Нега Ўзбекистон пахта импорти Лондонда судга тортиляпти?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Guardian
Image caption Британиянинг Guardian нашри мақоласида Ўзбекистонда замонавий қуллик қўлланиши айтилган

Британияда ҳукумат Ўзбекистондан пахта сотиб олиниши тўхтатилиши талаби билан судга тортилмоқда. Global Legal Action Network ва Берлинда жойлашган ўзбек-немис форуми аввалига ўзбек пахтаси импорти учун берилган имтиёзли тарифларни бекор қилишни сўрашмоқда.

Уларга кўра, пахта мавсумида минглаб ўзбекистонликлар мажбуран ва тўловсиз пахтага чиқарилиши "замонавий қуллик"ка тенг.

Ўзбек пахтаси Британияга Европа Иттифоқи қонунлари бўйича импорт қилинади ва бу қонунга кўра, Европа Иттифоқи ривожланаётган давлатлар маҳсулотлари учун муайян тарифларни пасайтирган ёки умуман бекор қилган. Шу жумладан, ўзбек пахтаси учун ҳам.

Марҳум президент Ислом Каримов ҳукумати даврида дунё бўйлаб ўзбек пахтасига қарши авж олган бойкот кампанияси асосан болаларнинг далаларга олиб чиқилишини қоралаганди. Унда АҚШ, Британия ва кўплаб ривожланган давлатлардаги йирик брендлар пахта далаларидаги болалар меҳнати тўхтатилмагунча, ўзбек пахтасини олмасликларини ваъда қилишган.

Бугунга келиб, халқаро кузатувчилар теримга болалар энди деярли олиб чиқилмаётганини тан олишган, аммо Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари фаоллари йўллаётган суратлар ҳали ҳам Ғарбга етиб келишда давом этяпти. Улар суд залларида ҳам далил исбот сифатида намойиш қилинса ажабмас.

Бу йил олинган ва тарқатилган фотоларда бюджет ва хусусий корхоналар ишчиларининг аянчли шароитларда пахта тераётганлари акс этади. Судга шикоят қилган Global Legal Action Network юристи Гарройд О Куинннинг Бибисига айтишича, Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатга дунёда тенг келадигани йўқ.

"Ўзбек пахтаси борасидаги хавотирларимизга сабаб шуки, ўнлаб йиллар оша Ўзбекистон пахта саноати ҳукумат томонидан ташкиллаштириладиган дунёдаги энг йирик мажбурий меҳнат тизими бўлиб келяпти. Ўзбек пахта саноатида мажбурий меҳнат кенг тарқалганича қолмоқда. Чунки ҳукумат маҳаллий ҳокимликларга режа ва квоталар билан босим қилишда давом этяпти. Бу эса ўз навбатида ҳокимликларга ўз ҳудудидаги корхоналарга босим ўтказиб, ходимларини теримга чиқишга мажбурлашига етакламоқда. Бу квоталарни тўлдириш учун оддий ишчи ҳафталаб совуқ, ноқулай шароитларда яшаб, тонгдан шомгача пахта теришга мажбур. Фермерлар ҳам квоталарга бўйсунишга мажбур, ва агар планни бажармаса турли жазолар, масалан ери олиб қўйилиши билан жазоланиши мумкин", - дейди у.

Бу ҳақидаги видеолавҳани томоша қилиш учун мана бу ерга босинг.

Бешта давлатда ўтказилган халқаро Unilever сўровига кўра, истеъмолчиларнинг учдан бир қисми учун маҳсулотнинг қаерда ва қай шароитда етиштирилиши жуда муҳим ва улар қўштирноқ ичида "аҳлоқсиз" маҳсулотни сотиб олишмайди.

Британиянинг энг кўҳна ва машҳур брендларидан бўлган "Marks and Spencer" 100 фоиз пахтасини табиат ва фермерларга зарар бўлмайдиган жойлардан олишини эълон қилган. Дарҳақиқат, "Marks and Spencer" сайтига кирсангиз, у ерда бу бренд Ўзбекистон ва Туркманистондан пахта олишни ўз учун ман қилганини ёзган.

Яна бир йирик халқаро бренд "H&M" сайтида ҳам ўхшаш аҳвол - бу бренд мажбурий меҳнат туфайли Ўзбекистон, Туркманистон ва Суриядан маҳсулот олмаслигини айтади.

"Ўта фожеали ҳолларда, 2018 йил пахта теримида бир қатор фермерлар режани бажариш босими остида қолиб ўз жонига қасд қилишган. Ўзбек пахта саноатида бундай мажбурий меҳнат сақланиб қолар экан, уни Британия ё Европа Иттифоқи бозорига киритмаслик керак", - дейди О Куинн.

Ўзбекистон: Пахта саноати ва фермерлар давлат аралашувидан қутуладими?

Ўзбекистон ва пахта: Совуқ душ, 90 кг норма ва халқаро танқид

Ўзбекистон: Даниядан келган янги Солиқ расмийси пахта даласида нима қиляпти?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02