Ўзбекистон ИИВ Янгийўл таксичилари ғазабига учраган ходимни ишдан олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Telegram
Image caption Телеграмда тарқаган видеоларда 100дан ошиқ эркаклар ИИБ машинасини ўраб олганлари акс этади

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида такси ҳайдовчиларининг норозилик намойишига сабаб бўлган Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (ЙҲХБ) катта инспектори вазифасидан четлатилган. Бу ҳақида Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабар қилди.

Чоршанба куни Телеграмдаги "Водители Янгиюля" (Янгийўл ҳайдовчилари) каналида ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари лейтенант Усмон Замоновнинг ҳайдовчиларга қарата айтган ҳақоратли чиқиши аудиоси тарқалган.

Ундан норози бўлган 100дан ошиқ ҳайдовчилар чоршанба куни кечқурун 21:30да Янгийўл тумани ЙҲХБ идораси қаршисига йиғилиб, Усмонов билан юзма-юз кўришишни талаб қилганлар.

Расмий маълумотга кўра, Замонов 1-23 октябрь кунлари лицензиясиз йўловчи ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчиларга қарши рейдда иштирок этган ва 56 машинани жарима майдончасига жойлаштирган.

Замонов аввалига аудио унга тегишли эмаслигини айтган. Сўнг ИИБга ёзган тушунтириш хатида сешанба куни Телеграмдаги "Водители Янгиюля" гуруҳида йўл патрул ходимларини камситувчи постлар тарқалганидан сўнг уларга жавобан ҳақоратли аудиони юборганини тан олган.

Ҳайдовчилар ёзиб олган видеоларда уларнинг қаршисида бир неча ИИБ раҳбарлари тургани, улар эса ИИБ машинасини ўраб олганлари акс этади.

Намойиш видеосини кўриш учун мана бу ерга босинг.

Расмий маълумотга кўра, ИИБ раҳбарлари йиғилганларга Замоновга нисбатан хизмат текшируви ўтаётгани ва иши прокуратурага юборилишини билдирганлар.

Ҳайдовчиларнинг бу каби норозилик намойиш Ўзбекистонда камдан-кам учрайди.

"ЙПХ инспектори ушбу хатти-ҳаракатлари билан фуқаролар ўртасида ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрлар келиб чиқишига ҳамда жамоатчилик эътирозига сабаб бўлганлиги учун, вилоят ИИББ раҳбариятининг кўрсатмасига асосан, ЙҲХБ катта инспектори лейтенант У.Замонов эгаллаб турган лавозимидан четлатилди", - дейилади Тошкент вилояти ИИББ хабарида.

Ҳозирда прокуратура томонидан ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мажбурий соқолсизлантириш бўйича сукут сақламоқда

Ўзбекистон: Шабнам Оллошкурова иши - жазолаш психиатрияси қайтмоқдами?

Тошкент милицияси таҳқирлаган аёллар устидан ҳукм ўқилди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek