Қашқадарёликлар резина этик олиб қўйиши керакми - Зойир Мирзаевнинг ҳоким бўлишини қандай қаршиланди?

ариқ Фото муаллифлик ҳуқуқи Socila media

Бош вазир Абдулла Арипов 26 октябр куни Зойир Мирзаевни Қашқадарё ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлади. Бир йил олдин Арипов Мирзаевни Президент сиёсатига қарши иш олиб боришда айблаганди.

Ижтимоий тармоқдагилар Оққўрғон туманида одамларни сув тўла ариққа туширишда танилган Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Қашқадарё вилоятига ҳоким бўлишини ҳазил, норозилик ва ҳамдардлик билан қарши олди.

Бундан қарийб бир йил олдин Бош вазир Абдулла Арипов одамларни ариққа туширган ўринбосари Зойир Мирзаев ҳақида шундай деганди:

"Шахсан мен учун бу жуда ноқулай ва уятли ҳолат. Чунки менинг ўринбосарим президентимиз олиб бораётган сиёсатга қарши иш қилди. Мана шу ҳолат 25 октябрь куни юз берган бўлса, юртбошимиз Зойир Мирзаевни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорни 27 октябрда қабул қилди. Бироқ конституцияга мувофиқ, шанба ва якшанба кунлари ҳеч қандай қарор ва фармонлар қабул қилинмайди. Шунинг учун биз бу қарорни бугун эълон қилдик.

Мирзаев Бош вазир ўринбосарлигига келганига қадар узоқ йиллар Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани ҳокими, кейинроқ республикадаги энг салмоқли вилоятлардан бири Самарқанд вилояти ҳокими, кейинчалик қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб фаолият юритган.

Шунча халққа хизмат қилган, давлат ташкилотларида меҳнат қилган бўлса-да, Президентимиз уни бу қилмиши учун кечирмади.

'Қонун барчага баробар, жазо муқаррар', деб айтдилар", дея 2018 йилнинг 29 октябр куни Бош вазирдан иқтибос келтирган дарё.уз сайти.

Бир йил олдин Мирзаев ҳақида юқоридаги гапларни айтган Бош вазир Абдулла Арипов уни вилоят ҳокими вазифасига тайинлашда шахсан иштирок этган.

Бироқ Бош вазир бу сафар нима дегани номаълум. Чунки NasafNews нашрининг ёзишича, Арипов сўзга чиққан вақти залдаги журналистлар ташқарига чиқариб юборилган.

Ижтимоий тармоқда нима гап?

"Айтишларича, қашқадарёликлар вилоятдаги барча ариқларни кўмиб ташлашяпти эмиш. Далада биронтаям йирик кесак қолмапти экан. Барини майдалаб, ариқларни тўлдиришибди, азаматлар", дея киноя қилади Ibn Ma'ruf.

Ne'matulloh Zarkentiy Қашқадарёда резина этик бозори чаққон бўлади, дея шаъма қилган.

Maruf Jamaloff бунинг ҳаммаси ҳукуматда кадрлар етишмаслигидан дарак беришини урғулади.

"Қўядиган бошқа одам йўқ, кадрлар йўқ", дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gazeta.uz
Image caption Зойир Мирзаев бунгача Шароф Рашидов тумани ҳокими эди

"Чалинг қарсакни муҳтарамга. Роппа роса бир йил олдин 29 Октябрь куни ишдан олинган эди. Бош Вазир буни Президент сиёсатига ҳиёнат қилган одам деб атади. Бугун эса президентга ҳиёнат қилган одам яна ҳукуматда. Баракалла жаноб Мирзиеёв", дейди Жахонгир Усманов.

Илхомжон Хайдаров мулозимлар бир марта узр сўраш билан жазодан озод бўлиб қолаётганига эътибор қаратган.

"Битта кечирим олам гулистон, лекин бу ҳокимлар ва амалдорлар учун амал қилади. Оддий халк битта семичка пўчоғини уғирласами, давлат хоини ва конституцион хукуматимизни тўнтаришда айбланиб 15 йилга курортга", дейди у.

Ravshan Khusanev эса ҳозир халқнинг дунёқараши ўзгаргани ва зулм қилувчи амалдорларга нисбатан ортиқ тоқат қилмаслигини айтади.

"Агар халққа маъқул келса ишлайверади, халқни оёқ учида кўрсатиб ўзидан кетса 1 кун ҳам ишламайди, бу халқ олдинги халқ эмас, ҳамма ўзгарди замон кўтармайди, қийнаш керак бўлса, ҳокимлик ходимларини қийнасин, кучини ходимларига кўрсатсин, халққа эмас".

"Бу хабарни эшитиб мийиғимда кулиб қўйдим. Бу кулги шунчаки кулги эмас, нафрат кулгиси", дейди Sohib Boltabaev .

Зойир Мирзаевни оқлаганлар ҳам бор.

"Умуман олганда у вилоят (Самарқанд, таҳр) ҳокими бўлганида яхши раҳбар бўлганди", дейди Шахноза Мулладжанова.

"Яхши инсон компромат қурбони. Самарқандни Яхши оқибатли бир бандаси", дейди Zafar Mardonov.

Maruf Jamaloff унга: "компромат қурбони"??? "Туҳмат қурбони" демоқчимасмидиз? Уни компрометирующий қиладиган иш қилганки, унга компромат бор", дея жавоб берди.

Эрдон Эсанов эса Зойир Мирзаев малакали кадр дея таърифлайди.

"Мен у киши билан шахсан бир неча бор гаплашганман. Оққўрғондаги масалани биз билмаган ҳакикатлари бор деб ўйлайман , иншо Оллоҳ ҳали очиқланса керак. У киши маданиятли, адолатли раҳбарлардан бири. Келажакда куп яхшиликлари хакида эшитамиз Худо хоҳласа".

Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Зойир Мирзаев ариқ ҳодисасидан сўнг Президент фармони билан Бош вазир ўринбосари лавозимидан озод қилинганди.

Хабарда айтилишича, президент фармонида Зоир Мирзаев "ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис" ишидан олинганди.

Фармонда Мирзаевнинг айнан Оққўрғонда фермер ва маҳаллий расмийларни сувга туширишга мажбурлагани учун ишдан четлатилгани айтилмаса-да, президент матбуот хизмати мажбурий меҳнатни қоралади.

"...кейинги йилларда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинди, зарур чора-тадбирлар кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида фармойиш қабул қилди", - дейилганди хабарда.

Орадан икки ҳафта ўтмасдан Зойир Мирзаев Жиззах вилоят Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланганди.

Ариқдаги сурат

Пахта даласи ёнидаги ариққа тушиб турган олти нафар кишининг сурати 27 октябрь куни ижтимоий-мулоқот тармоқларида кенг тарқалганди.

Суратдагилар аксариятининг ўрта ёшларда экани, ораларида сочига оқ оралаб қолган кишининг ҳам борлиги кўринган. Улардан айримларининг қўлларида дафтар-қоғоз кўзга ташланади.

Барчаларининг қўллари қовушган, нигоҳлари анчайин ерга қадалган, шимларининг пойчалари шимарилмаган. Худди шу аҳволда тўлиб оқаётган ариқ ичида тик ҳолатда турган қиёфада аксланган.

Kun.uz берган ахборотга кўра, ариқ сувига оёқ тиққан кишилар Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари - Шерзод Муродов, Туман сув хўжалиги бошлиғи - Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи - Шароф Аҳмедов, "Озод" МФЙнинг оқсоқоли - Зокир Мусабеков, "Мавлонбой ота" фермер хўжалигини раҳбари - Аброр Мавлонов, "Абдуносир" фермер хўжалиги раҳбари (исми Носир) бўлиб чиқди.

Шерзод Муродовнинг Kun.uz'а айтишича, воқеага Зоир Мирзаевнинг алоқаси йўқ, аксинча унинг ўзи ғаллага сув қўйилмаганини аниқлаган ва жаҳл устида оёқ кийим билан сувга тушган.

"Мана сув бор-ку, деб, жаҳл устида сувга тушдим. Фермерга сувни кўрсатмоқчи эдим. Мен уларни сувга туширмадим. Уларнинг ўзи тушди. "Ариқда сув йўқ", дейилганди. "Мана бор", деб тушгандим, улар ҳам эргашиб тушди. Сувда кўп турмадик, бир дақиқа атрофида бўлдик", дея кўрсатма берган Шерзод Муродов.

Бош вазир: Зойир Мирзаев Президент сиёсатига қарши

Бундан қарийб бир йил олдин Бош вазир Абдулла Арипов ўринбосари Зойир Мирзаевнинг ишдан олиниш ҳолатини изоҳларкан уни Президент сиёсатига қарши деганди.

"Шахсан мен учун бу жуда ноқулай ва уятли ҳолат. Чунки менинг ўринбосарим президентимиз олиб бораётган сиёсатга қарши иш қилди. Мана шу ҳолат 25 октябрь куни юз берган бўлса, юртбошимиз Зойир Мирзаевни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорни 27 октябрда қабул қилди. Бироқ конституцияга мувофиқ, шанба ва якшанба кунлари ҳеч қандай қарор ва фармонлар қабул қилинмайди. Шунинг учун биз бу қарорни бугун эълон қилдик.

Мирзаев бош вазир ўринбосарлигига кўчадан келиб қолган эмас. У узоқ йиллар Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани ҳокими, кейинроқ республикадаги энг салмоқли вилоятлардан бири Самарқанд вилояти ҳокими, кейинчалик қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб фаолият юритган.

Шунча халққа хизмат қилган, давлат ташкилотларида меҳнат қилган бўлса-да, Президентимиз уни бу қилмиши учун кечирмади. 'Қонун барчага баробар, жазо муқаррар', деб айтдилар", дея 2018 йилнинг 29 октябр куни Бош вазирдан иқтибос келтирган дарё.уз сайти.

Мирзаев ишдан олинганидан роппа-роса бир йил ўтиб Ўзбекистоннинг энг йирик вилоятларидан Қашқадарё ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Бир йил олдин Мирзаев ҳақида юқоридаги гапларни айтган Бош вазир Абдулла Арипов уни вилоят ҳокими вазифасига тайинлашда шахсан иштирок этган.

Бироқ Бош вазир бу сафар нима дегани номаълум. Чунки NasafNews нашрининг ёзишича, Арипов сўзга чиққан вақти залдаги журналистлар ташқарига чиқариб юборилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek