Ўзбекистон: Болалар мактабда ҳар куни мадҳия айтишлари керакми?

Ўзбекистонлик футбол ишқибозлари Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги мамлакатдаги барча умумтаълим мактабларида жорий ўқув йилининг иккинчи чорагидан бошлаб дарс ва машғулотлар давлат мадҳиясини куйлашдан бошланишини маълум қилган.

Хабар қилинишича, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси бу ҳақда 14 октябрда қарор чиқарган.

Халқ таълими вазирлигига кўра, бу ўқувчиларда ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш мақсадида қилинмоқда.

Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Анвар Умаров Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда буни яна бир марта таъкидлади.

Айтиш жоизки, бунга қадар Ўзбекистон давлат мадҳияси фақат битта муассаса - қамоқхоналарда маҳбусларга мажбуран куйлаттирилган.

Бу маънода мадҳия бир нави қийноқ усули сифатида кўпчилик маҳбусларнинг ёдида қолган.

Шундан бўлса керак, Интернет ижтимоий тармоқларида айримлар мактабларда гимнни куйлаш хабарини салбий қабул қилдилар.

Аммо Ўзбекистон давлат мадҳиясини мактабларда мажбурий қилаётган биринчи давлат эмас.

Америка Қўшма Штатларининг давлат мактабларида ҳар куни эрталаб болалар гимнни ижро этишади, гарчи уни мажбур қилувчи федерал қонун бўлмаса ҳам.

Франция шу йилдан эътиборан ҳафтада икки соат давлат гимни дарсини жорий қилган.

Туркияда эса давлат мадҳияси таълим тизимнинг ажралмас бир қисми.

Биз айни мавзуни Тошкентдан журналист ва блогер Шаҳноза Соатова ҳамда Туркиянинг Кастамону шаҳридан блогер ва журналистика магистри Санжар Саид билан муҳокама қилдик.

"Мадҳияни ҳар куни куйлатиш ортида яхши ният борлигига ишонаман. Лекин бу давлат рамзи, тарбия воситаси эмас... Мактаб ўқувчиларига ҳам у аввал мажбурият, кейин малолга айланиш хавфи бор. Ўқувчилик пайтимиз мадҳия байрамларда қўйиларди, тўлқинланиб кетардик. Ҳар куни тўлқинланиб бўлмайди, ҳеч қандай қўшиқдан. Ҳатто болаларимизга аллани ҳар хил қилиб куйлаймиз-ку!", деб ёзди Шаҳноза Соатова.

"Ватанимиз мадҳиясини алоҳида бир кайфият билан куйлашимиз керак деб ўйлаганимдан" шундай фикр билдирдим, дейди журналист ва блогер Шаҳноза Соатова.

"Мен қандай тасаввур қилаяпман мадҳия куйлатилишини? Мадҳияни ёпиқ синфда, 30-40 бола, баъзи синфларда биламиз, 50 тагача бола ўқийдиган тор хонада айтишларига тўғри келади. Масалан, ҳали болалар жўровозликда куйлайдими-йўқми? Ва мадҳиямиз жудаям узун қўшиқ эканлигини биламиз. Болалар биз истаган туйғу билан, биз истаган кайфият билан мадҳиямизни ҳар куни куйлашга чидаб беролмайдилар. Вақт ўтиши билан аввал одатий, ҳислар сўнган одатий қўшиққа, кейин эса оғир бир юкка айланиб қолмайдими, деган фикрларим, истиҳолаларим бор", деди Шаҳноза Соатова.

"Менинг фикрим Шаҳноза опаникидан бироз фарқли. Чунки мен шахсан ўзим лицейда ўқиган вақтимизда қарийб 5 йил ёки 6 йил ҳар куни дарс бошланишидан аввал сафга туриб Ўзбекистон мадҳиясини ёддан айтардик. Бу биз учун ҳеч қачон оғир бўлмаган. Бундан ташқари, ёш болалар учун, мадҳиямизни ёдлаш жудаям осон", дейди блогер Санжар Саид.

"Туркияда жуда ҳам кўп гувоҳ бўлганман: мадҳия айтилаётган пайтда назаримда осмонда учиб кетаётган қуш ҳам тўхтаб қолгандек бўлади. Мадҳия айтилаётган жойга яқин бўлган нафақат пиёдалар, балки автомобиллар, автобуслар ҳам тўхтаб қолади. Буни туркияликлар ўзининг бурчи деб билади. Мактабларда эса ҳафтанинг бошида душанба куни эрталаб ва жума куни мактаб тугаганидан кейин мадҳия куйланади. Ва Туркия мадҳиясининг давомийлиги қисқа - бир ярим-икки дақиқа ва у бир куплетдан иборат. Шунинг учун мадҳияни куйлаш ва унга муносабат билдириш одамларга малол келмайди", деди Санжар Саид.

Дастур бошловчиси Паҳлавон Содиқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ