Ўзбекистон: Импорт тўловлари оширилади ва имтиёзлар бекор қилинади

Image caption Президент қарорида 300та маҳсулотга бож тўловлари ўрнатилди

Келгуси йил 1 январидан ҳозирда божхона тўловларига тортилмайдиган 300та маҳсулотга бож тўловлари ўрнатилади. Бу Президент Шавкат Мирзиёев 2 октябрда имзолаган қарорда белгиланган.

Мазкур қарор, таҳлилчиларга кўра, ўтган июнь ойида қатор маҳаллий тадбиркорларнинг хорижий маҳсулотлар билан рақобат қила олмаётганини айтиб шикоят қилишлари орқасидан қабул қилинган.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча бу қарорни расман изоҳламади, аммо баҳсу мунозаралар чоғида Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги божхона тўловларининг оширилиши мамлакат ичида юқори қўшимча қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга қулай шароитлар яратиши билан изоҳлаганди.

Президент қарорига кўра, хусусан, келгуси 1 январдан электромобилларга божхона қийматида 10% ставкаси ўрнатилади. Йил бошида бу ставка 0% дея белгиланиши ортидан Ўзбекистонга 20та электромобиль импорт қилинган.

Шунингдек, 1 январдан нархи 40 минг доллардан юқори бўлган чет эл автомобилларига божхона ставкасини двигатель ҳажмидан келиб чиқиб ҳисоблаш тартиби қайтарилди.

Бу нархдаги чет эл автомобилларига жорий йил бошидан имтиёз тадбиқ қилиниб, ноль фоизлик импорт бож тўлови ва 20% акциз солиғи қўлланилаётган эди.

Жорий йил бошида имтиёзлар киритилиши ортидан олти ой ичида Ўзбекистонга 600та чет эл енгил автомобиллари импорт қилинган.

Қарорда, шунингдек, баъзи ёғоч материаллари импортига божхона тўловлари киритилган.

Озиқ-овқат маҳсулотларидан ширинлик ва шоколад учун бож тўловлари 30 фоизгача оширилади. Ҳозирда қандолат маҳсулотлари учун бож тўлови 20%, шоколад учун эса 15%.

Шакарга нисбатан ҳам имтиёзлар бекор қилинди - 1 январдан оқ шакар импорти ҳам 10% бож тўлови ва 20% акциз солиғига тортилиши белгиланди.

Айни дамда минерал сув импортига белгиланган бож тўловлари (литри 0,25 доллардан кам бўлмаса) 50% этиб белгиланади. Ҳозирда бу тўлов - 30%.

Собиқ божхона раҳбари: Миллион-миллион долларни четга чиқарганлар ҳозир ҳам тирик

Ўзбекистон қатор товарларга импорт божлари ва акциз солиқларини бекор қилмоқчи

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek