Ўзбекистон: Оролни қайта тиклаб бўлмайди, аммо одамларда ҳали умид қолган - БМТ расмийси

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури раҳбарининг махсус маслаҳатчиси Абдулай Мар Дийе Фото муаллифлик ҳуқуқи UNDP
Image caption Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури раҳбарининг махсус маслаҳатчиси Абдулай Мар Дийе

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Котибининг ёрдамчиси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури раҳбарининг махсус маслаҳатчиси Абдулай Мар Дийе Орол денгизи фожиасига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди. Би-би-си Ўзбек Хизмати мухбири жаноб Дийе билан Орол мавзусини муҳокама қилди.

24-25 октабр кунлари Нукусда бўлиб ўтадиган халқаро конференция «Орол денгизи ҳудуди - экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» Концепцияси лойиҳасини, шунингдек, БМТ Бош Ассамблеясининг Оролни «Экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция лойиҳасини муҳокама қилишга қаратилган.

Асли сенегаллик Абдулай Мар Дийе 2018 йил бошида Бош Котиб ёрдамчиси этиб тайинланган. У илгари БМТ Тараққиёт Дастури тизимида турли хил юқори лавозимларни, шу жумладан раҳбар ёрдамчиси ва БМТТДнинг Африка минтақавий бюроси директори лавозимларида ишлаган.

«Оролни йўқотдик, лекин ҳали умид бор»

Жаноб Дийенинг фикрича, Орол муаммоси фақат Ўзбекистон ва Қозоғистонгагина эмас, балки бутун дунёга тааллуқлидир.

У Орол муаммосини Африка қитъасида ўхшаш тақдирга юз тутган икки кўл билан боғлиқ вазиятга қиёслайди.

"Оролда давом этаётган вазият менга икки кўлни эслатади. Биринчиси Виктория кўли. 1960 йилларда, Орол майдони бўйича дунёдаги тўртинчи йирик кўл бўлган вақтлар, унинг катталиги Виктория кўли билан тенг эди: 68 минг квадрат километр. Бироқ у ўндан бир қисмга қадар қисқариб кетди.

Мен яна Оролни Чад кўлига қиёслаган бўлар эдим. Чад кўлининг ҳавзаси ҳам худди Орол каби ўндан бир қисмга қадар қисқариб кетган. Мен Чад кўли билан юзага келган талафотларни яхши биламан. У атроф-муҳитга салбий таъсир қилган, оммавий кўчишлар ва ихтилофларга сабаб бўлган. Бундай фожиалар нафақат давлатнинг ўзи ва унинг қўшниларига, балки бутун дунёга таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам БМТ Бош Ассамблеяси ўтган йили бундай фожиалар билан юзлашган давлатларни дастаклаш йўлида резолюция қабул қилган", сўзлайди жаноб Дийе.

Оролбўйидаги вазият 1960 йиллардан 2000 йиллар бошига қадар оғир бўлганини таъкидлаган БМТ расмийси сўнгги 10 йил ичида аҳвол яхши томонга ўзгариб бораётганини билдиради.

«Сўнгги вақтларда аҳоли масканлари, одамлар турмуш даражаси нуқтаи назари билан қараганда, вазият яхшиланмоқда. Балиқчилик қайта тикланмоқда. Бироқ бу етарли эмас. Одамларнинг умиди сўнмаслиги йўлида ҳали кўп ишлар қилишимиз лозим. Денгизни қўлдан бой берганимиз ҳақиқат, аммо одамларнинг умиди ҳали сўнмаган. Шу сабабли ҳам биз - халқаро ҳамжамият - қўшни давлатлар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ҳамкорлиги ва етакчилиги остида одамлардаги умидни жонлантирмоғимиз лозим. Нукусда ўтувчи конференциямиз моҳияти ҳам ана шунда», дейди у.

Шунингдек, жаноб Дийе БМТ Тараққиёт Дастури Орол минтақасига инвестиция, технология ва инновацияларни жалб қилиш орқали у ерда бизнес муҳитини шакллантириш ва шундай ишлар билан Оролдаги мавжуд вазиятга ижобий тус беришни истаётганини маълум қилади.

«Аҳоли масканларини бунёд этиш, одамлар ҳаётини яхшилашга молиявий воситаларни йўналтириш, иқлим ўзгариши асоратларини юмшатишга БМТ Тараққиёт Дастури катта сармоялар киритмоқда. Бу инвестицияларнинг барчаси фожиа оқибатларини юмшатади. Афсус, 1960 йилларда мавжуд бўлган Оролни ортга қайтара олмаймиз, аммо биз ҳали ҳам одамлардаги умидни қайта уйғота оламиз», таъкидлайди суҳбатдош.

Қўлдан бой берилган денгиз

Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасида жойлашган Орол денгизи ҳудуди бўйича 1960 йилга қадар дунёда тўртинчи ҳисобланган.

Денгиз ўша йиллардаги Совет Иттифоқи олиб борган сувни тақсимлаш сиёсати қурбони бўлган.

Орол йиллар давомида шиддатли суръатда ўз қирғоқларидан чекина борган.

Охирги 40 йил ичида денгиз майдони икки бараварига қисқарган.

Сув сатҳи 18 метрга пасайиб кетган. Денгиздаги сув ҳажми эса, беш мартага қисқарган.

Туз миқдори ошиб кетгани боис, балиқлар қирилиб кетган.

1993 йил бошида тўрт Марказий Осиё давлати иштирокида Оролни қутқариш халқаро фонди тузилган.

2008 йилда бу фондга БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақоми берилган. Фонд томонидан 2015 йилгача учта йирик лойиҳага қўл урилгани маълум.

Жаҳон банки, халқаро молиявий ташкилотлар ва донор давлатлар томонидан молиялангани айтилган бу лойиҳаларнинг умумий қиймати миллиардлаб долларларга баҳоланган.

Аммо 2014 йилда НАСА томонидан олинган сўнгги фотосуратлар Жанубий Оролнинг шарқий қисми буткул қуриб кетганини кўрсатган.

Чоралар ва режалар

Ўзбекистон томонига кўра, сўнгги йилларда Оролбўйи ҳудудида қатор кенг миқёсли лойиҳаларни амалга оширишган.

Ҳавога чанг-туз кўтарилишининг олдини олиш мақсадида Орол денгизи қуриган 350 минг гектар майдонга саксовул ва шўрга чидамли ўсимликлар экилиб, бутазорлар барпо этилган.

Бундай ҳудудларнинг умумий майдони қарийб 700 минг гектарга етган.

Орол ҳалокати оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича ўтган тўрт йил ичида 500 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилган.

Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан йил ўтибоқ, Оролбўйи минтақасини ривожлантиришга қаратилган беш йиллик Давлат дастури қабул қилинган.

Ўзбекистон Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилган.

Унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилгани айтилган.

Қозоғистон эса, орада Орол денгизининг ўзига қарашли шимолий қисмини Ўзбекистон тарафидаги жанубий ҳавзадан ажратиб тўғон қурган.

Бунинг ортидан денгиз икки қисмга - Кичик ва Катта Оролга ажралиб қолган.

Ҳозир ҳам Қозоғистон тарафидан Кичик Оролни кенгайтириш ишлари тўхтамаган.

Айни уринишлар боис шимолий қисмдаги сув сатҳи 40 метрдан ортиқроққа кўтарилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek