Ўзбеклар: Президент йўқ деса ҳам, айтганимизни қиламиз

Ўзбеклар Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Ўзбеклар: Президент йўқ деса ҳам, айтганимизни қиламиз - бу тупроқларда ўзбеклар борлигини бутун дунёга кўрсатамиз. Демократик жамиятда ҳар бир ишнинг уддасидан чиқиш мумкин. Буни ҳам эплаймиз.

Ўзбек тилининг мавқеини кўтариб, ҳатто, Ўзбекистон қилмаган ишни қиламиз. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда байрам қилинишига эришамиз.

Бу Ўзбекистонга девор-дармиён қўшни Афғонистондаги ўзбекларнинг режа, мақсад ва истак-хоҳишлари.

Афғонистон дунёнинг Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.

Узоқ йиллик урушлар сабаб, аҳолисини расман рўйхатга олиш имконсиз қолаётган эса-да, Афғонистондаги ўзбекларнинг сонлари миллионларга нисбат берилади.

Улар Афғонистон Президентига мурожаат этишмоқчи, миллий тил сифатида мамлакатда илк бор расман Ўзбек тили байрамининг таъсис қилиниши ва нишонланишига эришишмоқчи.

Ўзбеклар ва дунё: Давлат халқнинг додига етсин

Ўзбеклар ва дунё, темурийзодалар хавотирда: Ўзбек тилини унутиб қўймасак бўлди

Дунё ва ўзбеклар, Маржон Биби: Сабрим Худога, жабрим жабр қилганларга...

Дунё, Ўзбекистон ва ўзбеклар: Президент Ислом Каримовгача чиққанман, барибир қўрқув бор...

Кўп миллатли Афғонистонда ўзбек тили жорий пайтда учинчи расмий тил ҳисобланади. Мавқеи мамлакат конституциясида расман белгиланган тил бўлади.

Аммо бу иш фақат 2004 йилга келиб, маҳаллий ўзбек зиёлилари ва фаолларининг узоқ йиллик шикоятлари ва танқидлари ортидангина амалга ошган.

"Бунинг фойдаси - халқимиз шу орқали ўз аждодлари билан танишади. Ўз она тилининг миллий кунини билади. Ёшлар ва келажак авлод ўз буюкларини танийди. Бу тупроқларда, бу чегараларда ҳам ўзбеклар ва ўзбек тили борлигини бутун жаҳонга кўрсата оламиз", - дейди ташаббускор фаоллардан бири Каримуллаҳ Уйғоқ.

Куни-кеча Ўзбекистонда Ўзбек тилига расман давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги президент даражасида катта тантаналар билан нишонланган.

Шавкат Мирзиёев худди шу сана энди Ўзбекистонда Ўзбек тили байрами куни сифатида байрам қилинишини эълон қилган. Ўзбек тилининг мавқеини кўтариш тўғрисидаги махсус фармонга ҳам имзо чеккан.

Маълум бўлишича, буларнинг барчаси қўшни Афғонистондаги ўзбеклар қолиб, ҳатто, ҳукумати раҳбарини ҳам беэътибор қолдирмаган.

Афғонистон ижроий раисидан тортиб, зиёлилар ва ёшлар ижтимоий мулоқот тармоқларини ўзбекча ёзувдаги постларга тўлдиришган, Ўзбекистондаги мазкур санага ўз ҳурматлари ва қизиқишларини шу тариқа намойиш этишган.

Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош ва ўзбеклар зич яшовчи айрим вилоятларида эса, ёшлар аллақачон махсус плакатлар билан чиқиб, Афғонистонда Ўзбек тили кунинг байрам қилинишига қаратилган кампанияларини ҳам бошлаб юборишган.

Ўзбек тилининг мавқеи билан боғлиқ воқеаларнинг бу каби ривожи Афғонистон тарихида кузатилмагани билан ҳам аҳамиятга моликдир.

Афғонистондаги мухбиримиз Фазл Аҳмад Ёлғуз видеолавҳаси худди ана шу ташаббус ҳақида.

Сиз Афғонистондаги ўзбекларнинг бу режа ва мақсадларига нима дейсиз?

Афғонистон ва ўзбек тили

2017 йилда Афғонистон пойтахти Кобулда илк бор ўзбекча плакатлар пайдо бўлган.

Бу воқеълик Афғонистон тарихида кузатилмагани билан ҳам мамлакатда катта шов-шувга сабаб бўлган.

Ҳатто, Афғонистонда фаолият юритувчи халқаро ташкилотлар ҳам бу қадамни олқишлашган.

Афғонистон Миллий Таъминот идораси бунга ўхшаш ташаббус билан чиққан мамлакатдаги биринчи ташкилот бўлган.

Улар яқин келажакда ўз режаларини бутун Афғонистон бўйлаб тадбиқ этиш ниятида эканликларини айтишганди.

Афғонистон, ўзбеклар ва ўзбек тили мавзуси Президент Муҳаммад Ашраф Ғанининг худди ўша йили Тошкентга қилган расмий ташрифи чоғида алоҳида эътибор топган воқеъликлардан бирига айланган.

Афғонистон раҳбари пойтахт Тошкентда берган матбуот анжуман чоғида ўзбек тилининг мамлакатида тутган расмий мақомига алоҳида тўхталиб ўтган.

Ўзбекистондаги нутқларини асосан ўзбек тилида ирод қилган, мир Алишер Навоий ҳазратлари ижодидан икки шингилини ўзбек тилида ўқиб, президент Шавкат Мирзиёевнинг "раҳмат"ларию залга йиғилганларнинг олқишларига ҳам сазовор бўлганди.

Аммо бу ўзгаришлар аслида бошланғич қадамлар.

Чунки Афғонистон ўзбеклари бошқа ерлардаги миллатдошларидан фарқли тарзда сўнгги 2-3 асрда умуман бирон айтарли миллий ҳақ-ҳуқуққа эга эмасдилар.

Афғонистон ва ўзбеклар

Афғонистонда ўзбеклар мавқеи секин-аста ошиб бораётгани кўзга ташланади ва бу сўнгги ўн йиллик ўзгаришлари маҳсулидир.

Афғон ўзбеклари яқин тарихда кузатилмаган ҳуқуқларга эга бўла олдилар.

Ўзбек тили шимолда расмий мақом олди, мактабларда ўзбек тили ва адабиёти дарслари ўқитилмоқда.

Ўзбекчада матбуот ва телерадио барномалари бошланди, китоблар чиқмоқда, шаҳарларда Бобур, Амир Тимур ва Алишер Навоий номида боғлар, кўчалар ҳамда даҳалар пайдо бўлди.

Парламент вакиллари, давлат мулозимлари ва ё мамлакатнинг бадавлат ишбилармонлари орасида ўзбеклар сони тобора ортмоқда.

Ҳали ўтган асрнинг 70-йиллари Совет тадқиқотчилари Афғонистон аҳолиси 16 миллион бўлган бир пайтда, у ерда 2 миллионга яқин ўзбек яшайди, деб ёзишганди.

Бугун Афғонистон нуфузи 27 миллион дейилади, аммо ўзбеклар сони негадир бир ярим миллион, деб таъкидланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ