Ўзбекистон: Одамларни ариққа тушириш ҳодисасида танилган Зойир Мирзаев Қашқадарёга ҳоким бўлди

Зойир Мирзаев Фото муаллифлик ҳуқуқи Social Media

Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Зойир Мирзаев Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Мирзаев бир йил олдин Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида олти кишини мажбуран сувга тушириш ҳодисасида танилганди.

Бош вазир Абдулла Арипов Мирзаев номзодини қўйишдан олдин залдаги журналистлар чиқариб юборилганлиги айтилмоқда.

26 октябр куни Бош вазир Абдулла Арипов иштирокида Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ўтди.

Унда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев билан бирга Солиқ, ИИБ раҳбарлари ҳамда вилоят прокурори ишдан олинди.

Қашқадарё вилоят ахборот хизматининг хабар беришича, Қашқадарё вилоят ҳокимининг 2 нафар ўринбосари ҳам вазифасидан озод этилди.

"Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуррам Джўраев ва ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Ражабов бошқа ишга ўтиши муносабати билан вазифасидан озод этилди", дейди ҳокимлик матбуот котиби Ахрор Содиқов.

Шунингдек, Қарши шаҳри, Чироқчи ва Миришкор туманлари ҳокимлари масъулиятсизлиги сабаб, шунингдек, Китоб туман ҳокими соғлиги ёмонлашганлиги сабаб ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилди.

NasafNews нашрининг ёзишича, Бош вазир Абдулла Арипов сўзга чиққач залда ўтирган журналистлар чиқариб юборилган.

"Вилоятнинг бўшатилиши кутилаётган 4 та раҳбари эса йиғилишда иштирок этмаяпти. Тадбирда Бош вазир Абдулла Арипов сўз олгач, залдаги ОАВ ходимлари чиқариб юборилган", деб ёзди nnews.uz.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Зойир Мирзаев бир йил олдин одамларни ариққа тушириш ҳодисасида танилган

Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Зойир Мирзаев ариқ ҳодисасидан сўнг Президент фармони билан Бош вазир ўринбосари лавозимидан озод қилинганди.

Хабарда айтилишича, президент фармонида Зоир Мирзаев "ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис" ишидан олинганди.

Фармонда Мирзаевнинг айнан Оққўрғонда фермер ва маҳаллий расмийларни сувга туширишга мажбурлагани учун ишдан четлатилгани айтилмаса-да, президент матбуот хизмати мажбурий меҳнатни қоралади.

"...кейинги йилларда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинди, зарур чора-тадбирлар кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида фармойиш қабул қилди", - дейилганди хабарда.

Орадан икки ҳафта ўтмасдан Зойир Мирзаев Жиззах вилоят Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланганди.

Ариқдаги сурат

Пахта даласи ёнидаги ариққа тушиб турган олти нафар кишининг сурати 27 октябрь куни ижтимоий-мулоқот тармоқларида кенг тарқалганди.

Суратдагилар аксариятининг ўрта ёшларда экани, ораларида сочига оқ оралаб қолган кишининг ҳам борлиги кўринган. Улардан айримларининг қўлларида дафтар-қоғоз кўзга ташланади.

Барчаларининг қўллари қовушган, нигоҳлари анчайин ерга қадалган, шимларининг пойчалари шимарилмаган. Худди шу аҳволда тўлиб оқаётган ариқ ичида тик ҳолатда турган қиёфада аксланган.

Kun.uz берган ахборотга кўра, ариқ сувига оёқ тиққан кишилар Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари - Шерзод Муродов, Туман сув хўжалиги бошлиғи - Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи - Шароф Аҳмедов, "Озод" МФЙнинг оқсоқоли - Зокир Мусабеков, "Мавлонбой ота" фермер хўжалигини раҳбари - Аброр Мавлонов, "Абдуносир" фермер хўжалиги раҳбари (исми Носир) бўлиб чиқди.

Шерзод Муродовнинг Kun.uz'а айтишича, воқеага Зоир Мирзаевнинг алоқаси йўқ, аксинча унинг ўзи ғаллага сув қўйилмаганини аниқлаган ва жаҳл устида оёқ кийим билан сувга тушган.

"Мана сув бор-ку, деб, жаҳл устида сувга тушдим. Фермерга сувни кўрсатмоқчи эдим. Мен уларни сувга туширмадим. Уларнинг ўзи тушди. "Ариқда сув йўқ", дейилганди. "Мана бор", деб тушгандим, улар ҳам эргашиб тушди. Сувда кўп турмадик, бир дақиқа атрофида бўлдик", дея кўрсатма берган Шерзод Муродов.

Бош вазир: Зойир Мирзаев Президент сиёсатига қарши

Бундан қарийб бир йил олдин Бош вазир Абдулла Арипов ўринбосари Зойир Мирзаевнинг ишдан олиниш ҳолатини изоҳларкан уни Президент сиёсатига қарши деганди.

"Шахсан мен учун бу жуда ноқулай ва уятли ҳолат. Чунки менинг ўринбосарим президентимиз олиб бораётган сиёсатга қарши иш қилди. Мана шу ҳолат 25 октябрь куни юз берган бўлса, юртбошимиз Зойир Мирзаевни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорни 27 октябрда қабул қилди. Бироқ конституцияга мувофиқ, шанба ва якшанба кунлари ҳеч қандай қарор ва фармонлар қабул қилинмайди. Шунинг учун биз бу қарорни бугун эълон қилдик.

Мирзаев бош вазир ўринбосарлигига кўчадан келиб қолган эмас. У узоқ йиллар Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани ҳокими, кейинроқ республикадаги энг салмоқли вилоятлардан бири Самарқанд вилояти ҳокими, кейинчалик қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб фаолият юритган.

Шунча халққа хизмат қилган, давлат ташкилотларида меҳнат қилган бўлса-да, Президентимиз уни бу қилмиши учун кечирмади. 'Қонун барчага баробар, жазо муқаррар', деб айтдилар", дея 2018 йилнинг 29 октябр куни Бош вазирдан иқтибос келтирган дарё.уз сайти.

Мирзаев ишдан олинганидан роппа-роса бир йил ўтиб Ўзбекистоннинг энг йирик вилоятларидан Қашқадарё ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Бир йил олдин Мирзаев ҳақида юқоридаги гапларни айтган Бош вазир Абдулла Арипов уни вилоят ҳокими вазифасига тайинлашда шахсан иштирок этган.

Бироқ Бош вазир бу сафар нима дегани номаълум. Чунки NasafNews нашрининг ёзишича, Арипов сўзга чиққан вақти залдаги журналистлар ташқарига чиқариб юборилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek