BBCUZBEK.COM матбуот шарҳи: Ўзбекистон партиялари уйғонмоқдами ва Бош вазирни уялтирган мулозимнинг қайтиши...

Сурат манбаси, Social media
Яна шу расм
Сиёсий партиялар Бош вазир лавозими учун қайси номзодни танлаганини маълум қилди, президент аҳоли учун қурилаётган уй-жойлар нархи ошиб кетмаслиги йўлида чоралар кўришга кўрсатма берди ва фермерларни ариққа тушириб қўйгани билан танилган Зоир Мирзаевнинг яна юқори лавозимга қайтиши одамлар норозилигига сабаб бўлди - ўзбек матбуоти ва ўзбек тилли фойдаланувчилар ўтган кунларда кунларда ана шундай мавзуларни ёзди ва муҳокама қилди.
Уйғонаётган партиялар
Маҳаллий матбуот Ўзбекистонда мавжуд беш партия яқинлашиб келаётган парламент сайловларидаги эҳтимолий ғалаба ортидан кимларнинг номзодини Бош вазир лавозимига илгари суришини очиқлагани ҳақида ёзмоқда.
Мамлакат қонунчилигига кўра, парламент сайловида энг кўп овоз олган партия Бош вазир лавозимига ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқига эга.
25 октябрь куни сиёсий партиялар, журналистлар ва жамоатчилик вакиллари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида Халқ Демократик Партияси (ХДП) Бош вазир лавозимига амалдаги Транспорт вазири ва Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов номзодини кўрсатишини маълум қилган эди.
Маҳаллий Кун.уз нашри Халқ демократик партияси томонидан очиқланган маълумот ортидан қолган тўртта сиёсий партия раҳбарлари билан ҳам боғлангани ва улар бўлажак сайловларда кўпроқ овоз тўплаган тақдирда Бош вазир лавозимига кимнинг номзодини илгари суришлари мумкинлиги билан қизиқиб кўргани ҳақида ёзмоқда.
Сиёсий партияларнинг Кун.уз нашрига берган жавобларидан мавжуд барча партиялар Бош вазирликка номзод масаласи юзасидан бир тўхтамга келиб бўлганини кўриш мумкин.
Хусусан, Адолат социал-демократик партияси ўзининг асосий номзоди сифатида амалдаги Адлия вазири Русланбек Давлетовни кўрсатиш ниятида эканини маълум қилган.
Бундан ташқари, номзодлар орасида Адолат партияси аъзолари бўлган Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов ҳам бор.
Ўзбекистон Либерал демократик партияси эса сайловларда кўп овозга эга бўлган тақдирда, амалдаги Бош вазир Абдулла Ариповга яна бир бор ишонч билдириб, унинг номзодини қайта ушбу лавозимга кўрсатишни хабар қилган.
Миллий тикланиш демократик партияси ҳам Бош вазир лавозими учун аллақачон икки номзодни танлаб бўлгани, аммо ҳозирча уларнинг номини очиқламасликни афзал кўраётганини маълум қилган.
Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Ўзбекистонда энг ёш сиёсий партия бўлмиш Экологик партия эса, бошқа сиёсий партиялардан фарқли ўлароқ, Бош вазирликка номзодларни таниқли шахслар орасидан танламай, балки номи омма орасида ҳали танилиб улгурмаган инсонларнинг бу лавозимни эгаллашини истаётганини билдирган.
Кун.уз нашрининг ёзишича, Экологик партия сайловда устунликни қўлга кирита олса, у ҳолда Ўзбекистон Бош вазири лавозимига "Ўзкимёсаноат" акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Одил Темиров, «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев ҳамда "Агромир гроуп" ассоциацияси директорлар кенгаши раиси Шавкат Жалолов каби шахслардан бирининг номзодини илгари суриши мумкин.
Парламент сайловлари олдидан сиёсий партияларнинг ўз номзоди номини очиқлаши ҳали кузатилмаган ҳол, дейиш мумкин. Сўнгги вақтларда маҳаллий матбуот сайлов олдидан сиёсий партияларнинг сезиларли фаоллашиб қолгани, улар уйғона бошлаётгани ҳақида ёзмоқда.
Бироқ блогерлар томонидан ўтказилган қатор норасмий ижтимоий сўровнома натижаларига назар ташланса, ўзбекистонликларда сиёсий партиялар ва холис сайловларга нисбатан ишончсизлик даражаси ҳануз юқори эканини англаш мумкин.
Президент Мирзиёев: "Уйлар нархини оширманг"
Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Арзон бўлмаган уйлар кўп...
Маҳаллий матбуотда пайдо бўлган хабарларга кўра, президент Шавкат Мирзиёев 28 октябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва ипотека бозорини ривожлантириш масаласига бағишланган мажлис ўтказган.
Матбуотнинг хабар қилишича, мажлисда президент Мирзиёев давлат дастурлари доирасида аҳолини турар-жой билан таъминлаш ишларига ажратилаётган маблағ ошаётганини (2016 йилдаги 4 триллион 330 миллиард сўмдан 2019 йилда 12 триллион 24 миллиард сўмга қадар) таъкидлаган бир пайтда, фуқароларнинг уй-жойга нисбатан эҳтиёжини таъминлашга давлатнинг қурби етмаслигини ҳам билвосита тан олган.
Жумладан, мажлис давомида ўзбекистонликларнинг уй-жойга бўлган талабини қондириш учун йилига 145 минг хонадондан иборат уйлар қурилиши ва бунинг учун 30 триллион сўм (мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 23 фоизи) талаб этилиши тилга олинган.
Президент Мирзиёев ҳукумат фақат уй-жой қуриш учун ЯИМнинг бунча қисмини ажрата олмаслиги ва бу муаммони ечишга хусусий секторни жалб этиш ишларини тезлаштириш лозимлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев уй-жойлар нархининг ошиб кетмаслиги ва ҳамёнбоп бўлишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўришга кўрсатма берган.
"Ариқмен"нинг қайтиши…
Сурат манбаси, gazeta.uz
Ўзбекистон матбуоти ва ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўтган кунлар ичида энг кўп муҳокама қилган мавзулардан бири - бу, шубҳасиз, фермерларни ариққа тушириб қўйиши ортидан жамоатчиликнинг кескин танқидига учраган Зоир Мирзаевнинг Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани бўлди.
26 октябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов Қашқадарёда мажлис ўтказиб, вилоятнинг юқори лавозимли амалдорларини ишдан олган ва собиқ ҳоким Зафар Рўзиев ўрнига Зоир Мирзаевни тайинлаган эди.
Шундан сўнг ўзбекистонликлар Абдулла Ариповнинг бундан бир йил муқаддам Зоир Мирзаев иши юзасидан айтганларини эсга олиб, ҳукуматнинг бу қарорини ҳазил ва танқидлар билан қарши олдилар.
Бундан қарийб бир йил олдин Бош вазир Абдулла Арипов Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида одамларни ариққа туширган ўз ўринбосари Зойир Мирзаевни бу қилмиши учун президент кечирмаслигини таъкидлаб, шундай деганди:
«Шахсан мен учун бу жуда ноқулай ва уятли ҳолат. Чунки менинг ўринбосарим президентимиз олиб бораётган сиёсатга қарши иш қилди. Мана шу ҳолат 25 октябрь куни юз берган бўлса, юртбошимиз Зойир Мирзаевни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорни 27 октябрда қабул қилди. Бироқ конституцияга мувофиқ, шанба ва якшанба кунлари ҳеч қандай қарор ва фармонлар қабул қилинмайди. Шунинг учун биз бу қарорни бугун эълон қилдик».
Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва таҳлилчилар халқ нафратига дучор бўлган амалдорларни юқори лавозимларга қайта олиб келиш фуқароларнинг ҳукуматга нисбатан ишончини сусайтириши мумкинлигидан огоҳлантиради.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek