Ўзбекистон: Блогер Нафосат Оллошкурова ишига БМТ эътибор қаратмоқда

Facebook Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Хоразмдаги руҳий шифохонада мажбуран ушлаб турилган блогер Нафосат Оллошкурова ишига БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги эътибор қаратди. Комиссарликнинг Марказий Осиё бўйича раҳбари Ришард Коменда билан суҳбатдан сўнг Омбудсман махсус комиссия тузиб, блогерни кўрикдан ўтказди.

Яқинларига икки ойда чиқиши айтилган Нафосат Оллошкурова ҳар ой тиббий кўрикдан ўтказилади. Комиссия уни соғлом деб топсагина блогер руҳий хасталиклар шифохонасидан чиқарилади.

21 октябр куни Олий мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тузган комиссия Хоразмга бориб блогер Нафосат (Шабнам) Оллошкуровани кўрди.

Тиббий текширувлар натижасида Тошкентдан борган шифокорлар комиссияси блогерни руҳий хаста, деб топди.

Олий тоифали кадрлардан ташкил топган комиссия Оллошкурова ҳозирда соғайиш йўлига кираётгани ҳақида хулоса берди.

Комиссия ҳар ой унинг соғлиғини текшириб, шифохонадан чиқиш ёки чиқармаслик ҳақида қарор бериб туради.

Бу ҳақда комиссияга бошчилик қилиб Хоразмга борган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари Санжар Хамидуллаев Би-би-си Ўзбек хизматига маълум қилди.

"Унинг қачон чиқишини шифокорлар ҳал қилади. Биз ўзимиз билан етук шифокорларни олиб кетдик у ерга. Дўхтирларимиз унинг соғлиғи ҳақиқатда яхшимас, лекин керакли дорилар бериляпти ва яхшилаётганини (айтди, таҳ). Лекин бу нарсани ҳар ой комиссия кўриб чиқади. Бу дўхтирларнинг биргаликда олган қарори бўлади", дейди у.

Олдинроқ блогернинг яқинларига Нафосат Оллошкурова Хоразм вилоят руҳий-асаб касалликлар диспансерига икки ойга ётқизилгани айтилганди.

Энди эса унинг қачон чиқарилиши ҳар ой кўриб чиқадиган комиссия хулосасига боғлиқлиги айтилмоқда.

Яъни, блогернинг қачон чиқиши ҳақида аниқ маълумот йўқ.

21 октябр куни Хоразмга борган комиссия таркибида Омбудсман вакилининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин- қизлар қўмитаси вакиллари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, "Эзгулик" ва "Нажот" инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакилларидан иборат 10 киши бўлган.

Омбудсман бошчилигидаги комиссия Нафосат (Шабнам) Оллошкурова иши борасидаги тўлиқ ҳисоботни 22 ёки 23 октябр куни эълон қилишини маълум қилди.

Комиссия руҳий шифохонада бўлиб турган вақти у Тошкентда эгиз қизларига қараётган ота-онаси билан телефон орқали гаплаштирилган.

"Қизимни анча кўрмаганим учун ҳар гаплашган ҳар бир секунди менга бир олам вақтдек туюлди. 3-4 дақиқа гаплашдик. Қизим хаста эмас, уни шифохонадан чиқариб юборинглар. Комиссия билан гаплашсангиз мен онаизорнинг ҳам гапларини етказиб қўйинг. Яна бориб кўрайин десам иқтисодий шароитимиз кўтармаяпти", дейди блогернинг онаси Холжон Давлатова.

Холжон Давлатова қизини кўриш учун 11 октябр куни Тошкентдан Хоразмга узоқ йўл босиб борган ҳаракатлари бесамар кетганди.

Блогер ишига БМТ Олий комиссарлиги эътибор қаратди

Би-би-си манбаси БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги Нафосат (Шабнам) Оллошкурованинг ишини шаффоф тарзда кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га мактуб ёзганини айтди.

Блогер иши БМТ эътиборига тушгач ушбу комиссия ташкил қилингани билдирилди.

Омбудсман ўринбосари Санжар Хамидуллаев БМТ инсон ҳуқуқлари олий комиссарлиги томонидан мактуб ёзилганини инкор қилди.

Бироқ у Нафосат (Шабнам) Оллошкурова масаласини БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигининг минтақавий раҳбари Ринрад Коменда Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев билан муҳокама қилганини тасдиқлади.

"Бу ўрганиш умумий бўлди. Ришард Коменда Тошкентга келиб Улуғбек акам (Омбудсман Муҳаммадиев-таҳ) билан гаплашганда бу масалани кўтарганди. Шу билан бирга ўзимизнинг ОАВда бу маълумот тарқалган. Бу бизнинг йўналиш бўлгани учун олиб борган ишимиз", дейди Санжар Хамидуллаев.

Блогер Нафосат Оллошукурова сўроқ қилингани акс этган видео тарқалди.

Омбудсман бошчилигидаги комиссия Нафосат Оллошкуровани бориб кўраётган вақтда ижтимоий тармоқларда блогернинг вақтинча сақлаш ҳибсхонасида олинган видео тасвирлари пайдо бўлди.

Қисқа видео Нафосат Оллошукурова ҳибсга олинган вақти, руҳий шифохонага ётқизилишидан аввал ёзиб олингандек кўринади.

Унда Нафосат очлик эълон қилганини билдиради.

"Мен суднинг қароридан норозиман. Менга қўйилган айбловлар ноҳақдан қўйилган. Мен очлик эълон қилдим", - дейди блогер.

Уни сўроқ қилаётган камера ортидаги шахс унинг очлик эълон қилиши соғлиғи учун зарар бўлиши ва жиддий оқибатларга олиб келишини айтади.

Қонуний тарзда норозилик билдириш сўралганда, Нафосат бунинг фойдаси йўқлиги, ҳамда қонунлар ва судяларга ишонмаслигини айтади.

"Сиз очлик эълон қилиб ўз жонингизга қасд эълон қилишни кўзлаб турибсизми?" деб сўраганида, Нафосат "зулмни тўхтатиш учун" бошқа иложи йўқлигини айтади.

Сўроқ қилаётган шахс ундан яна бир бор "Шу ерда очлик эълон қилиб жонингизга қасд қилмоқчимисиз?" деб сўрайди.

Бунга жавоб бермай, сукут сақлаган Нафосатга "сўз билан жавоб беринг" дейилади ва у "ҳа" дея жавоб қайтаради.

Нафосат ишини яқиндан кузатаётган, исми-шарифи очиқланмаслигини сўраган ҳамкасбининг Би-би-сига айтишича, "Жонингизга қасд қилмоқчимисиз?" дея қайта-қайта сўраш билан ички ишлар ходимлари Нафосатни руҳий касалхонага ётқизиш учун асос излашган.

Би-би-си билан суҳбатдан унинг онаси Холжон Давлатова: "Қийнаганлар уни, ўзи ундай гапирмайди", дея муносабат билдирди.

"Жазо психиатрияси"

Шабнам Оллошкурова номи билан ёзадиган Нафосат асли ўқитувчи ва у ўзининг Facebook'даги саҳифасида Ўзбекистонда бўлаётган воқеаларга фаол фикр билдириши билан машҳур бўлган.

Оллошкурова Facebook'даги саҳифаси орқали 23 сентябр куни адолат излаб Тошкентга, ИИВ вазири билан учрашиши учун яқинлари билан Хоразмдан пиёда йўлга чиққан шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг ҳаракатларини ёритган эди.

Жонли тарзда эфирга узатилган видеоларда у номаълум аёллар томонидан ҳужум бўлганини айтган.

Шундан сўнг Хоразмда «Эрк» партияси фаоли, шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб ва асосан унинг қариндошларидан иборат экани айтилган 20 кишидан ортиқ намойишчилар куч билан автобусга ўтқазилиб, номаълум томонга олиб кетилгани хабар қилинган.

Кейинчалик Маҳмуд Ражаб ва Нафосат Оллошкуроваларнинг 10 суткага қамалгани маълум бўлди. Қамоқ жазосини ўтагач, унинг оиласига берилмай, руҳий шифохонага ётқизилган.

Ўзбекистон расмийлари Оллошкурованинг мажбуран руҳий шифохонага ётқизилганини тасдиқлаган, аммо унинг қандай аҳволда сақланаётгани ва нима муолажа қилинаётгани ҳақида расмий маълумот берилмаяпти.

Яқинлари ва адвокати Оллошкурованинг руҳий шифохонага ётқизилганини Бош прокуратура хабаридан тасдиқлашган, 4 октябр куни уни кўриш учун борган акасига, яқинларининг айтишича, фақат "30 секунд" давомида мулоқот қилишга рухсат берилган.

У кучли психотроп дори қабул қилгандек таассурот қолдирган.

Учрашув Боғот туман ИИБ бошлиғи ва фуқаро кийимидаги хоразмлик бўлмаган шахс назорати остида ўтгани айтилади.

Муносабат

Президент Шавкат Мирзиёев даврида мустақил журналист ва блогернинг илк марта руҳий муолажага мажбурланиши қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан қораланмоқда.

Хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметовнинг хабар қилишича, бу борада АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси мулозими ҳам хавотир изҳор қилдирган ва бу ҳақида АҚШ Конгрессига ҳисобот тайёрланаётганини билдирган.

"Ҳозиргина АҚШ элчихонаси сиёсий масалалар бўйича биринчи котиби Рейчел Вульф хоним билан учрашдик. Учрашув жараёнида дипломат хоним билан Ўзбекистонда сўз эркинлиги, демократик жараёнини ривожланиши, инсон ҳуқуқлари ҳамда журналист ва блогерларга айрим орган ва ташкилотлар томонидан бўлаётган босимлар, таъқиблар хусусида, жумладан ўзимга бўлаётган таъқиблар ҳамда мажбурий тарзда руҳий касалликлар шифохонасида сақланаётган Нафосат Оллашукурова хусусида суҳбатлашдик", - дея хабар тарқатди Рўзметов.

Қароргоҳи Нью-Йоркдда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) 8 октябрда Оллошукуровага қарши қўлланилаётган чоралар зудлик билан тўхтатилиши ва у озод қилинишига чақирди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek