Тошкент ва сиёсат: Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фуқароларини нима қилиши керак?

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Тошкент ва сиёсат: Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фуқароларини нима қилиши керак? - Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон уларни Суриядан ортга қайтариши керак. Бу - давлатнинг ташқи обрўси, имижи ва халқнинг унга бўлган ишончи учун жуда муҳим. Ҳукумат бу каби жиддий масалада иккиланиши ёки сусткашликка йўл қўймаслиги керак.

Суриянинг курдлар назорати остидаги лагерларда сақланаётган россиялик маҳбусаларнинг яқинда Президент Путинга йўллаган аудиоилтижоси худди шу саволни яна кун тартибига олиб чиққан.

Ўнга яқин бу лагерларда Ўзбекистон фуқаролари дохил минглаб хорижий жангарилар ва улар аъзоларининг тутиб турилгани ишонилган.

Туркиянинг айнан шу курд кучларига қарши яқинда ўтказган йирик ҳарбий амалиёти бу тутқунларнинг тақдирларига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Орада курд кучларининг мазкур ҳарбий амалиётлар боис, лагерларни беназорат қолдиришгани, мингга яқин ИШИД собиқ жангариларининг қочиб қолишга муваффақ бўлишгани, айрим жамлоқларнинг буткул бўшаб қолганига оид хабарлар олинган.

Аммо ҳувиллаб қолгани айтилган бу лагерлардаги тутқунлар тақдирига ҳали-ҳануз буткул ойдинлик киритилмаган.

Таҳлилчи баҳоси: Мирзиёев Ислом Каримовдек йўл тутмайди - Тошкент ва сиёсат - BBC Uzbek

Туркия-Сурия: Ўзбекистон, президент Мирзиёев энди нима қилмоқчи?

Ўзбекистон ва Яқин Шарқ: ИШИД сўнгги қишлоғи олинди. Ўзбеклар қаерга кетди?

Ўзбекистон, расмий Тошкент ва Президент Мирзиёев эртасини ўйлаяптими?

Куни-кеча эса, Суриядан ораларида ўнлаб россиялик хотин-қиз ва болалар бўлган юздан ортиқ маҳбуснинг Сурияда бедарак кетишганига оид хабарлар ҳам олинган.

Улар айнан Суриянинг Курд кучлари назорати остидаги "Айн-Исса" жамлоғида тутиб турилишган.

Бундан бор-йўғи бир неча ҳафта олдин бу лагерда ИШИД жангариларининг оила аъзолари бўлган 13 мингга яқин киши сақлангани ишонилган.

Бу тутқунларнинг қанчаси Ўзбекистон фуқаролари бўлишганига оид бирор бир ишончли маълумот ҳали-ҳануз имконли эмас.

Энг сўнгги халқаро ҳисботларда Яқин Шарқда ИШИД сафларида жанг қилган ўзбекистонликлар сони 1.500 кишига нисбат берилган.

Қолган собиқ Шўро давлатларидан бўлганлари билан таққосланганда, улар россияликларидан кейин энг катта кўпчиликни ташкил этган.

Яқин Шарқ ва ўзбекистонликлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Расмий Тошкент шу йил илк бор Яқин Шарқдан ўз фуқароларини ортга, тинч ҳаётга қайтаришни бошлаган.

Бор-йўғи бир неча ойнинг ўзида Сурия ва Ироқдан деярли барчаси хотин-қиз ва болалар бўлган икки юздан ортиқ кишини олиб келган.

Аммо воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида Ўзбекистон томонининг ўзи Яқин Шарқда қолаётган фуқароларининг сонига ойдинлик киритгандек бўлган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов яна 3 мингга яқин ўзбекистонликни ортга қайтариш режасида эканликларини айтган.

Шу ой бошида Ироқдан олтмишдан ортиқ ўзбекистонликни ортга қайтариши манзарасида расмий Тошкент Яқин Шарқдаги бирор бир фуқаросини тақдирнинг измига топшириб қўймасликларини баён қилган.

Ўшанда янги Ўзбекистоннинг бу каби баёноти минтақадаги аксарият экспертларнинг диққат-эътиборларини ҳам ўзига жалб этмай қолмаганди.

Ўзбекистонни чорак асрдан ортиқроқ бошқарган ҳозирда марҳум Президент Ислом Каримов маъмурияти эса, бу каби ҳолатларга ўзининг ўта тоқатсиз муносабати билан танилганди.

Айнан янги Ўзбекистон Президенти шахсан ўзининг ташаббуси билан шу йил март ойида Суриядан ортга қайтарилган айрим ўзбекистонликлар эса, маҳаллий оммавий-ахборот воситалари билан суҳбатда ўзларининг айнан курд кучлари назорати остида бўлганликларини айтишган.

Ўшанда у ерда қолаётган ўзбекистонлик тақдирдошларининг сони ҳали "кўп" эканини айтишганди.

Аммо Туркиянинг кутилмаган ҳарбий амалиётлари билан боғлиқ Суриядаги воқеаларнинг янги ривожи манзарасида расмий Тошкентнинг бу хусусдаги мавқеи ноаён қолган.

Ўзбекистон ҳукумати ҳозирча у ердаги фуқаролари борасида бирор бир расмий баёнот билан чиқмаган.

Би-би-си Ўзбек хизматининг Суриядаги ўзбекистонликларнинг сўнгги тақдирларига ойдинлик киритиш уринишлари ҳам ҳозирча ўз самарасини бергани йўқ.

Хизмат боғланган Би-би-си Мониторинг жиҳодчилик бўйича етакчи эксперти Мина Ал-Ламийнинг айтишича, бу хусусдаги ишончли маълумотлар ҳали-ҳануз ўзларига имконсизлигича қолмоқда.

Маҳбуслар, қочоқлар ва масъуллар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

"РосБизнесКонсалтинг" хабарига кўра, Президентлари Путиндан кўмак сўраган Суриядаги россияликлар илтижоси бежавоб қолмайди.

Маълум бўлишича, масалага зудлик билан, таъбир жоиз, бу борада аллақачон "каттагина тажриба"га эга Чеченистон раҳбарияти қўшилган.

Бу ҳақда Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров матбуот воизи билдирган.

Унга кўра, чечен масъуллари аллақачон россиялик жангариларнинг Суриядаги лагерлардан қочган оила аъзоларини қайтариш ишларига киришиб кетишган.

Матбуот котиби ортга қайтишга ҳақли бўлган ҳар бир россиялик аёл ва боланинг олиб келинишини айтган.

Ўтган ҳафта бошида эса, Туркия ва Россия президентлари Сочида учрашиб, Суриядаги Курд кучлари ва Туркия ҳарбий амалиёти тақдирини ҳал қилишган.

Курдларга Туркия кириб борган 32 километрлик хавфсизлик ҳудудидан чиқиб кетишлари учун яна 150 соат муҳлат беришган.

Сурия билан ўзаро чегарани Туркия ва Россия ҳарбийлари биргаликда қўриқлашга келишиб олишган.

Путин янги режалари юзасидан битимга эришилган куннинг ўзидаёқ Сурия Президентига ҳам сим қоққан. Башар ал-Ассад ҳам бу келишувни маъқуллаган.

Россия Президенти Сочида қилган якуний баёнотида курдлар назорати остида бўлган собиқ ИШИД жангарилари масаласига ҳам тўхталган.

Аммо ўшанда ўзлари учун энг муҳими - уларнинг Туркия ҳарбий амалиётларидан фойдаланиб қолмасликлари бўлганини айтиш билан кифояланган.

Кўзда тутилаётган сафарбарлик доирасида курдлар қўлида бўлган маҳбуслар ва улар тутиб турилгани айтилган лагерлар тақдирига ойдинлик киритилмаган. Икки давлат президентларининг Сочида қилган якуний баёнотларида бу савол очиқланмаган.

Россия саноқли йилларнинг ичида Сурия масаласида яна ўйинчи давлатга айланган. Халқаро коалициялар баробарига ҳаво ҳужумларига қўшилган. Расмий Дамашқнинг минтақадаги асосий дастакловчисига айланган.

Бунинг сабабини Россия Президенти ўша пайтда айнан Яқин Шарқда тўрт мингдан ортиқ собиқ Шўро фуқароси жанг қилаётгани билан ҳам изоҳлаганди

АҚШ билан иттифоқчиликда Суриядаги ИШИД жангариларини мавҳ этган курд кучлари эса, Туркиянинг ҳарбий амалиётларига қадар дунё давлатлари ҳукуматларига мурожаат билан ҳам чиқишган.

Улардан ўз назоратлари остида бўлган фуқароларини ортга қайтаришларини сўрашганди.

Туркиянинг ҳарбий амалиётлари манзарасида эса, бу каби маҳбуслар тутиб турилган лагерларни ортиқ назорат қилишга имконсиз эканликларини маълум қилишганди.

Сўнгги амалиётлар натижасида бу лагерлардан аниқ қанча кишининг қочгани, улар қанчасининг собиқ ИШИД жангарилари экани ва қочоқларнинг бундан кейинги тақдирлари борасида аниқ маълумотлар ҳануз имконсизлигича қолмоқда.

Орада имконли бўлган хабарларда эса, бу рақамларнинг юздан бир неча юзгача нисбат берилаётганини кўриш мумкин бўлган.

Аммо шу рақамларнинг ўзиёқ халқаро ҳамжамият орасида эркинликдаги собиқ ИШИД жангариларининг қайта уюшишлари мумкинлигига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаганди.

Туркия томони нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PRESIDENTIAL PRESS OFFICE VIA REUTERS

Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бу каби хабарларнинг ёлғон эканини айтиб чиққан.

Бироқ курд маъмурияти ўз мавқеида собит қолган: лагерлар ортиқ қўриқланмаётганини айтганди.

Орада Суриядаги "Enab Baladi" ноҳукумат ташкилоти бу лагерларнинг бирида тутиб турилган франциялик маҳбус билан боғланишга муваффақ бўлган.

У эса, "Айн-Исса" мисолида Туркиянинг ҳарбий амалиётларига оид хабарни эшитиб, курдларнинг ўзлари лагердагиларни қочириб юборишганини айтган.

Бунинг ортидан, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги сўнгги ҳафталарнинг ўзида 236 та қочоқни тутишга муваффақ бўлганликларини маълум қилган.

Улардан айримларининг якуний тақдирларига Туркиянинг давлат телерадиокомпанияси ҳам қизиқиб қолган.

Асли турк бўлган собиқ маҳбусларнинг Туркиядаги ҳибсхоналарга олиб кетилишганини аниқлаган.

Туркия Ташқи ишлар вазирлиги эса, ораларида Россия фуқаролари ҳам бўлган хорижликларининг Суриянинг шимолий Ҳалаб шаҳридаги лагерларга жойлаштирилганини айтган. Ҳалаб жорий пайтда расмий Анқарага мойил кучларнинг назорати остида бўлади.

Вазирликка кўра, бу каби қайта қўлга олинган маҳбуслар биринчи навбатда Суриянинг Африн, Жераблус ва Эл-Бабдаги ҳибсхоналарига юборилишади.

Туркия Ташқи ишлар вазирлигига яқин Би-би-си манбаларига кўра, Суриядаги ўзларига мойил кучлар тез орада улар фуқаролари бўлган давлатлар ҳукуматлари билан мулоқотга чиқишади. Маҳбусларнинг якуний тақдири борасида музокарага киришишади.

Аммо Сурия шимолида қайта қўлга олинган хорижлик қочоқларнинг орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги маълум эмас, вазирликка яқин манба бу қадар тафсилотга берилмаган.

Туркия Суриядаги курд кучларига қарши ҳужумларини 10 октябрь куни бошлаган бўлса, ҳарбий амалиётлари кечаётган бир манзарада Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжон пойтахти Бокуда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан кўришган.

Бу учрашувнинг қанчалик илиқ ва дўстона кечгани ижтимоий мулоқот тармоқларида, таъбир жоиз, қўлма-қўл бўлиб кетган суратлардан кўрилган.

Аммо Туркий Кенгаш саммити теграсида кечган бу норасмий мулоқот чоғида Суриядаги Ўзбекистон фуқаролари масаласи кўтарилганми-йўқлиги саволи очиқ қолганди.

Эксперт баҳоси

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий эксперт Камолиддин Раббимов ҳам кейинги пайтда Суриядаги вазият қалтислашар экан, асли ўзбекистонлик аёллар ва болалар тақдири нима кечади, Ўзбекистон ҳукумати бу борада нима қилиши керак, деган савол кун тартибига чиққанини эътироф этади.

Таҳлилчига кўра, Сурияда қолаётган қолган фуқаролари масаласида ҳам Ўзбекистон ҳокимияти ортга қайтариш сиёсатини изчиллик билан давом этдириши керак.

Суҳбатдошимизга кўра, бу ерда алоҳида санаб ўтилиши мумкин бўлган учта муҳим нуқта бор ва улардан энг биринчиси инсон ҳуқуқлари масаласи бўлади.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ўз конституцияси, имзолаган халқаро келишувлар доирасида инсон ҳуқуқлари борасида жиддий мажбурият ва масъулиятлар олган.

Биринчи маъмурият даврида бу масъулиятлар инкор қилиб келинган эса-да, ҳокимият алмашганидан кейин мавжуд ҳолат ҳам ўзгаришларга юз тутган.

Янги ҳокимият, Президент Мирзиёев ўша пайтдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни танқид қилиб, ўзгаришлар лозим эканига оид мужда йўллаган.

"Демакки, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари қадриятларидан келиб чиқиб, авваламбор ўзининг фуқароларини, қаерда бўлишидан қатъиназар, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, уларнинг муаммоларини тан олиши, ўрганиши ва уларни ечиши мақсадга мувофиқ бўлиб қолаверади", - дейди таҳлилчи.

Камолиддин Раббимовга кўра, бугунги глобаллашув даври шундайки, бу муаммолар ўз-ўзидан ҳал бўлиб кетмайди.

Маълум бир муддатда улар йиғилиб, албатта давлатнинг глобал репутациясига салбий таъсир кўрсатади.

Таҳлилчининг тўхталишича, бу масалада иккинчи муҳим нуқта - айнан давлатнинг обрўйи, имижи, халқаро миқёсдаги репутацияси билан боғлиқ.

"Шундай экан, Ўзбекистон фуқаролари ва давлатчилиги билан боғлиқ қандай муаммолар бўлса, улар маълум бир муддатдан кейин давлатнинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларига салбий таъсир кўрсата бошлайди. Жумладан, инвестициялар, Ўзбекистон ўз олдига қўйган ислоҳотлар сиёсати ва умуман ижтимоий кайфиятга жиддий таъсир кўрсатади", - дейди у.

Шу ўринда суҳбатдошимизнинг алоҳида қайд этишича, Ўзбекистон ўзининг глобал имижини ўзгартиришга бел боғлаган экан, дунё ҳамжамиятига ўзининг обрў-эътиборига бефарқ эмаслигини билдирар экан, Ўзбекистон давлатчилиги билан олдинги маъмурият томонидан ҳосил қилинган муаммоларни тан олиши, уларни имкон қадар изчил ва тезлик билан ҳал қилиши йўлида сиёсат олиб бориши лозим.

"Демак, худди шу нуқтаи назардан ҳам, Ўзбекистоннинг ташқи дунёдаги фуқаролари муаммоларини тан олиши ва уларга ечим излаши давлат сиёсатининг жиддий бир йўналиши бўлиб қолиши керак".

Таҳлилчи наздидаги энг асосийси бўлган учинчи нуқта эса, давлатнинг ички сиёсатдаги легитимлиги, жамиятнинг, одамларнинг ҳокимиятга ишончи масаласи бўлади.

Унга кўра, ташқи дунё, айнан Сурия ва Ироқдаги фуқаролар Ўзбекистонга қайтарилган дастлабки икки ҳолатнинг ўзи бунга мисол бўлади.

Ўша пайтда ҳокимиятга бўлган ишонч даражаси мисоли кўрилмаган бир даражада ортди. Жамият ҳокимиятнинг самимийлиги ва ислоҳотларга жиддий бир даражада ишонч билдирди, дейди суҳбатдош.

Таҳлилчига кўра, шундай экан, легитимлик ва ҳокимиятга бўлган ишонч бу - жуда ҳам муҳим бир нуқта.

"Шу боис ҳам, Ўзбекистон ҳокимияти шу каби жиддий масалаларда иккиланиши ёки сусткашликка йўл қўйиши керак эмас".

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат тарихида "Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш"га оид фармонни қабул қилган биринчи президент бўлади.

Фармон имзоланиши ортидан кечган икки йилдан ортиқроқ вақт ичида Тошкентдан худди шу таснифга кириши гумон қилинган хориждаги беш ўзбекистонликнинг расман афв этилганига оид хабарлар олинган.

Шу йил июль ойида бу масалада келиб тушган яна 8 та мурожаат махсус ишчи гуруҳи томонидан ўрганилаётгани ҳам билдирилган.

Афғонистон ва Яқин Шарқда ўзбекистонликлар томонидан асос солинган ёки сафларида Ўзбекистон фуқаролари ҳам жанг қилувчи камида тўртта ўзбек жангари гуруҳи маълум.

Халқаро ҳарбий таҳлилчилар бу жангарилар умумий сонини бугунги кунда бир неча юзларга нисбат беришади. Аммо бу ҳақда аниқ ва ишончли маълумотлар йўқлигини ҳам алоҳида эътироф этишади.

Бу жангари гуруҳларнинг ҳали-ҳануз у ёки бу даражада фаол эканликлари кўрилади.

Кеча, пайшанба куни Яқин Шарқдаги ИШИД жангари гуруҳи ўз фаолияти тарихида илк бор лидери Абу Бакр ал-Бағдодий ўлдирилганини тасдиқлаган.

Гуруҳ унинг янги издоши ва халифи номини эълон қилган. Аммо Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший ҳақида кўп тафсилот бермаган. Асосан таниқли жиҳодчи эканини билдириш билан кифояланган.

Ғарб Яқин Шарқда ИШИД гуруҳининг буткул мавҳ этилганини шу йил март ойида расман эълон қилганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ