Ўзбекистон: Нега ўзбек брендлар жаҳон бозорига чиқа олмаяпти?

Image caption Карине Багдасарова тошкентлик дизайнер ва мода мутахассиси

Сингапур, Индонезия, Малайзия каби Осиё давлатларида мода соҳасининг PR маслаҳатчиси бўлиб ишлаган тошкентлик дизайнер Карине Багдасарованинг айтишича, ўзбек матоларини ўзбекистонлик эмас, балки хорижий брендлар ўзиники қилиб дунёга танитяпти. Унга кўра, жаҳон бозорига чиқиш учун сифатли маҳсулот билан бирга кучли пиар, яъни тарғибот ишини олиб боришни ўрганиш керак.

"Бугунги муаммо шундаки, ўзбек дизайнерлари Валентино, Селин, Александр Маккуин, Стелла Маккартни каби Ғарб брендларидан нусха кўчириб келишяпти. Ўзимизники бўлган маҳсулотни етиштиришни истамаяпмиз. Ҳақиқатдан ҳам ўзига хос дизайнларни жуда кам сонли дизайнерларимиз яратади. Тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, стилдан нусха кўчириш тўғри йўналиш эмас. Лекин, нимани ўргансак бўлади? Буюк Британиядан бизнес юритиш, ақлли пиар, тўғри мулоқотни ўргансак бўлади. АҚШдан кўпмиллатлиликка бўлган ёндошув ва замонавий жамиятда бўлаётган ўзгаришларга дарров мослаша олишни, Италиядан эса ишлаб чиқаришни ва қўл билан тикишга бўлган муҳаббатни ўрганишимиз мумкин. Худога шукур, қўл билан ишлашда бизда муаммо йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images/Bennett Raglin
Image caption Ўзбек атласидан дунё брендлари фойдаланмоқда

Дизайнерларимиз ўз матоларимизни яқиндан ўрганиши керак. Масалан, ўзига хос бўлган ишлаб чиқариш техникаси. Ўша адраснинг ҳам турлари кўп, масалан, бахмал адрас бор. Таркибида юнг, ё пахта, ё ипак мавжуд адраслар ҳам бор. Бу улардаги ип ва тугунчаларнинг тўқилиш усулига боғлиқ. Ўз маданий меросимизга боғлиқ мана шу ажойиб бойлигимизни бренд қилиб жаҳонга чиқариш устида ўйлашимиз лозим. Фақат Инстаграмда машҳур бўлган хорижий инфлюенсерларни таклиф қилиш кифоя эмас. Уларнинг постларини таҳлил ҳам қилишимиз керак. Бунинг учун фестиваллар ўтказиб, Conde Nast каби нашриёт уйлари билан махсус лойиҳалар амалга оширишимиз даркор.

Бугунги шароитимизга қаралса, бизда ишлаб чиқарилган маҳсулотни, айтайлик, икки ярим минг долларга сотиб бўлмайди. Биринчидан, биз "байерлар", яъни харидор компаниялар билан ишлашни билмаймиз. Афсуски, биронта ўзбек дизайнерининг "Made in Uzbekistan" тамғали маҳсулоти, айтайлик Harrids, ёки Moda Operandi, ёки ҳатто Москвадаги ЦУМда ҳам йўқ. Ахир биз жаҳонда Икат дея танилган адрасларимизни яхши кўрамиз. Лекин 28 йиллик мустақиллигимиз даврида шу адрасдан ўзимиз бренд ярата олмадик. Бунда энг асосий муаммолардан бири - коммуникациянинг йўқлиги. Хорижда бизнинг имиджимиз жуда нимжон, ўзимизни визуал тақдим қилиш устида умуман ишламаймиз. Бунинг учун ақлли пиар стратегияси керак, буни эса ҳужжатли фильмлар, эмбиент видеолар орқали қилиш мумкин.

Харидорга нега маҳсулот шу нархда эканини тушунтириш жуда муҳим. Матоларимизнинг ўзига хослиги, дизайнернинг ғоясини визуал чиройли образлар, яхши пиар стратегияси билан етказиш мумкин.

Тажрибамга таяниб айтсам, ҳар бир fashion стартапнинг муваффақияти биринчи ўринда сифатли маҳсулот бўлса, ҳудди шундай аҳамиятли ўринда тўғри коммуникация туради. Бу дегани ўзинг севиб яратган маҳсулотни чиройли қилиб тақдим қилиш қобилияти. Мунтазам равишда имиджни янгилаш ҳам муҳим. Ҳозирда бирон бренд у ҳақида миллениаллар, яъни 21 асрда вояга етган қатлам гапирсагина, у машҳур бўлади."

Адрасга нега Бэтмэн, Дарт Вейдер ва арвоҳ аралашди?

Ўзбек пахтаси: Саноатдан санъатга - Ўзбекистон Лондон мода либослар кўргазмасида

Мода оламини забт этаётган ёш ўзбек фотограф

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek