Ўзбекистон: Келажакда бизни бахтли кунлар кутяпти - Мирзиёевнинг кенжа куёви

Фото муаллифлик ҳуқуқи Instagram / @otabek_muhammadalievich

"Шуни аниқ биламанки, келажакда бизни бахтли кунлар кутяпти", деб ёзган 28 октябр куни рафиқасини тўйларининг 12 йиллиги билан табриклаган Ўзбекистон президентининг кенжа куёви Отабек Умаров ўзининг Instagram саҳифасида.

"Мафтункор куз ойларининг бирида тақдирларимизни ўн икки йил аввал бирлаштирган бир кун бор. Шаҳарлар, давлатлар, иш сафарлари орамиздаги масофани узоқлаштирса-да, кўнглимиз доимо яқин... Мен сизни севаман, сиз ила яшайман. Шуни аниқ биламанки, келажакда бизни бахтли кунлар кутяпти, чунки чин муҳаббат кун сайин мустаҳкамланиб боради", - деб ёзган Ўзбекистон президенти хавфсизлик хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров.⠀

Ўзбекистон: Отабек Умаров машҳур қилган Тесла қанча туради ва афзаллиги нимада?

Ўзбекистон: Тошкент ИИББси Тесла видеосини текширмоқда

Мирзиёевнинг куёви тонировка масаласига нуқта қўядими?

Ўзбекистон Триатлон федерацияси раиси ҳам бўлган Отабек Умаровнинг охирги постига 24 соатдан камроқ вақт мобайнида 100 мингдан кўп одам лайк босган.

Ўзбекистонликлар ва шоу-бизнес вакиллари президентнинг қизи ва куёвига эзгу тилаклар билдиришган.

Отабек Умаровнинг Instagramдаги фаолияти фақат оилавий саналар ва суратларни бўлишиш билан чекланмаган.

У икки кун аввал Жиззахда теримчи аёлни ҳақорат қилган фермерни жазолаганди.

"Ярамас жазосиз қолмайди! Бу масала билан шахсан шуғулланаман!" деб ёзган у Instagram саҳифасида.

Ўтган дам олиш кунлари ижтимоий тармоқларда пахта даласида бир йигитнинг, кўринишидан ўзидан катта аёл билан оғзаки жанжали акс этган видео тарқалганди.

Йигит аёлни "Чмо" бўлганингдан кейин пахта терасан-да", деб ҳақоратлайди.

Орадан бир неча соат ўтиб, Отабек Умаров яна бир пост қолдиради.

"Қўполлик қилган шахснинг кимлиги аниқланди. Кечирим сўраш одилона жазони таъминлашнинг биринчи қадами холос. Тез фурсатларда унга нисбатан қонунда белгиланган чора кўрилади", деб ёзади у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Instagram / @otabek_muhammadalievich

Бу пост ортидан фермернинг кечирим сўраб тургани акс этган видеони ўзи саҳифасида жойлаштиради.

Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликларнинг бир қисми юқори маратабали куёвнинг тезкор муносабатини олқишласа, айримлар бунинг ҳуқуқий жиҳатдан қанчалик тўғри экани борасида саволлар қўйишган.

Баъзи фойдаланувчилар Отабек Умаровнинг ҳодисага муносабати ўзига хос ва ўзбошимча жазолаш усуллари билан танилган Чеченистон президентни Рамзан Қодировнинг усулини ёдга солаётганидан ташвиш билдиришган.

Бундан аввал Умаров Ўзбекистондаги ҳайдовчилар ва жамоатчилик орасида фаол баҳсу мунозараларга сабаб бўлган тонировка масаласига ҳам аралашганди.

Унинг хавфсизлик масалаларини ҳал қилишда ва таъминлашда "тонировка" тўсиқ бўлолмаслиги айтилган пости ортидан ИИВ бу борадаги мавжуд тартибни юмшатган ва рухсат олиш учун белгиланган тўлов миқдорини бир неча баробарга камайтирган.

Юқори мартабали куёвлар

Шавкат Мирзиёевнинг ҳукуматда юқори лавозимларни эгаллаган икки қизи ва куёвлари ижтимоий тармоқларда фаол.

Уларнинг постлари ўзбекистонликлар учун президентнинг, одатда матбуот ва жамоатчилик назаридан яширин оилавий ҳаётига назар ташлаш имконини ҳам беради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Instagram / @otabek_muhammadalievich

Хусусан унинг тўнғич қизи, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарининг ўринбосари Саида Мирзиёева бундан аввал ўзининг Фэйсбук саҳифасида президентнинг ўчоқ бошида қўлбола ош дамлаётгани ва Мирзиёев ҳамда рафиқасининг Рамазон Ҳайитини нишонлаётгани акс этган суратларни эълон қилган.

Аммо таҳлилчиларга кўра, президент куёвларининг ижтимоий тармоқлардаги имиджи қизлариники қадар маъсум деб бўлмайди.

Шу йил июлида Отабек Умаров бошқарувидаги "Тесла" автомобили тунги вақтда Тошкент шаҳри кўчаларида юқори тезликда (тезлик соатига 201 километргача етган) ҳаракатланиши тасвирланган видео шов-шувга сабаб бўлганди.

Ҳодиса ортидан Отабек Умаров ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида қоидани бузгани учун ўз ихтиёри билан жарима тўлаганини маълум қилган.

"Қонун барча учун баробар!" деб ёзган президентнинг куёви.

Мустақил нашрлар ва ижтимоий тармоқларда Отабек Умаровнинг номи шу йил 6 агустида "Пушкин" кўчасида юз берган автоҳалокат муносабати билан ҳам тилга олинганди.

Аммо Умаров бу хабарларни тасдиқламаган, рад ҳам этмаган.

"Газета.уз" нашри ҳодиса 6 август куни тахминан 21:30 рўй бергани, хорижий автомобил ҳайдовчиси Ш. Ж. бошқарувни йўқотиб, иккита енгил автомобиль билан тўқнашгани ҳақида ёзган.

Хабарда айтилишича, шифохонага келтирилган Matiz ҳайдовчисининг аҳволи оғир бўлган ва жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social Media
Image caption Мирзиёевнинг тўнғич куёви Ойбек Турсунов ижтимоий тармоқларда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан тушган сурати орқали танилган

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Nissan GT-R35 автомобилининг олд қисми пачоқлангани кўринади.

Отабек Умаров бундан олдин айни русумдаги автомобил ëнида тушган суратини Instagram саҳифасида улашганди.

Мирзиёевнинг тўнғич куёви Ойбек Турсунов эса ижтимоий тармоқларда Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан тушган сурати орқали танилган.

2017 йил ноябрида Мирзиёевнинг тўнғич куёви билан тушган суратини Instagram саҳифасига жойлаган Россия минтақаларининг энг қудратили раҳбари Рамзан Қодиров Ойбек Турсуновни "ажойиб дўст ва биродар" деб атаган.

Ойбек Турсунов қайнотаси ҳокимиятга келганидан кўп ўтмай, Президент маъмурияти раҳбарининг ўринбосари лавозимини эгаллагани маълум.

Унинг отаси Ботир Турсунов эса шу йил бошида ДХХ раисининг ўринбосари этиб тайинлангани хабар қилинган.

Ботир Турсунов муқаддам ИИВ тизимида ишлаган, 2000-йилларда Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи бўлгани маълум.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ