Ўзбекистон: Очликдан тортиб, ўт қўйишгача - радикал йўлдаги норозиликни қандай тўхтатиш мумкин?

нафосат Фото муаллифлик ҳуқуқи Sivas 24

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда очлик эълон қилиш, намойиш юришлари ва ҳатто ўт қўйиш каби норозилик билдиришнинг радикал кўринишлари тез-тез учраётгани кузатилмоқда. Таҳлилчилар бу - жамиятда ҳуқуқ тизими ҳали ҳам яхши ишламаслигидан дарак беришини айтишади.

Фарғона вилоятидан Маъмуржон Азизов ва Боқижон Остонақулов ҳамда уларнинг ҳамфикрлари 5 ноябр куни Тошкентда Вазирлар маҳкамаси ёнида намойиш қилишини маълум қилди.

Улар Фарғона вилоят прокуратура хизмати фаолиятидан норози бўлмоқда.

10 суткага қамалган блогер Нафосат Оллошкурова аввалроқ зулм ва адолатсизликдан норози бўлиб очлик эълон қилгани маълум бўлганди.

"Суднинг қароридан норозиман, зулмни тўхтатиш учун бошқа иложим йўқ", деган у.

Ушбу видеодан сўнг блогер мажбуран руҳий шифохонага ётқизилган.

Якшанба куни ярим тунда Илҳомжон Қосимов наманганлик тадбиркор Шавкат Юсуповга нисбатан матбуот орқали туҳмат қилингани учун очлик эълон қилганини маълум қилди.

Қосимовнинг тадбиркор Шавкат Юсупов яқинларига таяниб айтишича, Бош прокуратура тадбиркорни 2014 йили қамалди, деб туҳмат қилган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг Би-би-сига маълум қилишича, Шавкат Юсуповга нисбатан ҳақиқатдан ҳам 2014 йили жиноий иш очилиб 11 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Бош прокуратуранинг таъкидлашича, тадбиркорнинг оқланганлиги тўғрисида тарқатилаётган хабарлар ёлғон.

Би-би-сига тақдим қилинган Олий суд ҳужжатидан маълум бўлишича, Шавкат Юсупов амнистияга тушганлиги, келтирилган моддий зарарнинг 80 фоизини қоплагани, хасталиги ва ёшлигини инобатга олиб унга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шу йилнинг июн ойида Навоийдан журналист Дилдора Боймуродова ҳокимлик томонидан фаолиятига бўлаётган тўсқинликларга норозилик билдириб очлик эълон қилганди.

20 июлда яккабоғлиқ тадбиркор Баҳриддин Исомов экскаваторга миниб дўконини бузаётган ҳоким ўринбосари Мансур Тўймаевни бензин сепиб ёқиб юборди.

26 июл куни эса уйи бузилиб чайлаларда яшаётган ва товон пулларини ололмаган юзлаб хоразмликлар намойишга чиқди.

Лондондан таҳилчи Алишер Илҳомовнинг айтишича, суд тизими мустақил бўлмагани сабаб умидсиз одамлар норозиликнинг радикал усулларидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда.

"Бунинг барчаси ҳукумат зўравонлиги қурбонларининг юристлар хизматидан фойдаланиб, ҳаққини судда ҳимоя қила олиш механизмлари йўқлигидан келиб чиқмоқда. Мамлакатда ҳамон мустақил суд тизими йўқ. Амалдаги суд тизими ва ҳуқуқ механизмлари аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилишда самара бермаяпти. Бундай ҳолатларда улар бошқа муқобил кўришмаётган бўлиши мумкин. Айниқса умидсизликка тушган вақтда очиқ ва оммавий равишда кўчага чиқишдан тортиб, ўт қўйишдек радикал ҳаракатларга боришяпти. Буларнинг ҳаммаси фақатгина ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун қилиняпти".

Таҳлилчи бунинг ечими мустақил суд тизимини яратиш эканлигини таъкидлайди.

"Шунинг учун ҳам ҳукумат биринчи навбатда ҳуқуқий механизмларнинг яратиш учун эътибор бериши керак. Судлар тепанинг кўрсатмаси, буюртма ёки телефон орқали берилган топшириқ билан ишлаши керак эмас. Балки ўзларининг вазифасини холислик билан бажариши лозим. Ўшанда бу каби норозилик ва шикоятлар ўзининг тинч оқимига тушиб олади. Ушбу можаролар судда кўриб чиқиш билан якунига етади. Халқда ушбу ҳуқуқий механизмлар ҳақиқатда ишлаши ҳамда уларнинг манфаати ва ҳақларини ҳимоя қила олишига умид ва ишоч бўлиши керак", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ