Ўзбекистонга ким босим ўтказяпти -Америками Россия?

Сафоеав Америкада Фото муаллифлик ҳуқуқи Amerika ovozi

Америка Савдо вазири Уилбир Росс Ўзбекистонни айни дамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш оқибатларидан огоҳлантирди. Унга кўра, иттифоққа қўшилиш Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш муддатини чўзиб юборади. Иқтисодчилар вазирнинг гапларини мустақил Ўзбекистонга нисбатан босим сифатида талқин қилмоқда.

22 октябр куни Вашингтонда икки давлатнинг юқори лавозимли мулозимлари иштирокида ўтган Америка-Ўзбекистон бизнес форумида гапирган Америка Савдо вазири Уилбир Росс шундай деди:

"Бозор иқтисодиёти ислоҳотларининг муҳим мақсадларидан бири Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишидир. Биз ушбу ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ўз ўрнида ўзбекистонлик ҳамкорларимизни Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишда янги келишувларнинг таъсирини диққат билан қараб чиқишга чақирамиз. Масалан, айни дамда Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш Ўзбекистон раҳбарияти томонидан белгиланган Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш муддатини чўзиши ва мураккаблаштириши мумкин".

Ўзбекистон расмийлари Евроосиё иқтисодий иттифоқига ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик ўртасида зиддият йўқлигини таъкидлаб келади.

АҚШга сафари олдидан 4 октябр куни гапирган Ўзбекистон Сенат раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев Евроосиё иқтисодий иттифоқининг барча аъзолари Жаҳон савдо ташкилотига ҳам аъзо бўлгани боис икки ташкилот ўртасида зиддият йўқлигини таъкидлаганди.

Бироқ Сафоевдан сал олдинроқ 19 сентябр куни Тошкентда матбуот анжумани ўтказган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши яна 6-7 йилга кечиши мумкинлигини айтганди.

Вазирликнинг бу гапи Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш жараёнига алоқадорми ёки йўқ номаълум.

Ҳукуматнинг бу баёнотига иқтисодчилар кескин муносабат билдирганди.

"Нима учун ЖСТга аъзо бўлишимиз амалдорларимизнинг томоғига тиқилган суякдек бўлмоқда? Чунки ЖСТга кирсак автосаноат монополияси, Артелга берилган имтиёзлар, мажбурий сертификатлаштириш ва ўзлариникига имтиёз яратувчи юқори бож тўловлари каби эркин рақобат ва сунъий монополияга шароит яратиб берувчи бизнинг барча "муқаддас сигир"ларимиздан воз кечишга мажбурлашади", деган иқтисодчи Юлий Юсупов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Қозоғистондан иқтисодчи Сапарбой Жубаевга кўра, Жаҳон Савдо ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи бир бирига рақобатчи ташкилот эмас.

Юсупов ҳамма нарса яна эски тос, эски ҳаммом ҳолига қайтиши мумкинлигини башорат қилган.

"Шунинг учун биз ЖСТга аъзо бўлганимизни ва бозор иқтисодиётини кўролмасак керак. Бюрократия бизни енгди. Улар фақат эркин конвертацияни бекор қилиши қолди ва ҳаммаси "эски яхши замон"ларга қайтади", деб ёзганди Юлий Юсупов.

Вазирликнинг ЖСТ ҳақида гапидан иқтибос келтирган кун.уз сайти кейинчалик вазирнинг ушбу гапларини номаълум сабабларга кўра мақоладан олиб ташлади.

Ўзбекистон 1994 йилда Жаҳон савдо ташкилотига кириш учун ариза берган. Ҳозирда мамлакат унинг ишида кузатувчи сифатида иштирок этади.

Қозоғистондан иқтисодчи Сапарбой Жубаевга кўра, Жаҳон Савдо ташкилоти ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи бир бирига рақобатчи ташкилот эмас. Балки улар айрим ҳолатларда бир-бирини тўлдиради.

Масалан, Ўзбекистон бу икки ташкилотга кирмоқчи бўлса автомобил олиб киришга бўлган давлат божи каби юқори божхона тўловлари сиёсатидан воз кечишга тўғри келиши мумкин.

Иқтисодчининг таъкиллашича, Евроосиё иттифоқи таркибидаги беш давлатнинг барчаси Жаҳон савдо ташкилотига аъзо ва Ўзбекистоннинг иттифоққа аъзо бўлиши жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш йўлида тайёргарлик вазифасини ўтаб бериши мумкин.

Жубаев Америка савдо вазирининг Ўзбекистонга нисбатан огоҳлантиришини сиёсий босим сифатида кўраётганини билдирди.

"Бу мустақил Ўзбекистоннинг ўзининг масаласи, бунга Америкага ўхшаш катта давлатнинг вакили огоҳлантирамиз, салбий таъсирлари бор дейиши, менимча, халқаро сиёсий дипломатияда кўп қўлланилмайди", дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Америка-Ўзбекистон бизнес форумини Вашингтондан туриб ёритган Америка овози мухбири Навбаҳор Имомова икки қудратли давлатнинг минтақадаги манфаатлари йўлидаги босим Ўзбекистон раҳбариятига тушаётганини айтади.

Кузатувчилар Ўзбекистон минтақада икки қудратли давлат Америка ва Россиянинг геосиёсий таъсири марказига айланганини айтишади.

Америка-Ўзбекистон бизнес форумини Вашингтондан туриб ёритган Америка овози мухбири Навбаҳор Имомова икки қудратли давлатнинг минтақадаги манфаатлари йўлидаги босим Ўзбекистон раҳбариятига тушаётганини айтади.

"Қўшма штатларнинг сиёсий қувватлови ҳозирги Ўзбекистон учун ниҳоятда муҳим. Айниқса, Вашингтон бизнинг назаримизда Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар рўй бермоқда, систематик ўзгаришлар бўляпти ва биз қўллаб-қувватлаймиз. Техник ёрдам берамиз, сармоя кўлами ошади, ҳарбий ёрдамни оширамиз, таълим соҳасида кўмаклашамиз, деб турганда Тошкент унга йўқ дейиши жудаям қийин. Бошқа тарафдан Россиянинг ҳам ўзига хос таъсири бор. У Ўзбекистоннинг йирик бизнес шериги ва Ўзбекистон иқтисоди бу давлат билан чамбарчас боғлиқ. Ҳамма юк энди Ўзбекистоннинг устида. Ўзбекистон ҳар икки томонни ҳурсанд қила оладиган ечимга келиши керак", дейди Навбаҳор Имомова.

Расмий Москванинг жавоби ҳам узоқ куттирмади

Муносабат 26 октябр куни Россия Бош вазири Дмитрий Медведев томонидан янгради.

Россия ҳукумати раҳбари АҚШ Савдо вазири Уилбир Росснинг номи ва мақомини ҳам тилга олмади.

ТАСС ахборот агентлиги ёзишича, ҳатто, (огоҳлик Вашингтонда янграган эса-да - таҳр.) "Ўзбекистонда бўлиб турган вазирлари"дан биттаси, дея муносабат билдирди.

" Айни ўринда нима ҳам дейиш мумкин. Бу аниқ рақобатбардош бўлмаган кураш усулларидан фойдаланишдир", - деди.

Устига устак, Медведевнинг бу изҳороти ЕвроОсиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши чоғида янгради.

Расмий Вашингтон 22 октябр куни ўз Савдо вазири тилидан Ўзбекистонни ушбу Иттифоққа аъзолик оқибатларидан огоҳ этганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek