Ўзбекистон: Эркин матбуот даври тугамоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Togri.uz

Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Togri.uz интернет нашрининг ёпилиши ортида сиёсий сабаблар турганини рад этиб чиқди.

Агентлик директори Комил Алламжоновга кўра, "бу таъсисчиларнинг ички ва шахсий масаласи".

Togri.uz ёпилишидан 24 cоат ўтиб берган баёнотида Алламжонов интернет нашри фаолияти узоқ давом этмаганидан афсусда эканини айтган.

"Togri.uz интернет нашрининг фаолияти афсуски узоқ вақт давом этмади.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, «Togri.uz» сайти фаолияти тўхтатилгани бу таъсисчиларнинг ички ва шахсий масаласи бўлиб, сиёсий сабабларга асло боғлиқ эмас.

Шу билан бирга, Агентлигимиз юртимиздаги оммавий ахборот воситаларининг сони янада кўпайиши, уларнинг цензурадан холи, эркин фаолият кўрсатиши тарафдори бўлиб, бунинг учун биз барча имкониятларни яратишга тайёр эканлигимизни таъкидламоқчиман", деган АОКА раҳбари.

Айни пайтда мустақил иқтисодчи Юлий Юсупов ўзининг Фэйсбук саҳифасида "ҳокимиятга таъсир ўтказиши мумкин бўлган мустақил электрон ОАВлар даври тугади" деб ёзди.

Ўзбекистон: Мирзиёев бошқарувининг уч йили - нима ўзгарди?

Ўзбекистон: ДХХ Президент Мирзиёев ҳақида китоб чиқараётган журналистни қўлга олди

Ўзбекистон: Шабнам Оллошкурова иши - жазолаш психиатрияси қайтмоқдами?

Унинг қайд этишича, "ҳокимият эндиликда нафақат танқидга ижобий муносабат билдирмаяпти, балки унинг учун жазоламоқда ҳам".

"Охирги бир йилдаги тенденциялар (имтиёзли бизнес лоббистларниинг мутлақ ўзбошимчалиги, хусусий мулкни тортиб олиш ва қайта тақсимлаш тўлқини, протекционизмнинг янги тўлқини, қарор қабул қилишдаги тобора ношаффофлик)ни ҳисобга олган ҳолда қайд этиш жоиз: ЭСКИ ТИЗИМ ҒАЛАБА ҚИЛДИ. У қадам бақадам ўзининг олдинги мавқейини қайтариб олмоқда. Биз аста-секин (охирги пайтда илдамроқ), аммо қатъият билан орқага қайтяпмиз. Бизни олдинда оғир кунлар кутмоқда", деб ёзди Юлий Юсупов.

У юқоридаги важлар боис Ўзбекистон ОАВларида фаол чиқишларини тўхтатишга қарор қилганини айтган.

Унинг ишонишича, бундан кейин танқидий материалларни чиқариш имкони кам, ўз-ўзини цензура қилишга қайтмоқчи эмас.

Юлий Юсупов Togri.uz сайтини сўнгги пайтларда ўзининг ва бошқаларнинг ҳокимият шаънига танқидий материалларини қўрқмасдан чоп этган ягона нашр, деб атаган.

"Қолган электрон ОАВларни қўрқитиб улгуришган ёки улар ўз-ўзларини қўрқитганлар", дейди Юлий Юсупов ва "эҳтимол ҳали истиснолар бордир, аммо қўрқаманки, яқинда биронта ҳам қолмайди" дея илова қилган.

Turon24, Minbar тақдири такрорланмоқдами ёҳуд олиявий қийинчиликлар'

Togri.uz шу йил ёзида очилган ва атиги уч ойгина фаолият юритган.

У фақат Тошкент кўчаларида сайт номи ёзилган баннерлар билангина ўқувчилар эътиборини тортмаган.

Сайт ижтимоий мавзудаги омма сўровлари ва ўткир танқидий ҳамда таҳлилий мақолалари билан оммалашиб бораётганди.

Togri.uz муҳаррири Хуршид Йўлдошев 2 октябр куни ўзининг Фэйсбук саҳифасида сайтдан бир мақола олиб ташлаттирилгани ҳақида ëзди.

У мақола мавзусини очиқламаган, аммо ўша кунларда Россия Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко Тошкентда бўлганидан мақола Евросиё иқтисодий иттифоқига алоқадор бўлгани ҳақида тахминлар айтилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook.com/khurshid.yoldoshev

Togri.uz бу тахминларни рад этмаган, Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги эса мақоланинг олиб ташланишига алоқадорлиги борасидаги шубҳаларни изоҳламаган.

Аммо ҳеч нарса уч ой аввал очилган ва тобора оммалашиб бораётган интернет нашрининг тез орада ёпилиши мумкинлигига ишора қилмаётганди.

Хуршид Йўлдошевнинг 14 октябр куни ўзининг Фэйсбук саҳифасида Togri.uz ёпилгани ҳақида қолдирган пости ижтимоий тармоқларда чақмоқ чаққандай бўлган.

"Togri.uz yaxshi ishladi va yaxshi ishlagani uchun ham yopildi. Qish yaqin o'rtoqlar!" деб ёзди журналист.

Togri.uz даги манбаларнинг Би-би-сига айтишича, нашр муассиси бўлган "True Press Network" МЧЖ раҳбари Нодир Ибрагимов 14 октябрь куни сайтни молиялаш тўхтатилганини эълон қилиши журналистлар учун кутилмаган бўлган.

30 нафар журналист бир кунда ишсиз қолган.

Уларга кўра, муассислар бундан аввал молиявий муаммоларга ишора қилишмаган ва сайтнинг ёпилиши ҳақида гап-сўз йўқ эди.

"Минг афсус. Сайтда кечаю кундуз ишлаган ходимлар, Сиздан миннатдормиз...деб қолаверамизми? Бу нимаси???", деб ёзган Хуршид Йўлдошевнинг пости остида журналист Дилфуза Қўзиева.

"Бу инқироз эмас, ишсиз қолмаганман (яқинларим билади, икки жойда ишлаётгандим), лекин амалдорлар кураши халқнинг тинкасини қуритди", деб ёзди яқинда сайтда иш бошлаган журналист Алишер Рўзиохунов.

Аммо муассислар сайтнинг ёпилиш сабаблари борасида ўқувчилар ва жамоатчиликка расман изоҳ бермаганидек, ходимларнинг кейинги тақдири борасида ҳам ўзларига ҳеч нарса демаган.

Таҳририят ходимининг Би-би-сига билдиришича, 15 октябр куни ҳеч ким ишга чиқмаган, аммо ходимлар билан шартноманинг тугатилиши борасидаги расмиятчиликларга ҳам киришилмаган.

"Ҳали ҳеч нарса бўлмади...фақатгина бугун ишга бормадик, холос... расчет ва ҳоказо расмиятчиликка ҳали киришилмади", деб айтди сешанба куни Togri.uz нинг Би-би-си суҳбатлашган журналисти.

15 октябр куни сайт очилмаган ва ундаги контент йўқолган.

Журналистлардан бири контент нима учун бунчалик тез йўқ қилингани ўзи учун тушунарсиз эканини айтди.

Айни пайтда Togri.uz нинг Телеграмдаги канали ҳануз мавжуд.

'Маълум бир шахслар'

Togri.uz сайти шу йил июнида бирданига ахборот маконида пайдо бўлганидан кўп ўтмай, матбуот доираларида унинг ортида Тошкент шаҳрининг қудратли ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тургани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлган.

Ортиқхўжаевнинг шахсан ўзи ёки ҳокимнинг матбуот хизмати буни ҳар доим рад этиб келган.

15 октябр куни Би-би-сининг бу ҳақдаги сўровига жавоб берган Тошкент шаҳар ҳокими матбуот хизмати вакили ушбу раддияни яна бир марта такрорлади.

"Бу сайтнинг Ортиқхўжаевга умуман алоқаси йук, бўлмаган ҳам! Буни Ҳокимият ва унинг матбуот хизматига алоқадор жойи йўқ ва табиийки, изоҳ беришга ваколатимиз йўқ деб ҳисоблайман", деб айтди матбуот хизмати вакили Би-би-си билан Телеграм орқали ёзишмасида.

Аммо Тошкентдаги Би-би-си манбалари берган маълумотлар нафақат сайтнинг, балки унинг ёпилишининг ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоқаси бўлиши мумкинлигига ишора қилмоқда.

Муассисларга яқин манбанинг айтишича, сайт бошқарувида Туркия фуқаролари бўлган камида икки шахс қатнашган ва улар "Ортиқхўжаевнинг бизнес шериклари бўлиши эҳтимоли катта".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Ортиқхўжаевнинг матбуот хизмати ҳокимнинг Togri.uz сайти алоқаси борлигини қатъиян рад этади

Би-би-си ушбу эҳтимолни тасдиқловчи қатъий далилларга эга эмас.

Яна манбаларнинг билдиришича, Жаҳонгир Ортиқхўжаев, аниқроғи унинг 12 октябр куни Тошкент-сити очилиши муносабати билан пойтахтликларга йўллаган табриги сайтнинг ёпилишига тўғридан-тўғри алоқадор бўлиши мумкин.

Ортиқхўжаев ўз табригини "Қадрли ва азиз халқим!" деган сўзлар билан бошлаган.

"Бугун Тошкент-ситининг очилишида ўтирибмиз... ҳаммаси халқимиз ва азиз ва меҳрибон миллатимиз учун" деган ҳоким.

Ўзбекистонда қарор топган анъанага мувофиқ, фақат давлат раҳбари бу каби сўзлар билан хитоб қилиши мумкин.

Ҳукуматга яқин манбанинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистоннинг энг бой одамларидан бўлган Ортиқхўжаевнинг ушбу сўзлари давлат раҳбарига ёқмаган ва ушбу чиқиш асносида Мирзиёевга Togri.uz сайти пойтахт ҳокимига тегишли экани ҳақидаги маълумот ҳам тақдим этилган бўлиши эҳтимоли катта.

Ушбу маълумотни Би-би-сига бир-биридан мустақил бўлган Ўзбекистон ҳукуматига яқин иккита манба тасдиқлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek