётга қайтишлари, янгитдан мослашиб кетишлари учун лозим барча ёрдам, кўмак ва дастак берилиши айтилган.

Бошқа томондан, сўнгги йилларда минтақавий экспертлар орасида Яқин Шарқдаги жангари гуруҳларнинг ўзларидан кўра, ортга қайтиши мумкин бўлган жангарилари Марказий Осиё давлатлари учун потенциал хавф эканига оид фикрларнинг ўртага отилгани ҳам бор гап.

Ўтган ой Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғинида мамлакати Сурия ва Ироқдан яна 200 дан ортиқ фуқаросини қайтариш режасида эканини маълум қилган.

Абдулазиз Комилов, "шу маънода, ўзларига халқаро ташкилотлар ва Яқин Шарқдаги жараёнларда бевосита иштирок этаётган давлатлар ёрдами керак"лигини айтган.

"Бу, биринчи, навбатда, Хавфсизлик Кенгашининг бу ерда йиғилган доимий аъзолари томонидан кўрсатиладиган ёрдамга алоқадор. Биз бундай ҳамкорликка тайёрмиз", деганди.

Унинг 25 сентябрь ортидаги мазкур баёноти ортидан, АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллс ҳам Нью-Йоркда берган матбуот анжумани чоғида бу масалага тўхталиб ўтган.

Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги мухбири саволига жавобан, Марказий Осиё давлатлари бу масалага ҳақиқатан ҳам бевосита эътибор қаратишаётганини таъкидлаган.

Уларга бу ҳаракатларида қандай қилиб техник ҳамкорлик кўрсатиш масаласи ҳозир ўзларининг ҳам диққат-марказларида турганлигини айтган.

Марказий Осиё давлатларини хорижий жангарилар оилалари реабилитацияси билан боғлиқ мулоқотларга қай йўсин жалб этиш хусусида ҳам бош қотираётганликларини қўшимча қилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил сентябрь ойида афв тўғрисида махсус фармон ҳам қабул қилган.

Бу фармон жангари гуруҳларга "адашиб кириб қолган ва пушаймон бўлган фуқароларни афв" этишни кўзда тутади.

Унинг қабул қилиниши ортидан, қанча сондаги ўзбекистонлик жангарининг ортга қайтгани маълум эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek