Ўзбекистон, Туркия: "Она синглим бахтимни топсам, Туркияда турмушга чиқаман, дерди…"

Муҳаммадали Қодиров Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek.com

Туркияда қудратдаги Адолат ва Тикланиш партияси депутати Ширин Уналнинг Анқарадаги уйида боқувчи бўлиб ишлаган 23 яшар ўзбек қизи - Нодира Қодирова 23 сентябрь куни ўзини ўлдиргани ҳақида хабар тарқалди. Ўзбек қизининг Туркиядаги ўлими "шубҳали" деб кўрила бошланди. Марҳуманинг акаси Муҳаммадали Қодиров Би-би-си Ўзбек хизматига синглисининг орзулари бисёр бўлгани ҳақида сўзлайди.

Атиги 23 яшар бўлган Нодира Қодирова тўрт йил аввал Туркияга ишлашга борган. Унинг акаси Муҳаммадали ҳам узоқ йиллар Туркияда ишлаб келган.

Охирги бир йил давомида қиз қудратдаги АК партияси депутати Ширин Уналнинг уйида ишлай бошлайди.

Депутатнинг рафиқаси касал эди. Нодира у аёлга қараган.

Акасининг сўзлашича, Нодиранинг ҳаётда орзулари, олдига қўйган мақсадлари улкан бўлган.

"Синглим стюардесса бўлишни орзу қилар эди"

"Қийинчилик кўрган оилалардан биримиз, лекин синглим роса ўқишни орзу қилар эди. Стюардесса бўлишни истарди", дейди Муҳаммадали.

"Билими ҳам жуда яхши эди. Ашулаларни чиройли айтарди. Зиёданинг қўшиқларини ёдлаб олиб, унга тақлид қилар эди. Орзулари жуда кўп эди".

27 яшар Муҳаммадали оилавий шароит оғирлиги туфайли аввал ўзи, сўнг Ўзбекистондаги орзуларидан воз кечиб, синглиси Туркияга иш излаб боришга мажбур бўлганини айтади.

"Раҳматли отамнинг белдан пастки қисми ишламас - фалаж эди. Онам ҳам оғир бетоб. Оилада ёлғиз мен ишлар эдим. Синглим ҳам у ёқ, бу ёқда ишлар эди. Охири Россия, Қозоғистон, кейин Туркияга кетишга мажбур бўлдим".

"Ўқисак, пул топа олмасдик; ишласак, ўқий олмасдик. Шундай қилиб, ака-сингил ўқий олмадик", ҳикоя қилади марҳуманинг акаси.

Муҳаммадали оилага ёрдам бериш мақсадида Туркияга пул топишга келган Нодира, асосан, касалманд аёллар ва болаларга энагалик қилганини ҳақида сўзлайди.

Шунингдек, у молиявий қийинчиликлар мавжуд бўлсада, Нодирада ўз жонига қасд қилишга арзигулик сабаб ёки руҳий ҳолат бўлмаганини таъкидлайди.

"Бир-биримиздан сир яширмас эдик. Ҳамма ичидагиларни менга айтарди. Туркияда кунига бир неча бор қўнғироқлашар эдик. Ҳаттоки, бир йигит билан гаплашаётган бўлса ҳам, ака, шуни бир кўринг - нияти жиддиймикан, деб мендан маслаҳат сўрар эди. Мен: 'Хўп, она синглим, кўраман. Биз акалар хоҳласак-хоҳламасак - бу табиат қонуни. Гаплашишга ҳаққинг бор, бахтли бўлишга ҳаққинг борʼ, дердим".

Муҳаммадалининг маълум қилишича, Нодира депутат Ширин Уналнинг бетоб рафиқасини беш ой давомида кўтариб, ювиб-тараш натижасида бел оғриғи орттириб олган. У бошқа иш топмоқчи бўлганда, хонадон соҳиблари қизга ёрдамчи ёллашга ваъда бериб, уни қолишга кўндирган.

Шу тариқа қиз ҳаётининг сўнгги онларига қадар шу уйда ишлаган.

"Она синглим Туркияда ўқийман, агар бахтимни топсам, шу ерда турмушга чиқаман, деб орзу қилар эди", эслайди Муҳаммадали.

Муҳаммадали Қодиров фожиали ўлими ортидан Нодира тўғрисида тарқаган миш-мишлар уни тинч қўймаётганидан ёзғиради.

"Аввало синглимнинг ўз жонига қасд қилишига бирор сабаб йўқ эди. Бироқ Нодира синглим ўзини ўлдирган, деб гап тарқатганлар буни асослаш учун синглимни ақли заифликда, ҳатто, фоҳишаликда айбладилар. Бундай бўҳтонларни тарқатаётганларга фақат бир нарса тилайман - Аллоҳим уларнинг бошига ҳеч қачон бундай кўргиликни солмасин".

Ўлим борасида нима маълум?

Анқара Хавфсизлик идорасига кўра, Нодира 23 сентябрь куни кечки соат 21.00 атрофида оламдан ўтган.

Масъулларга биноан, Нодира ўзи ишлаган уйда жонига қасд қилган ва айни ҳодиса пайти депутат Ширин Унал, унинг хотини, қизи ва бошқа ёрдамчиси ҳам уйда бўлишган.

Воқеа жойида худкушликдан ташқари бирон бошқа шубҳали хатти-ҳаракат аломатлари топилмагани уқдирилади.

Нодиранинг акаси Муҳаммадали Қодиров эса журналистлар билан суҳбатда, бу воқеадан беш дақиқа олдин Ширин Унал билан гаплашганини айтган.

"Шу воқеадан беш дақиқа олдин депутат Ширин Унал мени излади. Менга тўппончам йўқолиб қолди, деб айтди. Синглинг олиб, сенга юбордими, дея сўради", деган марҳуманинг акаси.

"У тўппончани олиб, хонасига кирган ва эшикни қулфлаган. Эшикни очишга уриняпмиз, деди. Айни пайтда депутатнинг қизи Дуйгу Унал эшикка қараб юраркан, бақир-чақир овозлари келди. Шу ерда телефон узилди".

"Тезда такси олиб, етиб бордим. Полиция мени ичкарига киритмади. Синглим қани, деб сўрадим. Касалхонага олиб кетилди, дейишди".

"Такси олиб Билкент Шаҳар хастахонасига келдим. Мени ичкарига киритинг, унинг акасиман, деб айтдим. Аммо киритмадилар",

"Кейин ичкаридан шифокорлар чиқишди ва "бошинг соғ бўлсин", (Туркларда Бандалик маъносида ишлатилади - таҳр) деб айтишди. Тамом бўлдим".

Нодиранинг дугонаси нима дейди?

Нодиранинг ўзбекистонлик Лайло исмли дугонаси фожиадан бир кун олдин у билан гаплашганини, Нодира йиғлаб, депутат Унал унга тажовуз қилишга уринганини айтган.

"Ўлишни истайман. Акамнинг юзига қандай қарайман? Яшагим келмаяпти, каби сўзларни ишлатди", деган Лайло.

"Бир куни ухлашга чоғланаётганда хонасига депутат Ширин Унал кириб, эшикни қулфлайди ва унга ташланади. Аммо Нодира қаршилик кўрсатади".

Нодира бу зўравонлик қачон содир этилганини айтмайди, аммо Анқарадаги уйда кечганини тасдиқлайди.

Нодира дугонасига юрагини ёраркан, мен уни фақат акамдек яхши кўрардим деб, депутатнинг тўппончасини олганини билдиради.

"Аммо ҳамон бокира қиз эканини айтди", дейди дугонаси.

"Мен тўппончани ёнида сақлаётганини эшитгач, ўзингни ўлдирадиган ҳеч бир иш йўқ эканку, деб шаштидан қайтардим. Ҳали тўйинг бўлади, рақс тушамиз, деб айтдим".

Дугонаси унга яхши гаплар айтиб кулдирганини ва Нодира ҳам "Иншоллоҳ эрта кўришамиз", деб хайрлашганини урғулаган.

Кейинроқ, Нодира ҳақида чиқарилган айрим номақбул гапларга муносабат билдирган дугонаси у асло фоҳиша эмаслигини таъкидлайди.

Ширин Унал ким?

Ширин Унал ҳарбийлардан чиққан сиёсатчи.

Учувчи сифатида иш бошлаган Унал, ҳатто, НАТО қароргоҳида полковник ҳам бўлган.

Туркияда ҳозир қудратдаги АК партияси депутати.

У Анқара сиёсий доираларида жуда таъсирли ва қудратли шахс саналади.

Би-би-си журналисти Ойша Сайин воқеа борасида Ширин Уналдан фикр сўраганда, айни масалада гаплашмаслигини билдирди.

Ўзбекистон нима қилмоқда?

Би-би-сига исми сир қолиши шарти билан гапирган Ўзбек дипломатига кўра, улар тергов ишларини олиб бораётган Туркия тарафи билан ҳамкорлик қилишади ва жараён тўғри йўлда кетмоқда.

Ўзбекистон вакиллари Туркия прокуратураси билан учрашувлар ўтказишган.

Ўзбек дипломати Нодиранинг майити тезлик билан Ўзбекистонга жўнатилиб, дафн этилганини тасдиқлади, аммо бу ноодатий эмаслигини айтди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз веб-саҳифасида Нодира Қодированинг фожиали ўлимига оид ишларни назоратга олганини билдирган.

Ўзбекистонлик депутат Расул Кушербаев эса Нодира Қодирова ўлими ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзиб чиқди ҳамда хориждаги Ўзбекистон ваколатхоналарини фуқароларни ҳуқуқий ҳимоя қилишда пассив ва инсонлар тақдирига бефарқ, деб айблади.

Энди нима бўлади?

Нодира Қодирова ўзини отганми? Шубҳали ўлимнинг янги тафсилотлари

Туркияда ўзбекистонлик қиз ўзини отди

Туркия масъул идоралари эса ҳодисадан кейинги жараён рисоладагидек кечганини урғуладилар.

Анқара ҳуқуқ-тартибот масъулларига кўра, Нодиранинг ўлими масаласида Бош Прокуратура ҳар тарафлама, батафсил ва изчил текширув олиб борган.

Масъуллар майит ҳам обдон текширилганини айтишди.

Аммо Нодиранинг ўлими бўйича жиноят иши очилмаганига ишонилади.

Адвокат ҳам Нодира Қодированинг ўлими юзасидан бошланган ишни тўғри йўналишда эмас, деб билади.

Туркия Жумҳурият Халқ Партияси ҳамда "Саодат" партиялари депутатлари Сера Кадигил ва Жаҳонгир Ислом эса ўзбекистонлик қиз ўлимини холис текширишни парламент кун тартибига олиб чиқишди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ