Дунё, Ўзбекистон, Янгиликлар: Депутат "Миллий тикланиш"ни монополчиларни қўллашда айблади

Кушербаев Фото муаллифлик ҳуқуқи Xalqaro press klub

Олий мажлис депутати "Миллий тикланиш" партиясини монополчиларга сиёсий соябон бўлишда айблади. Туркия - Сурия чегарасида қақшатгич жанглар. Японияга ярим асрдаги энг кучли тўфон ёпирилди.

Депутат "Миллий тикланиш"ни мопополчиларни қўллашда айблади

ЎзЛиДеП аъзоси, Олий мажлис депутати Расул Кушербаев "Миллий тикланиш" партиясини Artel монополиясига ёрдам беришда айблади.

Олдинроқ Artel компанияси бошқарув раиси Баҳодир Абдуллаев "Миллий тикланиш" демократик партияси сафига қўшилганини маълум қилганди.

Кушербаев Facebookдаги саҳифасида монополиянинг ҳар қандай шаклига қарши эканлигини ва кўпгина мағлубиятларнинг сабабчиси сифатида билишини айтди.

"Афсуски давлат манфаатлари юзасидан табиий монополияга ҳозирча чидаш керак бўлаяпти, бироқ бу ҳам вақтинча", дейди у.

Депутатнинг таъкидлашича, монополия жамиятни иқтисодий қулликка етаклайди.

"Артел монополист эмаслигига ишонгимиз келади, ҳақиқатан де юре у монополист эмас ва бунга интилмаяпти, бироқ де факто интилаяпти. Буни импорт маҳсулотларига қўйилаётган турли тўсиқ ва оширилган божлар мисолида кўрса ҳам бўлади".

Иқтисодчи Юлий Юсупов олдинроқ импортдаги чекловлар ортидан Artel турган бўлиши мумкинлигини ёзганди.

Artel эса норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, Ўзбекистонда иқтисодиёт эркин бозор принципларига кўра ишлашини маълум қилди.

"Оддий айтганда Артел лоббизм билан шуғулланмаган. Мен бунга ишонаман. Чунки расман Артелда сиёсатда лоббизм учун сиёсий суянчиқ йўқ. Амалда эса... Унга биргина шу нарса расман етишмаётганди.

Куни кеча "Миллий тикланиш" партияси томонидан тайёрланган роликни кўриб Артел ушбу партияни танлаганини англадим, партия эмас "Артел" танлади ва монополия сари интилишда сиёсий "крыша" га эга бўлди расман", дейди Кушербаев.

Олий мажлис депутатига кўра, энди Artel да лоббизм билан расман шуғулланиш ва қонунчилик орқали де юре монопол бўлишга ҳаракат қилиш имконияти пайдо бўлди.

"Иқтисодиётда барча учун тенг имконият ва шароитлар яратилмас экан, кўпчилик камчиликнинг манфаати учун қулликка маҳкум бўлади. Биз иқтисодиётда эркинлик, тенглик ва монополиядан ҳолилик тарафдоримиз.

"Миллий тикланиш" га эътирозим йўқ, омадини берсин. Фақат монополия нима эканлигини унутмасалар бўлди", деб ёзди Расул Кушербаев.

Туркия - Сурия чегарасида қақшатгич жанглар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Суриянинг Туркия билан чегарадош Рос ал Айн шаҳри атрофида қақшатгич жанглар бўлмоқда. Туркия қўшинлари курдларга қарши шимолий шарқ бўйлаб ҳужумини давом эттирди.

Туркия муҳим бўлган шаҳарни қўлга киритганини айтди, бироқ курдлар бошқарувидаги Сурия демократик кучлари ушбу даъвони рад қилди.

Туркия, шунингдек, Америка ҳарбий кучларини нишонга олганини инкор қилди. Олдинроқ Пентагон ғарбда жойлашган аскарлари ўққа тутилганини айтганди.

Чегаранинг икки томонида 50 га яқин фуқаро ҳалок бўлгани айтилди, 100 мингдан зиёд одам қочқинга айланган.

Президент Доналд Трампнинг ушбу минтақадан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш қарори Туркиянинг курдлар устига ҳужум қилишига туртки бўлган.

Сурия демократик кучлари ИШИДни енгишда Ғарбга асосий иттифоқчи бўлганди.

Туркия курдларга террорист тамғасини қўйган ва уларни Сурия сарҳадлари бўйлаб 30 чақирим ичкарига ҳайдашни мақсад қилган.

Расмий Анқара курдлардан тозаланган ҳудудга Туркияда бўлиб турган 3 миллиондан ортиқ суриялик қочқинни жойлаштиришни режа қилган.

Японияга ярим асрдаги энг кучли тўфон ёпирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Япониянинг йирик Хонсю архипелагида яшовчи 7 миллион аҳоли "Хагибис" тўфони яқинлашаётгани сабаб зудлик билан эвакуация қилиниш ҳақида огоҳлантириш олди.

Энг юқори, бешинчи даражали довул машинасини ағдариши натижасида Токионинг шарқидаги Тиба шаҳрида бир киши ҳалок бўлди.

Маҳаллий вақт билан соат 19:00 да Идзу ярим оролида кучли сел катта ер кўчкисига сабаб бўлди.

Япония ороллари бу каби офатни 1958 йилдан бери кўрмагани айтилмоқда. "Каногава" тўфони 1200 инсоннинг ҳаётига зомин бўлганди.

Шанба ва якшанба кунлари 500 миллиметр ёмғир ёғиши ва бу сув тошқини ҳамда ер кўчишларига сабаб бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Табиий офат юз бераётган минтақалардаги дарёлар ўзанидан чиқиш арафасида.

Поездлар қатнови ва мингдан ортиқ авиақатновлар бекор қилинди.

Токио ва унинг атрофидаги минглаб уйлар электрсиз қолган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek